Жаҳон | 16:15 / 01.02.2026
6376
1 дақиқада ўқилади

Туркияда автобус ағдарилиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди

Йўл-транспорт ҳодисаси сайёҳлар орасида машҳур бўлган Анталя курорт-шаҳри шимолидаги Дўшемалтида рўй берган.

Фото: Orhan Çiçek/AA

1 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 10:30 атрофида Туркиянинг Анталя шаҳри яқинида йўловчи автобус ағдарилиб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, Buzlu компанияси йўловчи автобуси ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл четидаги тўсиқни бузиб ўтган ва чуқурликка тушиб кетган. Бу вақтда автобус Тақиртоғдан Испарта томон кетаётганди.

Маҳаллий нашрларга кўра, ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлиб, 26 киши жароҳатланган. Қайд этилишича, авариядан кейин йўловчилар автобус ичида қисилиб қолган.

Жабрланувчилар шифохонага ётқизилган, улардан айримлари ўта оғир аҳволда. Йўловчиларнинг шахси маълум қилинмаган.

«Йўл қопламаси нам бўлган, қолаверса, бу ҳудудда туман тушганди. Бу тезликни оширмаслик тавсия этиладиган жой ҳисобланади, аммо автобус катта тезликда ҳаракатланган кўринади», дея Анталя вилояти губернатори Хулуси Шаҳиннинг сўзларини келтиради Anadolu.

У йўл-транспорт ҳодисанинг аниқ сабаби текширувлар якунида маълум қилинишини қўшимча қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид