Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Азов денгизида ғалла ортилган юк кемаси ҳалокатга учради
Уч киши ҳалок бўлган. ТАСС маълумотига кўра, кемага дрон ҳужум қилган.
Фото: The Insider
Азов денгизининг Херсон области соҳиллари яқинидаги қисмида ғалла ортилган кема чўкиб кетди. Бу ҳақда регионнинг Россия томонидан босиб олинган қисми раҳбари Владимир Салдо маълум қилди.
Соҳилда экипажнинг тўққиз нафар аъзоси топилган, уларнинг барчаси Россия фуқароларидир. Салдо икки киши, жумладан, кема капитанининг катта ёрдамчиси ҳалок бўлганини хабар қилган.
Хабарда кема ҳалокати сабаби келтирилмаган.
«Биринчи бўлиб маҳаллий аҳоли ёрдамга етиб келди – улар экипаж аъзоларини кутиб олишди ва қутқарув хизматлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатишди. Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш учун тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – деган ҳудуд раҳбари.

ТАСС ўз манбасига таяниб кемага дрон ҳужум қилгани ва икки киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Ҳужум вақтида кема аннексия қилинган Қримнинг Керч портидан 300 миля масофада эди. Экипаж жами 11 кишидан иборат бўлган, тўққиз киши эвакуация қайиғига тушишган ва Херсон области соҳилига қадар етиб олишган. Аммо улардан бири йўлда вафот этган ва жами қурбонлар сони уч нафарга етган.