Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ички ишлар тизимида миграция хизматлари рақамлаштирилади: “Ақлли” шохобчалар жорий этилади
Президент қарори билан ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали хизматлар сифати оширилади. 2026 йилдан айрим ҳудудларда сунъий интеллект асосида ишлайдиган “Ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистон президенти қарорига мувофиқ, миграция ва персоналлаштириш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари босқичма-босқич аҳоли учун қулай ва шаффоф хизмат кўрсатувчи сервис тузилмаларига айлантирилади, соҳада давлат хизматлари тўлиқ рақамлаштирилади ҳамда шахсга доир маълумотларнинг ишончлилиги таъминланади.
Қарорга асосан, 2026 йил 1 майдан бошлаб тажриба тариқасида Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар)да сунъий интеллект асосида ишловчи, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга “Ақлли” миграция шохобчалари (Smart migration stations) ташкил этилади. Уларда бир қатор давлат хизматлари автоматлаштирилган тарзда кўрсатилади, кейинчалик хизмат турлари кенгайтириб борилади.
Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб ID карта биринчи марта расмийлаштирилганда электрон рақамли имзо сертификати бепул берилади. 1 майдан эса электрон виза асосида кириб келган чет эл фуқаролари визасини 30 кунгача узайтириш ваколати миграция бўлинмаларига берилади.
Қарорда соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йил давомида Passport-visa мобил иловаси, E-Rozilik платформаси ишга туширилади, “Ягона рақамли миграция” платформаси яратилади. Айрим хизматлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.
Мазкур қарор ижроси учун ички ишлар вазири шахсан масъул этиб белгиланди, ижро назорати бош вазир ва президент администрациясига юклатилди.