Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 12 ёшли халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ва бир гуруҳ шахмат мураббийларини тақдирлади
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган “First Saturday GM” халқаро турнирида иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди.

У жорий йил июнь ойида “Воронеж опен-2018” халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарганди. Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида С.Карякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, Осиёда эса биринчи энг ёш халқаро гроссмейстер бўлди.

Бугун, 3 ноябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг “Ёшлар пресс клуби”да Жавоҳир Синдоров ва бир гуруҳ шахмат мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тақдирлаш маросимида ёш гроссмейстер ва унинг мураббийларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари топширилди.

Маросимда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев Жавоҳирнинг муваффақиятлари замирида жуда катта меҳнат ва машаққат борлигини таъкидлади.
Тадбир якунида Жавоҳир Синдоров бир қатор шахмат мухлислари ва иқтидорли ёшлар билан маҳорат учрашуви ўтказди. У бир вақтнинг ўзида бир неча нафар шахматчилар билан беллашиб, ўз иқтидорини намойиш этди.
