Жаҳон | 08:12 / 19.06.2024
19649
24 дақиқада ўқилади

Ҳайит куни осилган Саддам Ҳусайн. Ироқ таназзули қандай рўй берганди?

Ироқни 24 йил бошқарган Саддам Ҳусайн аввал Эронга, сўнг Кувайтга уруш очди. 10 йил давомида юз минглаб инсонлар ўлими ва иқтисодий инқирозга етаклаган бу можаролар ташқи кучлардан бошқа ҳеч кимга наф келтирмади.

Бу икки урушнинг келиб чиқиш сабаблари Ироқнинг ҳудудий даъволари, Эроннинг ислом инқилобини экспорт қилиши ва албатта, нефтга бой мамлакатнинг яна нефт илинжидаги очкўзлигига бориб тақалади. Зотан, Ироқдаги нефт активларини миллийлаштириб, аҳоли турмушини яхшилагани сабаб катта обрў қозонган Саддам энди Эрон ва Кувайтдаги нефтга бой ҳудудларни ҳам эгаллаб олмоқчи бўлганди.

1980-1988 йилларда рўй берган Эрон–Ироқ уруши 1979 йилги чегараларга қайтиш билан якунланди. Ироқ томонидан 1990 йилда босиб олинган Кувайт эса кўп ўтмай халқаро коалиция кучлари томонидан озод этилади, шундоғам урушлар сабаб оғир аҳволдаги Ироқ иқтисодиёти санкциялар остида қолади.

2003 йилга келиб, Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор деган важ билан, АҚШ бошчилигидаги коалиция Ироққа бостириб кириб, Саддам Ҳусайн режимини ағдарди, лекин Вашингтон даъво қилган қуроллар топилмади, урушдан кейинги барқарорлик ва демократия ваъдалари ҳам ушалмади.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури бугунги сонида Яқин Шарқдаги бугунги статус-квонинг шаклланишида асосий ўрин тутган давлатлардан бири – Ироқ ҳақида сўз юритамиз. Экспертларимиз – сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов, Бектош Бердиев ва Шавкат Икромов.

— Саддам Ҳусайннинг ҳукмронлиги давридаги Эрон-Ироқ уруши нима сабабдан бошланди?

Бектош Бердиев: — Бунинг учун олдин 80-йиллардаги Яқин Шарқдаги вазиятни таҳлил қилиш керак. Эронда Ислом инқилобидан кейин бу инқилоб бутун Яқин Шарқда тарқалиши эҳтимоли бор эди. Форс кўрфази араб давлатлари бу инқилоб эскалациясидан қўрқар эди. Эрон диний раҳнамоси ҳам араб давлатларидаги сиёсий режимлар Ислом шариатига тўғри келмайди, деб айтарди. Айниқса, Ироқдаги Баас партияси фаолияти исломга зид, деган.

Ўша пайт айни ҳокимиятга келган Саддам Ҳусайн баъзи ҳолатларда босар-тусарини билмай қоладиган даражада куч-қудрати бор эди. Ироқ ва Эрон ўртасида доимий низолар бор эди, чунки Саддам Ҳусайн суннийлардан, Ироқнинг кўпчилик аҳолиси эса шиалар. Бу эса Эронга ёқмасди, бундан ташқари, чегаравий муаммолар, оролларга талашишлар. Эроннинг жануби-ғарбида яшовчи араблар бор, улардан ҳам Саддам Ҳусайн ўз йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади. Ўртадаги низо маълум маънода пишиб етилган эди. Саддам Ҳусайнга агар Эронга қарши ҳужум қилсанг, бемалол босиб ололасан деган мақсадли ёлғон ахборотлар берилади. Бундан илҳомланган Саддам ўз кучига ишониб, Ироқ-Эрон уруши бошланади. У пайтда инқилобдан кейин Эронни кўплаб ҳарбийлар ва саноатчилар ҳам тарк этиб, кризис ҳолатида эди, буни ҳам кўрган Саддам.

Аммо уруш кўрсатдики, Эрон у даражада заиф эмас. Икки томоннинг ҳам қўлловчилари бор эди. Саддам Ҳусайнга бошида барча араб монархиялари ёрдам берди, совет иттифоқи ҳам бошида иккиланиб, кейин Ироққа ёрдам бера бошлади, чунки Эронда коммунистик партия тақиқлаб қўйилганди. Эрон ҳам ёлғиз қолмаган, баъзи маълумотларга кўра, АҚШ тавсияси билан Исроил қуроллар етказган Эронга. Чунки Ироқ ва Исроил муносабатлари ёмон эди, сабаби Исроил Ироқда Франция қуриб берган ядро объектига зарба беради, Ироқ ҳам Фаластин озодлик ташкилотини қўллай бошлаганди. АҚШ эса бу урушда вазиятни кузатди. Ҳенри Кессинжер бизга икки томоннинг ҳам ғалаба қозонмаслиги муҳим, деганди.

Урушда 1 млн одамнинг ёстиғи қуриди. Лекин тарихда бу уруш доим ҳам фожиа сифатида ёритилмайди, шунчаки статистикаси бериб кетилади. Баъзи манбаларга кўра, икки томон 1 трлн доллар зарар кўрган, бу жуда катта сумма, айниқса, ҳозирги пулга чақса. Умуман олганда, икки биродар халқнинг фожиаси бўлди бу уруш.

— 1979 йилги Ислом инқилоби бу урушни тезлаштирди дейиш мумкинми?

Шавкат Икромов: — Инқилоб таъсирини ўтказган, албатта. Бу уруш мусулмон дунёсида суннийлар ва шиалар ўртасидаги энг катта уруш ҳисобланади. Эронлик айрим тарихчилар бу уруш Эрон учун хато эди, дейишади.

Инқилобдан сўнг «Бугун Эронда, эртага Ироқда» деган чақириқлар пайдо бўлади. Бу нарса Ироқ ва Кўрфаз араб давлатларини хавотирга қўяди. Инқилобдан кейин уруш бўлиши, нимадир ўзгариш бўлиши аниқ эди. У пайтда Яқин Шарқда энг кучли армия Ироқники эди, ўз амбициялари билан урушга мойил ҳам эди. Эрон билан чегара муаммоси ҳам мавжуд эди. Ироқдаги шиаларнинг Эрон томонидан қўлланиши, бир нечта партиялар молиялаштирилиши сабаб Эроннинг Ироқ ички ишларига аралашиш даражаси кучайиб бораётгани вазиятни кескинлаштираётган эди. Кўрфаз араб давлатлари ҳам Ироқни қўллашини билдириб, Эронни тўхтатувчи ягона куч Ироқ эканига ишонтирган эди. Инқилоб даврида АҚШнинг 50 дан ортиқ элчихона вакиллари Эронда асирда қолиб кетган эди бир йилга яқин. АҚШ шундан сўнг Эронга қандайдир жавоб беришни хоҳларди ва буни Ироқ орқали қилиш маъқул эди. АҚШ икки томоннинг ҳам ғалабасини истамаган, уруш оқибатида иқтисоди, ҳарбий имконияти пасайишидан манфаатдор эди. Манбаларга кўра, АҚШ воситачилар орқали Ироқни қўллаган.

Уруш натижасида 1 млн одам ҳалок бўлди, 150 млрддан ортиқ зарар кўрилди, Яқин Шарқда вазият ўзгарди. Урушдан кейин Яқин Шарққа Эрон кириб келиши бошланди, Эрон урушда тўла ғалабага эришмаган бўлса ҳам, Яқин Шарққа кириш учун замин тайёрлади ўзига. Ироқдаги вазият ўнгланмади урушдан кейин, Кувайтга бостириб кирди, АҚШнинг саҳродаги бўрон операцияси бошланди, АҚШ кириб келди, сиёсий вазият издан чиқиб кетди. Натижада Эрон Яқин Шарқдаги шиаларга раҳнамолик қила бошлади, Ливанда, Сурияда мустаҳкамланди.

— Кувайт билан зиддиятга ҳам тўхталсак.

Камолиддин Раббимов: — Эроннинг минтақада таъсири кучайишининг бир нечта тўлқини бор. Ироқ-Эрон уруши 8 йил давом этди (1980-1988), тарихдаги энг охирги тотал урушлардан бири бўлди. Тотал уруш дегани давлат ва жамият қарши тарафга зарба бериш учун қўлидан барча ресурсларни ишлатса, барча сафарбар қилинса, бу тотал уруш бўлади, худди жаҳон урушлари, Ветнам уруши каби.

Саддам Ҳусайннинг йиқилиши, араб баҳори кабилар Эронни минтақада кучайтирди. Саудия ва Эроннинг таъсир ўтказиш курашида Эрон таъсири кенгайиб боряпти. 8 йиллик уруш Саддам Ҳусайннинг йиқилишига қўшимча замин яратди. Уруш икки давлатни ҳам ҳолсизлантирди, Яқин Шарқдаги янги тартиботни шакллантирган асосий воқелик бўлди.

Саддам Ҳусайн қаттиққўл диктатор сифатида атрофдаги давлатлар билан зиддиятга эга эди. Кувайт ва Ироқ ўртасида шундай масала бор эдики, Саддам Ҳусайн Кувайт амирларига, сиз бизнинг ернинг тагидаги нефтни ҳам тортиб оляпсиз, бунинг учун ўлпон тўлашингиз керак, деган. Шу масалалар сабаб 1989 йилда Кувайтга бостириб киради, амир Саудияга қочиб кетади. Араб монархиялари АҚШ билан бирга Саддам Ҳусайнга қарши уруш бошлайди. 11 сентябр воқеаларидан кейин қулай вазият пайдо бўлади ва Афғонистонга бостириб киради шу йили, кейин БМТ розилигини ололмаса ҳам, ноқонуний равишда Ироққа киради, 2003 йилда.

Шавкат Икромов: — Кувайт Ироқ-Эрон урушида Ироқни молиявий қўлловчи асосий давлатлардан эди. Ироқ томони бу қизлардан Кувайт воз кечиши керак, чунки биз бутун Кўрфаз араб давлатлари учун урушдик, дейди. Бу пайтга келиб Кувайт Саудия билан мустақил нефт сиёсатини олиб бораётган эди. Нефт нархи тушиб бориши Ироқ учун катта молиявий зарар келтираётган эди. Ироқ Кувайт ҳудуди Ироқнинг бир вилояти деб тарихий даъво билан чиқади. Ироқнинг ҳозирги чегараланиши ҳам сунъий ташкил қилинган ўзи. Ироқ Кувайтни тўлиқ эгаллаймиз, деганди. Бу нарсани АҚШ ва бошқа араб давлатлари тўхтатиб қолиши мумкин эди. Аммо Исроил Ироқнинг урушга кириб ҳолсизланишини хоҳларди. Шу сабаб Исроил бу уруш содир бўлишига ҳаракат қилди. Натижада Ироқ урушга кириб, яна бир муваффақиятсизликка учради. Саддам Ҳусайн бизни урушдан урушга етаклаб ўлдирди, деган гап ҳам бор ироқликларда. 8 йил Эрон билан урушди, Кувайт билан урушди, кейин араб давлатлари блокада қилди уни, мамлакатда нон қолмади ҳатто, етишмовчиликдан минглаб одамлар ўлди.

— 2003 йилги Ироқ уруши бошланиши учун асосий далиллар ва сабаблар нимада эди?

Бектош Бердиев: — Асосий сабаб геосиёсий мотивлар бўлган, лекин буни амалга ошириш учун баҳона керак эди. 11 сентябр воқеаларидан кейин Саддам Ҳусайннинг баёнотлари ўзининг бошига етди, дейиш мумкин. Ҳамма тинч бўлиб турганда у биз бу терактни қўллаймиз, деди. Бу эса АҚШ учун баҳона эди, иккинчи баҳона эса Ироқда кимёвий ва биологик қуроллар мавжуд, катта хавф туғдиради деб ахборот сиёсати олиб борди АҚШ. Бунга баъзи асослар ҳам бор, Саддам Ҳусайн курдларга нисбатан кимёвий қуроллардан фойдалангани ҳақида маълумотлар бор. Лекин кейинчалик Ироқ томони бу қуролларни йўқ қилганини бир неча бор халқаро ҳамжамиятга таъкидлади, аммо бу етарли далил бўлмади. Натижада АҚШ Британия ва Италия билан бирга БМТ розилигисиз Ироққа кирди. Баъзи геосиёсий мотивларда Исроилнинг ҳам роли бор эди. Ироқ атрофидаги араб давлатларида ҳам душманлик пайдо бўлганди Ироққа нисбатан. Масалан, Эрон билан урушда Сурия билан муносабатлар ёмонлашиб бўлганди, чунки Сурияда шиалар ҳукмрон, Ироқнинг кучли бўлишини ҳам истамас эди. Иордания билан ҳам муносабат яхши эмас эди, Саудия ҳам қўлламай қўйганди Кувайтга бостириб киргани учун. Аслида араб давлатлари урушда Ироққа 40 млрд доллар ёрдам берганди, айниқса Кувайт унинг том маънодаги яқин ҳамкори эди. Аммо Саддам Ҳусайн узоқни ўйламай, ўзига ортиқча баҳо бериб, атрофидаги давлатларни ўзига душман қилиб олганди.

АҚШ ва иттифоқчилари Ироққа кириб келганда Россия уни қўллайдиган даражада эмасди, Путин энди ҳокимиятга келган. Шу сабаб бу АҚШ учун қулай муҳим давр бўлди. Лекин АҚШлик баъзи генералларнинг тан олишича, бу катта тарихий хато бўлган, биз фақат ҳукуматни алмаштирамиз, дегандик, лекин шиа ва суннийлар бир-бирига бундай душман бўлиши хаёлимизга келмаганди, бу иш билан Эрон ҳам кучайди, деб айтган. Ҳозир ҳам Эроннинг таъсири катта Ироқ шиаларига.

Шавкат Икромов: — Жорж Буш биз Ироқ халқини ўзларининг золим ҳукмдоридан озод қилиш учун келяпмиз, деган баёнотлар билан чиқади. Лекин АҚШ халқаро ҳамжамият розилигисиз босқинчи сифатида кирди барибир. Мисли кўрилмаган вайронагарчиликка, уруш жиноятларига йўл қўйди. Умуман, Ироқни ўнглаб бўлмас ҳолатга солиб қўйди дейиш мумкин.

Биринчи урушда араб давлатларида якдиллик бор эди, ҳамма Ироқни қўллаётган эди Эронга қарши. Фақат Сурия ва Ливан позиция билдирмаган. Ироқ Кувайтга бостириб кирганда араб давлатлари иккига бўлинди: жим турганлар ва Ироққа қарши уришаётган давлатлар.

Бу урушларнинг барчасида Фаластин масаласи ҳам бор эди. Ироқ Исроилга қарши очиқдан очиқ курашга тайёр бўлган ягона араб давлати эди у пайтда. Бир неча марта ракеталар ҳам учирган Исроилга. Исроил Ироқни заифлаштириш учун барча ишларни амалга оширди. Кувайтга бостириб киришида ҳам яҳудий лоббисининг ўрни бўлмаган дейиш қийин. АҚШнинг Ироққа бостириб кириши ҳам АҚШ Конгрессида кўтарилган, у ерда эса кўплаб яҳудий лоббиси бор. Ироқ заифлашиши Яқин Шарқдаги кучлар нисбатини ўзгартирарди. Ироқ заифлашса, Фаластин озодлик ташкилотини очиқдан очиқ қўлловчи давлат қолмасди. Бошқа араб давлатлари эса аллақачон Исроил-Араб уруши деган қарашни қўйиб, Исроил-Фаластин уруши деб қараётган эди аллақачон.

Эрон эса шиалик омили билан Фаластин орқали Яқин Шарққа кириб бормоқчи бўлган. Лекин тўғридан тўғри Фаластин учун курашаётган ягона давлат Ироқ эди. Шу сабаб Ироқни майдондан олиб ташлаш керак эди Исроил, охир-оқибат АҚШ кириб борди Ироққа. Ядро қуроли, кимёвий қуроллар борлиги ҳақидаги важлар исботланмади. АҚШ ҳарбий хатолик деб қанча тинч аҳоли қирилишига сабаб бўлди, натижада Ироқ ўнгланиб бўлмас ҳолатга келди. Умуман, Яқин Шарқдаги барқарорлик йўқ бўлди. 2003 йилдан бери Яқин Шарқ ёнмоқда.

Араблардан чиққан 2 та қаҳрамон бор эди, уларнинг салбий томонлари билан тан олишимиз керак: бири Муҳаммад Каззофий бўлса, иккинчиси Саддам Ҳусайн. Улар араблар ерида араблар ҳукмронлик қилиши керак, деган позицияда бўлишган. Тўғри, улар ичкарида кўплаб нотўғри ҳаракатлар қилди, курдларга нисбатан ноинсоний ҳаракатлар амалга оширди. Бир гуруҳ одамлар биз Саддам Ҳусайн даврида ижтимоий, иқтисодий яхши яшадик, деса, бошқа томон Саддам Ҳусайн кетиши Ироқ халқига озодлик олиб келди, дейди. Лекин нима бўлганда ҳам минтақада миллий давлатчилик учун курашган икки одам Каззофий ва Саддам Ҳусайн эди.

— АҚШнинг Ироққа киришида қайси мотив бирламчи бўлган?

Шавкат Икромов: — 90-йиллардаги Осло, Мадрид тинчлик ҳаракати жараёнларидан хулоса қилсак, 90-йиллар Фаластин давлати ташкил топишига жуда яқин келган. Исроилдаги сионистлар бундан хавотирда эди, шу сабабдан айьиш мумкинки, Фаластин масаласи устуворроқ бўлган. Яъни Фаластин давлатчилигига зарба бериш, Исроил позицияларини сақлаб қолиш, унга реал рақибни майдондан олиб ташлаш учун бўлди. Нефт ва бошқа ресурслар масаласи кейинги ўринда.

— Ўша пайтда дунё тартиботи бир қутбли эдими?

Камолиддин Раббимов: — Совет иттифоқи қулагач, айниқса, Клинтон даврида АҚШ дунёнинг мутлақ қудрати эди. Россия энди ўзини ўнглаган, Путин АҚШга йўналиш олган (2007 йилгача) пайт. Хитой эса ўзининг ички ишлари билан машғул бўлган. АҚШга нисбатан чақириқ ташлайдиган, эътироз билдирадиган бирорта куч йўқ эди. 11 сентябрдан кейин Бжежинский тили билан айтганда Вашингтон дунё ҳукмдорларининг Каъбасига айланган эди. АҚШда колассал маънавий ресурс пайдо бўлди ва 11 сентябрдан кейин Дик Чейни ва Жорж Буш Яқин Шарқни қайта трансформация қилмоқчи эди, Ироқдан бошланиб Саудияда тугаши керак эди бу.

Афғонистонга кириши билан толиблар тарқалиб кетди, худди шундай Саддам Ҳусайн тизими ҳам тезда қулади. Бундан бошида америкаликлар илҳомланди, лекин муаммо кейин бошланди. Яъни партизанлик уруши бошланди. 2004-2005 йилдан кейин АҚШ мусулмон дунёсида партизанлик уруши нима эканини англаб, мусулмон дунёсига бостириб кириб бўлмас экан, демократия олиб кириш хавфли экан, деган хулосага келди.

Диктатураларда сиёсий маданият диктатурага хос бўлади. Қон фаввора бўлиб отилди, жамият фақат куч ишлатиш, жабру зулм тили орқали гаплашади. Бжезинский ҳам Жорж Бушни қаттиқ танқид қилди ўша пайтда. Ироққа кирдинглар, охиригача ўйламадинглар, Эрон эса кучайиб кетди деб деб танқид қилган. Ироқнинг 60 фоиз аҳолиси шиалар, Ироқда демократия бўлиши Эрон таъсирини кучайтириб юборди. Натижада АҚШ барча фронтлардан зарба ола бошлади.

АҚШнинг глобал лойиҳаларидан бири нефт эди барибир. Ўсиб келаётган Хитойни тийиб туриш учун тўртта (Россия, Эрон, Ироқ, Венесуэла) мустақил нефт сотувчи давлатдан бирини ўзига хайрихоҳ қилиб олмоқчи эди. Тўртта давлатдан бошқалари АҚШ ва Ғарб таъсиридаги давлатлар эди. Ироқнинг йиқилиши бошида АҚШни қувонтирди, лекин унинг глобал қудратига катта зарбалар олиб келди. АҚШ Афғонистон ва Ироқ уруш кампанияси учун тахминан 2-3 трлн доллар сарфлади, минглаб америкалик ҳарбийлар қурбон бўлди, лекин бу АҚШнинг глобал қудратини оширмади.

Обама ҳокимиятга келгач, Қоҳирага ташрифида бутун мусулмон дунёсига мурожаат қилиб, «Афғонистонга кириши адолатли бўлган, лекин Ироққа кириши катта тарихий хато бўлган, бунга сабаб йўқ эди. АҚШ Яқин Шарқ билан ўралашиб қолганда Хитой ўсиб кетди, биз бор кучимизни Хитойга қаратишимиз керак эди, энди Афғонистон ва Ироқдан чиқиб, бутун кучимизни Хитойни ўраб олишга қаратамиз», деди.

Шавкат Икромов: — Эрон Ироқда қилолмаган ишини АҚШ орқали амалга оширяпти, деган гапларни ёзади экспертлар. Яъни ўша Ироқ ҳокимиятни йиқитиш орзусига эришди Эрон АҚШ сабаб. Шундан сўнг Эрон Яқин Шарқда тинимсиз ўсиб борди ва Ливан, Сурия, Яманда назоратни деярли қўлга олди.

— Саддам Ҳусайн давридаги Ироқнинг Фаластин ҳимоячиси ролини бугун Эрон эгаллади дейиш мумкинми?

Шавкат Икромов: — Бир жиҳатдан мумкин.

Бектош Бердиев: — Эроннинг асосий мақсади Фаластин эмас, унинг катта стратегияси Исроилни йўқ қилиш. Фаластиннинг асосий аҳолиси суннийлар, Эрон ҳеч қачон суннийларни қўллаш ҳисобига геосиёсий вазифаларини амалга оширмайди. Шунчаки Исроилни йўқ қилмоқчи Эрон. Чунки минтақада янада катта куч бўлишига тўсиқ бўляпти Исроил. У сунний монархиялар билан келишяпти, Эронга зарба бериш учун баъзи сунний давлатлар устидан учиб ўтиш учун рухсат олган. Асосан учиб ўтадиган давлати Саудия ҳисобланади. Исроил аллақачон F35 қирувчилари билан зарба бериши мумкин эди Эронга, лекин ўртада ёқилғи тугаб қолиш эҳтимоли катта, масофа узоқ. Шу сабаб Қатар ва Саудия осмонида ёқилғи қуйиши керак, бунинг учун маълум маънода рухсат ҳам олганди Исроил. Буни кўриб турибди Эрон. Шу сабаб Эроннинг мақсади Фаластин эмас, фақат Исроилни йўқ қилиш деб ўйлайман.

Шавкат Икромов: — Ўзи бу масала баҳсли. 1980-1988 йилдаги урушда Эрон Исроилдан қурол-яроғ сотиб олган яширинча, лекин бу бугун очиқ маълумот. Ғазодаги конфликт бўйича Эрон аллақачон нимадир қилиши мумкин. Эрон 1948 йилдан бери тийилиб келяпти. Шу биринчи марта ўз ҳудудидан туриб тўғридан тўғри Исроилга ракета учирди. Қайтарилиши аниқ бўлган зарба эди бу. Эрон учун Исроил эмас, Фаластин орқали араб давлатларига кириб бориш муҳимроқ бўлиши мумкин.

Гўёки Фаластин араб давлатлари томонидан яккалатиб қўйилган, Эрон эса «Ҳизбуллоҳ» орқали сиз биланмиз, араблар ташлаб қўйганда ҳам деяпти. Шу орқали араб давлатларига бирин-кетин кириб келиш эмасми? Ҳозир Эрон ва Саудия муносабатлари ҳам яхши доимгидан. Уммон ва Баҳрайн билан ҳам яхши, Яманда деярли ўзи ҳокимиятда ўтирибди, Қатар билан ҳам яхши. Ўйлашимча, Эроннинг иши Исроил билан эмас, араб давлатлари билан.

Камолиддин Раббимов: — 1980-1988 йилги урушда геосиёсий вазият шу қадар чигал эдики, қудратли давлатлар урушда енгилаётган томонга ёрдам берарди, АҚШ ҳам, СССР ҳам, Исроил ҳам. Мақсал минтақа мусулмон давлатларини заифлаштириш бўлган, АҚШ ҳам, СССР ҳам бир неча бор позицияларини ўзгартирган.

— Ироқ тарихида Саддам Ҳусайн ҳукмронлик йилларининг ўрнини қандай баҳолаш мумкин ва бу даврнинг келажакка қолдирган мероси нима?

Камолиддин Раббимов: — Саддам Ҳусайннинг қолдирган мероси Ироқ давлатчилиги учун катта фожиа, аслида. Дунёда автократик давлатлар кам эмас, лекин авторитар бўлиб ички-ташқи сиёсатда эҳтиёткор бўлишади, масалан, Хитой ҳам, Россия ҳам авторитар давлат. Хитойдаги рационализм, эҳтиёткорлик,бюрократик маданият Саддам Ҳусайн режимидан фундаментал фарқ қилади. Саддам Ҳусайн фожиаси фақат авторитарлигида эмас, балки якка ҳокимият, ўта эмоционал, кескин тарихий хато қарорлар қабул қилишида бўлди. Натижада Ироқ давлатчилиги инқирозга юз тутди. Ироқнинг давлатчилиги энг қадимий давлатчилик ҳисобланади.

Шавкат Икромов: — Ҳозирги Ироқ давлатчилиги сунъий бўлган, чунки айтганимиздек, давлат чегаралари Усмонлилар империяси қулагач, Британия томонидан белгиланган.

Камолиддин Раббимов: — Ҳеч бир халқ битта жойда муқим яшамайди тарихан, табиий нарса бу. Лекин Саддам Ҳусайн даврида қаттиқ авторитаризм сабаб Ироқ давлатчилиги тарихий фожиага юз тутди. Ҳалигача Ироқ нормал давлат эмас. 2015 йилда бошланган фуқаролар уруши элементлари ҳали ҳам бор. Шиа ва суннийлар, курдлар, туркманлар ва қолган бўлинишлар, Эрон ва Саудия таъсиридаги бўлинишлар юзага келган ва бу ички парокандаликка сабаб бўлди. Қаттиқ авторитаризм оқибатда давлатчиликни ичкаридан емиришига яққол мисол Саддам Ҳусайн ҳокимияти бўлди.

Саддам Ҳусайн оиласига ҳам фожиа бўлди бу. Унинг фарзандлари, набиралари ўлди. Саддам Ҳусайн диктатураси ўз оиласи учун ҳам фожиа билан тугади.

Шавкат Икромов: — Саддам Ҳусайн қатли 2006 йил Қурбон ҳайити куни бўлган эди. Мусулмонлар етакчиси учун адолатсиз қатл бўлганди бу диний призмадан қаралса. Бу қатлни Ироқ шиалари амалга оширганди.

Ироқликларнинг ўзида Саддам Ҳусайн масаласида иккига бўлиниш бор. Бир томон Саддам Ҳусайн даврида жуда яхши иқтисодий ҳолатда яшадик дейди, бир томон қийналиб яшаганмиз, дейди. Саддам Ҳусайндан кейин Ироқ ўзини ўнглолмади, бу — факт. Саддам Ҳусайн фаолиятига қандай баҳо бериш керак, Ироқ халқи учун ким, деган масала узил-кесил ҳал қилинмаган.

Эронда Ироқ-Эрон урушининг тугаши санасида байрам тадбирлари нишонланади, 250 дан ортиқ кино олинган бу уруш ҳақида. Умуман, Эрон томони бу урушни ўз тизимини, мустақиллигини сақлаб қолиш учун бўлган уруш сифатида эслайди. Аммо Ироқда бу уруш деярли эсланмайди. Кувайтга бостириб киришни эса шармандали кун сифатида эслайди ироқликлар.

Умуман, ироқликлар Саддам Ҳусайндан кейин иқтисодий, ижтимоий барқарорликка эришмади. Саддам Ҳусайн яхши эди, ёмон эди деб айнан битта хулоса бериб бўлмайди.

Бектош Бердиев: — Саддам Ҳусайн олдида катта имконият бор эди. Ироқ 80 йилларда Яқин Шарқнинг энг қудратли давлати эди. Шу қудратни иқтисодий фаровонлик, қўшнилар билан дўстона муносабатда давом эттирганда эди, бугун биз бошқача Ироқни кўраётган бўлишимиз мумкин эди. Исроил-Фаластин масаласида ҳам бошқача ҳолат бўлармиди. Аммо узоқни ўйламаган қарорлар Ироқни минтақадаги энг қудратли давлатдан фожиаларга тўла давлатга айланиб қолди. Бугун ерда очлик, камбағаллик, беқарорлик, вайронагарчилик. Саддам Ҳусайннинг ўрни катта эди, агар у қўшнилар билан дўстона сиёсат олиб борганда, бошқача Ироқ давлати бўларди.

Шавкат Икромов: — Тарих агар шундай бўлса эди деган нарсани қабул қилмайди, тарих ўтиб кетди. Саддам Ҳусайн яшаган даври шундай давр эдики, у шундай қарорлар қилишга, атрофдаги давлатлар шундай муносабат қилишга мажбур эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Саддам Ҳусайнни тушуниш мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид