Ўзбекистон | 22:28 / 21.04.2021
14102
5 дақиқада ўқилади

Қулфланган хонадаги болалар, пишмаган товуқ ва коррупция – МТВ Самарқанддаги боғчалар бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Cамарқанд вилоятидаги боғчалар фаолияти бўйича ўрганишлар ўтказилган. Ўрганиш натижаларини кеча, 20 апрел куни бўлиб ўтган брифингда вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева ўқиб эшиттирди.

Таъкидланишича, ўрганишларда боғчалардаги айрим тарбиячи-педагоглар хизмат вазифасини тўлиқ билмаслиги, овқатлантириш меъёрларига риоя этилмаётгани, таълим-тарбия жараёнлари яхши йўлга қўйилмагани, болаларни йўлланмалар асосида мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилишдаги хато ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган.

«Жумладан, Самарқанд шаҳар 58-сонли ДМТТда карантин талабларига риоя этилмаган ҳолда иш фаолияти олиб борилмоқда.

Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида (OpenEmis) ташкилотда тарбияланувчилар сони 186 нафар, навбатда турганлар сони 160 нафар бўлса-да, ташкилот директори томонидан тарбияланувчилар сони 141 нафар экани тўғрисида маълумот тақдим этилди.

Болаларни МТМга қабул қилиш бўйича йўлланмалар сайланма тарзда ўрганилганда, тарбияланувчилар ташкилот директори томонидан белгиланган талабларга зид равишда қабул қилингани аниқланган.

Болалар давоматини қайд этиш дафтарида уларнинг келган ва келмаган кунлари таҳлили қилинмаган, ҳамшира, тарбиячи ва директор томонидан имзоланмаган.

Шунингдек, ташкилот директори Н.Ҳамраева томонидан имзоланган буйруқларга асосан ҳақиқатда ишламаган 5 нафар ходимга жами 17 млн 793 минг 838 сўм иш ҳақи тўлаб юборилгани аниқланди.

Тарбиячи Д.га 2020 йилнинг февраль-июнь ойларида ҳақиқатда вазифасини бажарган бўлса-да, жами 2 млн сўмлик иш ҳақи тўланмаган.

Самарқанд шаҳар прокуратураси маълумотига кўра, ташкилот директори 2019 йилнинг август-сентябр ойларида жами 31 нафар тарбияланувчини рўйхатдан ўтмаган қалбаки йўлланмалар асосида қабул қилган», – дейилади брифингда.

Мавлуда Асқархўжаева

Асқархўжаевага кўра, Самарқанд шаҳридаги 50, 126, 13, 98-ДМТТларида  ҳам пандемия даврида қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талабларига риоя этилмаган. 

«98-МТТда ҳамшира хонасида биринчи ёрдам учун берилган дори-дармонларнинг муддати ўтган ва рўйхатда кўрсатилмаган антибиотиклар сақланган.

13-МТТ ошхонасида кунлик меню мавжуд эмас. Ташкилотда қариндош-уруғчилик муносабатларини ҳам учратиш мумкин. Жумладан, методист ва хўжалик ишлари мудири ташкилот директорининг қариндошлари экани аниқланди.

Пуллик хизмат сифатида ташкил этилган рус тили, инглиз тили, таэквондо ва бадиий гимнастика тўгараклари учун тўланган пул ташкилотнинг ҳисобрақамига кирим қилинмаган.

Ошпазлар кунлик таомларни болалар сонига номутаносиб, таомларга солиниши лозим бўлган маҳсулотлар миқдори кўрсатилиши лозим бўлган менюсиз тайёрлашаётгани болалар ҳаққини талон-торож қилаётгани эмасми?» – таъкидланади маълумотда.

Ўрганишларда Пайариқ туманидаги 31- ва 38-сонли ДМТТларда ҳам болалар гуруҳларга ноқонуний қабул қилингани аниқланган.

«Бу МТТлар стол-стуллар ва болалар кроватлари билан тўлиқ таъминланмаган, ривожлантирувчи марказлар учун хоналарда майдон ҳамда болалар учун ўйинчоқлар етишмаслиги, боланинг ривожланиш харитаси ўз вақтида тўлдирилмагани аён бўлди.

Ишчи гуруҳ 31-МТТдаги ўрганиш билан овора бўлганда, ошпаз пишиб турган овқатга хом товуқ гўшт солиб юборганига гувоҳ бўлинди. Бунда меъёр талабидаги гўшт маҳсулоти пишган овқатга хомлигича солинган. 

Тумандаги 38-МТТдаги ўрганишда эса бинода қулфланган хона борлиги ишчи гуруҳ аъзоларида шубҳа уйғотган. Очиб текширилганда эса хонада 20та болалар кровати ва 10 нафар бола борлиги аниқланди.

Тарбияланувчиларнинг 29 нафарида йўлланмалар мавжуд эмас.

Омборхонадаги мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари текширилганда, кўплаб ортиқча маҳсулотлар аниқланган. Бу талон-торожликлар аён бўлганда ўз аризасига асосан хўжалик ишлари мудири билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Оқдарёдаги 7-МТТда эса таъминотчи томонидан МТТга сариёғ ўрнига «Спред» (сут ёғи ўрнини босувчи модда) маҳсулоти олиб келингани аниқланган.

Текширувлар давомида Самарқанд шаҳридаги 50-МТТга тушдан кейин номаълум аёл 4 нафар болани етаклаб келиб, у қоровул томонидан тўхтатилмагани ишчи гуруҳи аъзоларида шубҳа уйғотган.

Бу болалар тўғрисида МТТ директори М.Умировадан сўралганда, у ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтган.

Суриштирувлар натижасида бу 4 нафар боланинг 2 нафари ташкилот ходимларининг фарзанди, қолганлари қисқа муддатли гуруҳ тарбияланувчилари экани аниқланди. Шунингдек, болалар ташкилот яқинидаги 113-уйда ёлланма тарбиячининг уйида сақланиши ва ташкилотда овқатланиши маълум бўлди.

Ургут туманидаги 2 МТТдаги ҳолат ҳам қониқарсиз деб топилди. 15-МТТ биноси таъмирталаб ҳолатда», – деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари.

Таъкидланишича, ўрганишлар якунида вазирлик мулозимлари иштирокида вилоят ва туман мудирлари МТТ директорлари иштирокида танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилган. 

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид