Ўзбекистон | 17:22 / 02.03.2022
14382
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда экобошқарма рухсати билан дарахтзор кесиб юборилди

Юнусобод тумани 8-квартал, халқ тилида “Юнусобод круги” деб номланадиган жойда 14 туп софора дарахти бир неча соат ичида кесиб ташланди. Тадбиркор дарахтларни кесиш учун Тошкент шаҳар экология бошқармасидан рухсат олган.

Бошқарма расмийси Kun.uz билан суҳбатда рухсат берилганига сабаб сифатида софора дарахти кесилиши тақиқланган дарахтлар рўйхатида йўқлигини айтмоқда.

Ўзбекистонда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига муддатсиз мораторий амал қилмоқда. Ҳукуматнинг 2020 йилдаги қарорида мораторий даврида кесилиши тақиқланган дарахт навлари (жами 78та) рўйхати тасдиқланган. Япон софораси, дарҳақиқат, рўйхатда йўқ.

Бироқ Тошкентда дарахтлар катта тезликда камайиб кетаётганини ҳисобга олсак, Тошкент шаҳар экобошқармаси бу ўринда 14та баланд-баланд дарахтни кесишга рухсат бериши эмас, балки ҳукумат қарорига қўшимча киритиш ташаббусини билдиришни сўраб Экоқўмитага мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бошқарманинг Биохилмахиллик бўлими бошлиғи Отабек Қосимовнинг сўзларига кўра, ҳар бир дарахт учун ўнтадан кўчат олиб бериш шарти эвазига тадбиркорга 14та софорани кесишга рухсат берилган. Шу ўринда, дарахтларнинг турлари ва қиймати борасида шаффофлик зарур. Кесилган дарахтлар жаримаси ва компенсация миқдори қандай асосда белгиланади? Оддий тил билан айтганда, дарахтимиз неча пул туради ўзи? Кесишга рухсат бериб, расман Экоқўм ғазнасига фалон сўм тушириб, чўнтакка фалон сўм уриш ҳолатлари йўқмикин? Шундай саволлар туғилмаслиги учун шаффофлик керак.

Президент кўп қаватли уйлар орасида, уларга яқин ҳудудларда қурилишлар бўлмаслигини айтади, Тошкентда қурилишлар бўлмайди, ташқарига чиқамиз энди, дейди. Яшилликка доир селекторлар ўтказиб, тегишли фармон ва қарорларни имзолайди, мораторийни муддатсиз жорий қилади, шундай паллада экобошқарма давлат раҳбари юритаётган сиёсатга терс иш қиладими? Кам қимматлими, қимматбаҳоми, қандай дарахт бўлмасин, кесилишига қарши курашиши лозим бўлган ташкилотдан шундай гаплар янграяптими? Дарахтнинг қийматидан қатъи назар, у салқин ва кислород беришда деярли бир хил-ку.

Экоқўмита матбуот котиби Бунёд Абдуллаев бу борада хизмат текшируви ўтказилиши мумкинлиги, қўмита бундай ишларга мутлақо қарши эканини баён қилди.

Юнусободдаги ҳолат қонунчиликдаги “лазейка”нинг кашф этилиши бўлиб, мораторийни айланиб ўтиш оммалашиб кетмаслиги зарур. Бунинг учун Экология қўмитаси мораторий даврида кесилиши тақиқланган дарахтлар рўйхатини кенгайтиришга эришиши керак. Шунингдек, қўмита ўз қуйи бўғинларига шундай ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги бўйича топшириқлар бериши мақсадга мувофиқ.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид