Ўзбекистон | 16:39 / 18.12.2024
5595
10 дақиқада ўқилади

«Яшаш ва севги санъатини ўрганса бўлади» — ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова уйидан фоторепортаж

Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий кўчасида ўтган асрда қурилган 2 қаватли уйлар бор. Улар орасида ўзбек ҳикоячилигининг йирик вакили Абдулла Қаҳҳор ва рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова уйи ҳам кўриниб туради. Қаҳҳор вафотидан кейин музейга айлантирилган бу уйда ёзувчининг болалик фотосуратларидан тортиб, умри охирида ишлатган кундалигигача кўриш мумкин.

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчаси биринчи муюлишида усти қизил, учбурчак томли бир-бирига ўхшаш 2 қаватли уйлар кўринади. Улар 20-асрнинг ўрталарида ўзбек адиблари, санъаткорларига тегишли бўлган. Ҳозир уйларнинг аксарида адибларнинг оила аъзолари яшаса, айримлари сотиб юборилган. Яна бир нечтаси эса уй-музейига айлантирилган. Шу қатордаги 26-уйда ўзбек адабиётида ҳикоя жанрининг отаси сифатида эътироф этиладиган Абдулла Қаҳҳор ва рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова 1958-1968 йилларда яшаган. Бу жой 1987 йилда Қаҳҳорова ташаббуси билан уй-музейига айлантирилган. «Кибриё Қаҳҳорова 1996 йилга қадар музейда илмий-ходим сифатида фаолият юритган. Беш мингдан зиёд буюмларни, нодир асарларни Кибриё опа шу қадар асраб-авайлаганки, кўрганингиздек, бугунги кунга келиб, экспонатлар унчалик даражада таъмирга муҳтож эмас », — дейди музей ходими Санобар Матлубова.

Абдулла Қаҳҳор уй музейи. Юнус Ражабий 26/1

Уй-музейига қараб турганда ўнг қўлда Абдулла Қаҳҳорнинг бюсти турибди. Ташқарига очиладиган жигаррангли ялтироқ эшикдан музейга кирилади. Бу эшик доим очиқ туради. Ундан кейинги панжарали эшик эса ичкаридан ёпилган. Ташриф буюрувчи келганидан кейин музей ходими эшикни очади. Уйга киришингиз билан эски буюмлар ҳиди димоғга урилади. Экспонатларни кўрмасдан ҳиднинг ўзиёқ ташриф буюрувчини ўтган асрга олиб боради.

Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Абдуқаҳҳор темирчи бўлган. Оила тирикчилик учун бир жойда муқим яшай олмай, турли қишлоқларда яшашга мажбур бўлган. Абдулланинг болалиги Яйпан, Нурсуҳ, Кудаш, Бувайда, Толлиқ, Олқор, Юлғунзор, Оққўрғон каби Қўқон атрофидаги қишлоқларда ўтган.

Даҳлиздан ўнг қўлдаги биринчи хонада Абдулла Қаҳҳорнинг болалиги, ота-онаси ва Қўқон шаҳрини эслатувчи фотосуратлар жойланган. 20-асрда темирчилар фойдаланган «дам» деб номланган асбоб музей экспонатлари орасидан жой олган. «Бир кун дадам мени дўконга олиб кетди ва «дам»га солди. Мен ҳар куни дадамга ўхшаб саҳарда бориб, хуфтонда қайтмасам ҳам, кун ёришганда бориб, қоронғи тушмасдан қайтар эдим. Кун бўйи «дам»нинг арқонини тортаман, қўйвораман, тортаман, тортаман, қўйвораман», – деб ёзган Абдулла Қаҳҳор «Ўтмишдан эртаклар» автобиографик романида.

Дам. Абдулла Қаҳҳор отаси даврида фойдаланилган темирчилик ускунаси

Қаҳҳорнинг онаси ишлатган «Зингер» тикув машинаси музейнинг яна бир ўзига хос экспонатларидан бири. Ёзувчи бу ҳақда ҳам ўзининг автобиографик романида гапириб берган. «Темирчи устанинг «Зингер» олгани дарров довруғ бўлиб кетди. Ўша замониёқ шу атрофдаги хотин-халаж уйимизга ёпирилиб киришди… Сал кунда дадам оғизга тушиб кетди. Дадам маҳаллада «Зингерли бой» деб ном чиқарди, мен буни болалардан ҳам эшитдим», – деб ёзган Қаҳҳор.

«Зингер» тикув машинаси. Абдулла Қаҳҳорнинг онаси ишлатган

Худди шу хонада ёзувчининг мактаб ва дорилфунунда ўқиган йиллари, яқин дўстлари, замондошлари билан тушган фотосуратлари йиғиб, галерея қилинган.

Ёзувчи бошланғич таълимни отаси Абдуқаҳҳор Жалилов ва онаси Роҳат аядан олган. 10 ёшида Бувайдадаги эски мактабда, кейин Оққўрғон мактабида қўқонлик Муҳаммаджон қорининг усули савтия мактабида ўқиган. «Менинг толейимга Мамажон қори деган очиқ фикрли бир одам янги усулдаги мактаб очган экан. Мактаб катта масжиднинг ташландиқ бир ҳужрасида бўлиб, болалар домланинг ўзи ясаган узун-узун парталарда ўтиришар эди. Муҳаммаджон қори қоғоз-қалам ва керакли китобларни шаҳардан келтириб, бизга ўз нархида сотар, болалардан ҳеч нарса талаб қилмас, қишлоқда ягона хат-саводли одам бўлгани учун мирзолик қилиб кун кўрар эди. Мен шу мактабда хат-саводимни чиқардим, ҳуснихат машқ қилдим», - деб ёзган ёзувчи.

1922-1924 йилларда у Қўқон педтехникумида ўқиган ва илк марта Пушкин, Гогол, Тургенев, Толстой асарлари билан танишган. «Билим юртида коллектив деб аталадиган болалар ташкилоти бўлиб, бунинг соғлиқни сақлаш, суд, кутубхона ва клуб ишлари, нашриёт бўлимлари бор эди. Шу бўлимларни бошқарган болаларнинг ҳаммаси катта бўлганида ўша йўлдан кетади. Мен фақат нашриёт бўлимига сайланиб, деворий газета чиқарар эдим», - деб ёзади у.

Абдулла Қаҳҳор 1926 йилда ишчилар факултетига ўқишга киради ва уни тугатиб, яна журналистик фаолият билан шуғулланади. У 1934 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг педагогика факултетида таҳсил олади.

«Ишчилар факултетида биринчи маротаба адабиёт назарияси билан танишдим. Илгари бўй баравар китоб ёзган жаҳон адабиёти классикалари номини эшитган эдим холос. Ишчилар факултетида эса уларнинг асарлари билан танишдим. Мен булардан айниқса Гогол, Тургенев ва Чеховга эргашиб, асар ёзишга жуда кўп уриниб кўрдим. Лекин буларга эргашиб асар ёзишга ҳали эрта бўлганидан ёзганларим фақат машқ бўлиб қолиб кетди. Лекин бу машқлар кейинчалик менга катта фойда берди. Ишчилар факултети мени ҳар жиҳатдан катта йўлга чиқариб қўйди», - деган адиб.

Ёзувчининг болаликдаги бош кийими

Ёзувчи фотосурат олишга жуда қизиққан. У барча саёҳатларида, ҳатто чет эл сафарларида ҳам ўзи билан доимо фотоаппарат олиб юрган. Музейдаги 50 фоиз суратлар Қаҳҳорнинг ўзи томонидан олинган.

Ёзувчининг фотоаппарати

Шунингдек, хонада Қаҳҳорнинг рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова учун алоҳида бурчак ажратилган. Унда аёлнинг буюмлари, рўмол, билагузук ва қўл сумкаси кабилар сақланади.

Кибриё Қаҳҳорованинг билагузуги
Кибриё Қаҳҳорованинг буюмлари

Кибриё Қаҳҳорова Абдулла Қаҳҳор билан 1945 йилда оила қуради, улар 27 йил бирга яшаган. Бу ҳақда ёзувчи, публицист Озод Шарафиддинов шундай ёзади: «1945 йилнинг авжи баҳор фаслида икки ажойиб инсон ўртасида янги оила пайдо бўлди ва бу икки инсон ўртасидаги муҳаббат шуъласи чорак аср давомида янги оиланинг ҳамма томонларини нурлантириб турди. Бу оиладаги файзбоплик, шойисталик, тотувлик нафақат Абдулла ака билан Кибриё опа қалбларини безаб турарди, балки бу хонадонга келадиган ҳар бир одам ундан баҳраманд бўлиб, кўнгли нурга тўлиб, ҳаяжонланиб чиқиб кетар эди. Уларнинг муҳаббати ҳам, чорак аср давом этган аҳил ва иноқ турмуши ҳам кўп жиҳатдан иборатки, ёшлар, албатта, бу икки инсондан яшаш ва севиш санъатини ҳар қанча ўрганса оз», - дейди Озод Шарафиддинов.

Асосий эшикдан, даҳлизга кирганда тўғрида меҳмонхона жойлашган. У ерда эътиборни тортадиган биринчи жиҳоз 7 кишилик думалоқ стол. Музей ходимининг тушунтиришича, Абдулла Қаҳҳор стол атрофида ҳамма тенг ўтириши, суҳбатдошлар бир-бирини аниқ кўриб туриши учун айлана столда овқатланишни хоҳлаган экан.

Хонада ўз даврига оид бўлган патефон, девор соат, телевизор ва бир қанча сувинерларни кўриш мумкин. Хонанинг чап бурчагида турган ором курсилар эса уй музейига алоҳида кўрк бериб турибди.

Меҳмонхонадан чиққанда ўнг қўлда ичкари ҳовлига олиб чиқадиган даҳлиз туради. Даҳлизда ёзувчининг мукофотлари, хориж саёҳатлари ва унга аталган совғалар экспозицияси тизилган.

Бу даҳлизнинг бир томони иккинчи қаватга олиб чиқади. Зиналардан кўтарилар экансиз, деворлар бўйлаб Қаҳҳор ёзган асарлар асосида тайёрланган кино ва саҳна асарларидан парчалар суратларини томоша қилиб борасиз.

Иккинчи қаватда асосий 2 хона эшиги бор. Чап қўлдаги эшикда ёзувчининг иш столи ва дарсхонаси жойлашган. Хонага кирибоқ икки деворни тутган китоблар билан лиқ тўла жавон эътиборингизни тортади. Музей ходимининг айтишича, бу ерда 4 мингга яқин китоб бўлиб, уларнинг ҳар бирини ёзувчи икки мартадан ўқиб чиққан.

Хонанинг ўртасида Қаҳҳорнинг иш столи жойлаштирилган, ундаги асосий детал ёзувчи фойдаланган ёзув машинкаси. Унинг рўпарасида ёзувчи дам олган диванини кўришингиз мумкин.

Кибриё Қаҳҳорова «Жомбой тонги» газетасига берган интервюсида Қаҳҳорнинг иш жараёнини шундай тасвирлайди: “У ҳар куни муаян вақт ёзув столида ўтирар, биров халақит бермасин, деб пастда юрардим. Эрталаб соат саккиздан, ўн иккигача иш шу зайл давом этади”, - деган Қаҳҳорова

Зинадан чиққанда тўғридаги хонада эса ёзувчининг ўзи ёзган асарлари ва таржималарининг илк нусхалари сақланади. Шунингдек, хона чап бурчагида Қаҳҳорнинг иш столи деворий макети ҳам жойлаштирилган.

Ёзувчининг «Қўшчинор чироқлари» (1951) романи ва «Синчалак» (1958), «Муҳаббат» (1968), «Ўтмишдан эртаклар» (1965) қиссалари, «Бошсиз одам», «Анор», «Бемор», «Даҳшат», «Ўғри», «Миллатчилар», «Санъаткор», «Адабиёт муаллими», «Ўжар» каби ҳикоялари ўзбек адабиётида янги нафас бўлиб тарихда қолди.

Зинадан пастга тушиб, даҳлиз орқали ичкари ҳовлига чиқилади. Ҳовлида ёзувчи эккан 1 асрлик хурмо дарахтини кўриш билан музейга ташриф тугайди.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид