


7 декабр Ўзбекистон Бош прокуратурасининг «Ўзбекистон прокуратураси тарих музейи»да қатағон қурбонларига бағишланган янги экспозицияларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда бош прокурор Ниғматилла Йўлдашев, прокуратура тизимининг фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.



Kun.uz мухбирининг хабар беришича, айни вақтда музейи кенгайтирилиб, унда қатағон қилинган прокуратура ходимларининг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган ноёб экспонатлар ҳам киритилган.
«Зотан, кўплаб миллат ва элатлар қатори бизнинг халқимиз ҳам яқин ўтмишдаги мустамлакачилик даврида содир этилган оммавий мудҳиш қатағонни илгари ҳеч қачон кўрмаган. 1937 – 1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг қурбони бўлган. Бу юртдошларимизнинг 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган.



Муҳтарам Президентимизнинг улар хотирасини абадийлаштиришга куюнчаклик билан ёндашаётганлари ҳам бежиз эмас. Зеро, бугун дунёнинг турли нуқталарида ўша даврларни қўмсайдиган гуруҳлар пайдо бўлмоқда, мустабид тузум услубларини идеаллаштиришга интилиш кучаймоқда.
Халқимиз, айниқса, ёшларимиз шаҳид кетган аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти мисолида ҳақиқатни англаб етмаса, бугунгидек эркин ҳаётнинг қадрини тўлиқ англамаслиги, турли фитналарнинг навбатдаги қурбони бўлиши мумкин», — деди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдашев.





































