Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гуржистонга туристик сафар қиладиганлар учун тиббий суғурта полиси мажбурий бўлади
Гуржистоннинг “Туризм тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб Гуржистон ҳудудига туристик мақсадларда кирадиган барча чет эл фуқаролари амал қилувчи тиббий суғурта полисига эга бўлиши шарт.
Мамлакатнинг Бокудаги элчихонасига Гуржистон Ташқи ишлар вазирлигининг махсус нотаси келиб тушди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нотада қайд этилишича, 2026 йил 1 январдан эътиборан туристик мақсадларда Гуржистонга кирувчи барча чет эл фуқаролари бахтсиз ҳодисалардан суғурталашни ҳам ўз ичига олган, қоғоз ёки электрон шаклда расмийлаштирилган ҳамда гуржи ёки инглиз тилидаги амал қилувчи тиббий суғурта полисига эга бўлиши талаб этилади.
Суғурта полиси Гуржистондаги ёки хорижий суғурта компанияси томонидан берилиши мумкин. Бунда энг кам суғурта суммаси камида 30 минг гуржи ларисига (1 минг 154,88 АҚШ доллари) тенг бўлиши керак.
Суғурта полисида мажбурий тартибда қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:
- суғурта шартномаси томонлари;
- суғурталанган ҳудуд;
- суғурта предмети;
- суғурта қопламасининг бошланиш ва тугаш саналари;
- суғурталанган рисклар;
- суғурта суммаси миқдори (жавобгарлик лимитлари);
- суғурта мукофотининг миқдори, уни тўлаш жойи ва шартлари.
Полис туристнинг Гуржистон ҳудудида бўлган бутун даврини, шу жумладан кириш ва чиқиш саналарини ҳам қамраб олиши лозим.
Шу билан бирга, қуйидаги тоифадаги шахслар суғурта полиси мажбурий талаб этилишидан озод этилади:
- дипломатик ва махсус виза эгалари;
- дипломатик, хизмат, расмий ва махсус паспорт эгалари;
- дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган тузилмаларнинг аккредитация қилинган ходимлари ҳамда уларнинг аккредитация қилинган оила аъзолари;
- Гуржистонга кириши Гуржистоннинг халқаро шартномалари ва битимларига мувофиқ амалга ошириладиган шахслар;
- автомобилда халқаро юк ва йўловчи ташишни амалга оширувчи ҳайдовчилар.
Элчихона мазкур маълумотни Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда фуқароларга белгиланган тартибда етказиш, давлат чегарасини кесиб ўтишда эҳтимолий қийинчиликларнинг олдини олиш мақсадида суғурта полисини олдиндан расмийлаштиришни тавсия қилди.
Мавзуга оид
08:21 / 07.03.2026
ЕИ гуржистонлик дипломатлар учун визасиз режимни тўхтатди
11:17 / 10.02.2026
ЕИ илк бор учинчи давлатлар портларига санкция қўллашни кўриб чиқмоқда
23:16 / 12.01.2026
Гуржистоннинг собиқ бош вазири Гарибашвили беш йилга қамалди
10:30 / 29.12.2025