Жамият | 23:33 / 16.10.2018
20135
3 дақиқада ўқилади

Фарғоналик тўрт қизнинг тўнғичи, 15 ёшли Мадинахон оғир буйрак хасталигига чалинган

Фарғона вилояти, Фарғона тумани, “Хонқиз” қишлоғида яшовчи Инатуллаевлар хонадонида тўртта қиз – Мадинабону, Моҳинур, Мухлиса ва Меҳригиёлар вояга етмоқда.

Бундан уч йил олдин 2015 йили тўнғич фарзанд Мадинабонунинг соғлигида салбий  ўзгаришлар рўй бера бошлади. Қизчанинг буйраги тинимсиз оғриши тўхтамагач,  танасида шишлар пайдо бўлганидан сўнг, ота-онаси Жаҳонгирбек ва Гулнозахонлар аввал туман, вилоят, сўнгра эса Тошкентдаги тиббиёт муассасаларига олиб бориб кўрсатишади. Мадинабонунинг ташхиси эса уйидагиларни қаттиқ ташвишга солиб қўйди.

Шифокорлар Мадинабонуга “Гломерулонефрит, нефротик формаси қўзғалган даври. Сурункали буйрак етишмовчилиги. Кам сийишлик ва бутун тана бўйлаб, шиш пайдо бўлиши”, деб ташхис қўйишади. Оддий тил билан айтганда қиз “буйрак қуриши” касаллигига чалинади.

Йиллар давомида даволаниш  ижтимоий ҳимояга муҳтож, тўрт нафар қиз тарбияланаётган оила учун катта қийинчиликлар туғдирди. Бемор қизнинг отаси ва онаси мавсумий ишлар билан шуғулланиб тирикчилик ўтказади. Оила бошлиғи моддий ёрдам сўраб, турли идораларга мурожаат қилган. Улардан келган ягона ёрдам, 6 ой давомида 14 ёшгача бўлган болалар учун бериладиган 150 минг сўмдан иборат нафақа пули бўлди.

Минг афсуски, Мадинабонуни даволатиш учун бир ойда 3 миллион маблағ кетяпти.

Улғайиб қолган қизнинг олдида, ота-онаси билан оғир касал эканлиги ҳақида суҳбатлашиш жуда қийин экан. Қиз ўзининг касали бу даражада оғир эканлигини билмайди. Онаси Гулнозахон: “Мадинабону, куннинг иссиқ кунларида мажоли етса ёнимиздаги 51-мактабнинг 9-синфига бориб туради. Синфдошларига беморлигини билдирмасликка уринади. Ўсмир ёшга етган. Туни билан йиғлаб чиққан кунлари бўляпти...”, - дея зорланди.

Бувиси ва бобоси Мадинабонуга яхши ният билан сеп йиғишни бошлаганини айтишди. Уларнинг ёнида водийнинг нуфузли шифокорлари билан боғланиб, қизнинг ташхиси ва таҳлилларини жўнатдик. Тиббиётчилар беморни пойтахтда даволаб, соғайтириб юбориш имкони борлигини айтишди. Фақат дори-дармонга яхшигина маблағ керак экан.

Мадинабонуга даволаниши ва дори-дармонлар харид қилиниши учун катта миқдорда маблағ зарур.

Биз барчадан қизнинг даволанишига баҳоли-қудрат кўмак кўрсатишни сўраб қоламиз. Савоб ишга биргаликда бош қўшайлик, азизлар. Орзулари бир жаҳон, руҳи ҳали жуда тетик бемор қизнинг ота-онаси ва яқинлари ҳам буни муштарийларимиздан ўтиниб сўрайди.

Қўшимча маълумотлар:

Пул ўтказмоқчи бўлганлар учун Мадинабонунинг дадаси Жаҳонгир Инатуллевнинг номига очилган пластик карточка:

Click/Payme: 8600 0417 1594 8379

Телефон рақам: (90) 166-27-78

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид