Ўзбекистон | 18:55 / 22.12.2021
102583
7 дақиқада ўқилади

“Дизайн” жамоаси тадбиркорнинг 30 минг долларини қайтармаяпти. Гуруҳ барча судларда ютқазган

“Дизайн” жамоасининг тўртлиги бир шахсни 30 минг долларга туширган. Ундирув билан МИБ шуғулланмоқда. Аммо ҳозирча натижа йўқ. Kun.uz воқеа тафсилотларини аниқлади.

Халқимиз кулгисевар. Сўнгги йилларда фаолияти юморга асосланган кўплаб жамоалар пайдо бўлаётгани, уларнинг концертлари ҳамиша гавжумлиги, турли платформаларда миллионлаб марта кўрилаётгани бунинг исботидир. Ҳар қандай машҳурлик пул келтириши мумкин, пул ортидан эса албатта қинғирликлар эҳтимоли ҳам туғилади.

Айнан шундай вазият бугунги кунда анча машҳур бўлган “Дизайн” жамоаси билан кузатилди. Хушчақчақ йигитлар суд қарорига бўйсунишга, ўзлари олган ва ишлатиб юборган 30 минг долларни тўлашга шошилишмаяпти.

Ҳаммасини бир бошдан бошлаймиз. Бугунги кунда “YouTube” видеоҳостинги ҳамманинг диққатини ўзига қаратиб олиш билан бирга, катта пул ишлаш имкониятини яратгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳазил-мутойиба қилувчи жамоалар концертдан ҳам кўра кўпроқ ана шу имконият орқали пул ишлашаётгани ҳам бор гап. Қолаверса, концертлар видеолари тарқалаверар экан, жамоа хизматига ҳам талаб ошаверади, у ёғи анъанавий тўй-томошалар дегандек...

Лекин қарийб икки йилдан бери давом этаётган карантин ҳолати турли томошаларни анча чеклаб қўйди. Жамоалар ҳам маълум вақт концерт бера олмай қолишди. Ана шундай кунларнинг бирида тадбиркор Салоҳиддин Саломов ва “Дизайн” жамоаси навбатдаги концертни alladin.tv платформасида онлайн тарзда ўтказишга келишиб оладилар.

Оғзаки келишув тузилади: унга кўра, “Дизайн” уюштирилган концерт учун Салоҳиддин Саломовдан 60 минг доллар оладиган бўлади. Концерт дастури Салоҳиддин Саломовга қарашли “ALADDIN-TM” МЧЖга тегишли платформада жойлаштирилиши, келадиган даромад (тушум) “ALADDIN-TM” МЧЖга 70 фоиз ва “Дизайн”нинг ҳуқуқий эгаси бўлган “DIZAYN PRO” МЧЖга эса 30 фоиз нисбатида тақсимланишига келишилади.

Иш бошланишидан олдин Салоҳиддин Саломов “Дизайн” жамоаси йигитлари – Дилшод Мусабеков, Қобил Каримбердиев, Абдураҳмон Мавлонов ва Саъдулла Фатхуллаевларга 30 минг долларни тилхат асосида беради.

Шу ерда диққат қаратиш зарур бўлган нуқта бор: бу тўртовлон ҳамма жойда “Дизайн” жамоасининг тимсоллари бўлишса-да, “DIZAYN PRO” МЧЖнинг расмий директори Д.Умурзаковдир. Яъни кейинчалик суд эътибор қилган жиҳат: бу йигитларда жамият номидан пул олиш ваколати бўлмаган. Шунингдек, олинган пуллар ҳам тегишли тартибда банкка кирим қилинмаган.

Шундай қилиб, 30 минг доллар берилади, “Дизайн” йигитлари концертга тайёргарликка киришадилар. Ғоя бир қарашда ажойиб эди – ҳамма карантинда зерикиб ўтирган бир пайтда, 2020 йил 20 декабрь куни “YouTube” орқали онлайн концерт дастурини намойиш қилиш режалаштирилган.

Аммо Салоҳиддин Саломов маълум сабабларга кўра тўловнинг иккинчи қисми – қолган 30 минг долларни бермайди. Томонлар ўртасида келишмовчилик келиб чиқади. Шу туфайли концерт эълон қилинган муддатда намойиш этилмайди. Орадан бир неча кун ўтиб, яъни 2020 йилнинг 29 декабрида бу концерт барибир “YouTube” орқали намойиш этилади. Фақат “Дизайн” жамоасининг ўзига тегишли саҳифада жойланади. Шу билан Салоҳиддин Саломов ва унга тегишли “ALADDIN-TM” амалда на пулсиз, на маҳсулотсиз қолади.

Бу ҳолат келишмовчиликларни анча жиддийлаштиради. Тортишувлар натижа бермагач, Салоҳиддин Саломов қизиқчи йигитлар устидан ички ишларга ариза беради. Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ “Дизайн” йигитлари ҳаракатида жиноят аломати йўқ деб топади ва даъвогарга маблағни ундириш бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Иш судгача боради, қатор маҳкамалардан кейин 2021 йил 7 май куни Тошкент шаҳри Учтепа туманлараро судида, судья Д.Ҳасанов раислигида ҳал қилувчи суд мажлиси бўлиб ўтади. Унда даъвогарнинг адвокати даъвони тасдиқлаб, ўтказилиши керак бўлган концертга чипталар сотилгани, реклама учун харажатлар қилингани, аммо концерт бўлмагани учун реклама харажатларига куйиш билан бирга чипталар пулини ҳам қайтариб беришга мажбур бўлинганини билдирган.

Жавобгарлар, Дилшод Мусабеков, Қобил Каримбердиев, Абдураҳмон Мавлонов, Саъдулла Фатхуллаев ва “DIZAYN PRO” МЧЖ директори Д.Умурзаковлар эса даъвони рад этишни сўрашади ҳамда даъвогар томонидан келишувдаги 60 минг доллар тўлиқ берилмагани, 30 минг доллар эса концертга тайёргарлик харажатларига сарфланганини, концертдан кейин ўзаро гаплашиб, келишганларига қарамай С.Саломов яна даъво қилаётганини билдиришади.

Суд томонларнинг важларини эшитганидан сўнг даъвогарнинг талабини қисман қондириш, кўрсатилган маблағ ва унинг маълум фоизи, давлат божини ҳисобга олган ҳолда 336 млн сўм пулни тўртовлондан ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб беради.

“Дизайн” жамоаси ҳам таслим бўлмайди. Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритишади. Аммо бу даргоҳда ҳам қизиқчиларнинг иши юришмайди ва 2021 йилнинг 3 августида судья Д.Абдуқаҳҳорова раислигида олдинги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарилади.

“Дизайн”чилар яна бўш келишни исташмади ва Олий судгача боришди. Кассация инстанциясида кўрилган иш 14 октябр кунги ажрим билан қуйи инстанция судлари қарорини ўз кучида қолдириш билан якун топди. Қизиқчиларнинг шикояти бу сафар ҳам рад қилинди.

Бир қарашда энди ҳаммаси тугагандек, сўз усталарининг пул тўлашдан бошқа иложлари қолмагандек эди. Қарорлар қонуний кучга киради, тегишли ҳужжатлар МИБга юборилади, МИБ эса ўз навбатида ижро иши қўзғатади.

Аммо энди ундирувчи мушкул муаммо қаршисида қолмоқда. Мана, суднинг қарори қонуний кучга кирганига ҳам бир неча ой бўлибдики, ҳали у бирор сўм маблағ ундира олгани йўқ. Ҳамма жойи рисоладагидек ҳужжат ундирувга ожизлик қиляпти.

Гап шундаки, МИБ вакиллари қизиқчи йигитларда пул йўқлигига “ишонишмоқда” ёки уларга тегишли мол-мулкка банд солиб, ундирувни тезлатишга ҳайиқишмоқда шекилли, иш бир жойда депсиниб турибди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 336 132 799 сўм ундириш бўйича ижро варақаси бюронинг тегишли ҳудудий туман бўлимларига юборилган.

Қарздорларнинг иккитасига Юнусобод ва яна икки нафарига Чилонзор туман МИБда ижро иши юритилмоқда.

Гуруҳ аъзоларининг барчасининг номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Номига расмийлаштирилган кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига нотариал ҳолатларни амалга оширолмаслик учун тақиқлар қўйилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Абдураҳмон Мавлоновнинг иш ҳақидан 50 фоизига қаратиш учун унинг иш жойига талабнома юборилган.

Қобил Каримбердиевнинг 2 та ва Дилшод Мусабековнинг 1 та автотранcпорт воситасига тақиқ қўйилган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид