Ўзбекистон | 11:06 / 03.11.2024
31777
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ариқдан эркак кишининг жасади топилди

Эркакнинг шахси аниқланган ва уни хотини таниб олган.

Фарғона шаҳрида ариқдан 46 ёшли эркак ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

2024 йил 2 ноябрь куни соат 08:30 да Фарғона шаҳар прокуратурасига ИИБ навбатчилик қисмидан шаҳарнинг “Чекшўра” МФЙ Чароғон кўчасидан ўтган ариқдан номаълум шахснинг мурдаси тан жароҳатларисиз топилгани хабари берилган.

Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокурори раҳбарлигида тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилганда, ишга алоқадор ҳолатлар аниқланмаган ва ашёвий далиллар олинмаган.

Тезкор суриштирувлар давомида марҳум 1978 йилда Риштон туманида туғилган, Фарғона шаҳри “Илғор” МФЙ Фаровон турмуш кўчасидаги хонадонларнинг бирида яшовчи С.Р. экани аниқланган ва у турмуш ўртоғи Н.Ж. томонидан таниб олинган.

Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳумнинг танасида жароҳатлар аниқланмаган.

Эркакнинг ўлимига “нафас йўлларининг сув билан беркилиши оқибатидаги механик асфикция” сабаб бўлгани ҳақида хулоса берилган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид