Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испанияда поездлар тўқнашуви тафсилотлари: қурбонлар сони ортмоқда
Бу мамлакатда сўнгги 13 йилдаги энг йирик темирйўл аварияси бўлди. Расмийлар буни «ўта ғалати» авария деб атади.
Susana Vera / Reuters / Scanpix / LETA
18 январ куни кечқурун Испания жанубидаги Кордова провинциясида иккита тезюрар поезд тўқнашиб кетди – Iryo компаниясининг Малагадан Мадридга қараб ҳаракатланган йўловчи поезди ҳамда Renfe компаниясининг Мадриддан Уэлва томон ҳаракатланган Alvia русумли поезд.
Авария Адамус шаҳарчаси яқинида рўй берган. El Pais нашрига кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 19:45 да Iryo поезди составининг охирги учта вагони релсдан чиқиб кетган ва параллел ўтган йўлни блоклаб қўйган, бу йўлдан шу вақтда қарама-қарши йўналишда Alvia поезди келаётганди. Alvia машинистига фавқулодда тормозни амалга ошириш учун вақт етмаган ва дастлабки иккита вагон баландлиги тахминан тўрт метрни ташкил этувчи темирйўл кўтармасидан пастга қулаган.
Сўнгги расмий маълумотларга кўра, авария оқибатида 39 киши ҳалок бўлган. Яна 152 киши жароҳат олган, шундан беш нафари ўта оғир аҳволда қолмоқда. Испания транспорт вазири Оскар Пуэнте қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Поездларда жами 480 га яқин киши бўлган.
Susana Vera / Reuters / Scanpix / LETA
Francisco J. Olmo / Europa Press / AP / Scanpix / LETA
Авария сабаблари ҳозирча номаълум; текширув ўтказиш учун мустақил комиссия тузилган. Вазир Пуэнте аварияни «жуда ғалати» деб атади, чунки бу ҳодиса йўлнинг 2025 йил майида янгиланган участкасида содир бўлди. Вагонлари издан чиқиб кетган Iryo поезди 2022 йилда фойдаланишга топширилган ва ҳодисадан тўрт кун олдин текширувдан ўтказилганди.
Бундан ташқари, йўлнинг поездлар тўқнашган қисми инсонлар хатосининг олдини олишга мўлжалланган хавфсизлик тизими билан жиҳозланган, қолаверса, икки поезд ҳам соатига 200 километр тезликда ҳаракатланган бўлса-да, белгиланган тезлик чегарасидан ошмаган, дея қайд этади Renfe компанияси президенти Алваро Фернандес Эредиа.
Manu Fernandez / AP / Scanpix / LETA
Пуэнте поездлар тўқнашувини «даҳшатли» ҳолат деб атади. Унинг сўзларига кўра, Alvia поездининг кўтармадан пастга қулаган вагонларида 53 киши бўлган. Ушбу поезд йўловчиларидан бири El Pais нашрига айтишича, авария пайтида у кучли силкинишни ҳис қилган, шундан сўнг поезд тўхтамагунча у ёқдан-бу ёққа чайқала бошлаган. У поезддан тушгач, биринчи вагон бутунлай вайрон бўлганига гувоҳ бўлган: «Одамлар ёрдамга чақиришарди ва биз уларни чиқариб олишга ҳаракат қилардик, лекин бу жуда қийин бўлди».
«Биз ниҳоят [учинчи вагондан] чиқиб олганимизда, биринчи ва иккинчи вагонлар жарликка тушиб кетганини кўрдик. Биз ёрдамга бордик, у ерда қўл-оёғи синганлар, ҳалок бўлганлар бор эди. Қутқарув хизматлари етиб келгунига қадар имкон қадар кўпроқ одамни қутқариб олдик», – дейди Alvia’нинг яна бир йўловчиси.
«Одамларнинг жароҳатлари жуда ва жуда оғир эди. Улар ёнгинамда эди, улар барибир жон беришини билиб турардим ва ҳеч нарса қила олмасдим», – дейди Iryo поезди йўловчиси.
Ana Beltran / Reuters / Scanpix / LETA
Мадрид ва Андалусия ўртасида тезюрар поездлар ҳаракати камида тўрт кунга тўхтатилган. Йўловчилар автобусларга йўналтирилмоқда. Адамусдаги спорт зали дала шифохонасига айлантирилган. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ва кўнгиллилар ишламоқда. Испания бош вазири Педро Санчес Давос иқтисодий форумидаги иштирокини бекор қилди. У Испания қироли ва қироличаси билан биргаликда Адамусга боради. Парламентда авария қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.
Андалусиядаги поездлар ҳалокати – мамлакат учун 2013 йилдан буён энг жиддий авария бўлди, ўшанда Галисиядаги Сантяго-де-Компостела бекатида Alvia поезди издан чиқиб кетганди. Натижада 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Мавзуга оид
13:49 / 31.03.2026
Испания Эрондаги урушда иштирок этаётган самолётлар учун осмонини ёпди
16:05 / 21.03.2026
Испания ёнилғига ҚҚСни деярли икки баробарга камайтиради
21:36 / 19.03.2026
2026 йилда дунёдаги энг гўзал жойлар эълон қилинди
15:44 / 19.03.2026