Жаҳон | 16:52 / 29.11.2025
3634
4 дақиқада ўқилади

Исроил Ғарбий соҳилнинг шимолий қисмида йирик ҳарбий операция бошлади

Исроил армияси ва ички хавфсизлик хизмати қўшма баёнот билан чиқиб, Ғарбий соҳилда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини эълон қилди. Фаластин расмийлари эса босқинни “этник тозалаш” деб атаяпти. Сўнгги вақтларда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га қаратилган ҳарбий ҳаракатлар ва расмий Байрутга босимлар ҳам фаоллашган.

Исроил армияси Ғарбий соҳилнинг Тубас, Таммун, Аққаба ва бошқа шаҳарчаларида уйма-уй тинтув ўтказа бошлади. Аҳолининг Al-Jazeera'га айтишича, ҳарбий булдозерлар тонгга яқин Тубасга кирувчи барча йўлларни тупроқ уюмлари билан тўсиб ташлаган. Исроилнинг “Apache” вертолётлари эса Тубас атрофидаги бўш майдонларга огоҳлантирувчи ўқлар ёғдирган.

Ғазодаги уруш бошланганидан буён Ғарбий соҳилда қурбонлар сони ҳам сезиларли даражада ошган. Сўнгги икки йил ичида Ғарбий cоҳилда Исроил кучлари томонидан мингдан ортиқ фаластинлик ўлдирилган.

Исроил расмийлари янги амалиёт ҳақидаги баёнотида ҳудудни ибронийча “Шимолий Самария” деб аташган. 26 ноябрда бошланган ҳаракатлар йил бошидаги “Темир девор” амалиёти эмас, янги “аксилтеррор операция” экани маълум қилинган. ҲАМАС ва “Фаластин мужоҳидлари ҳаракати” Исроилнинг амалиётини “этник тозалаш” деб атади.

“Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш талаби

26 ноябр куни Исроил мудофаа вазири Кац Ливандаги вазиятга доир кескин огоҳлантириш билан чиқди. Халқаро урушни ўрганиш институти мавзу борасида таҳлилларини эълон қилди. Унга кўра, Исраэл Кац парламентнинг Ташқи ишлар ва мудофаа қўмитасига берган баёнотида, агар “Ҳизбуллоҳ” йил охиригача қуролсизлантирилмаса, Исроил Ливан ҳудудида ҳарбий амалиётларни кенгайтиришга мажбур бўлишини таъкидлаган. Кацнинг айтишича, Исроилда “бошқа чора қолмайди” ва “куч ишлатишга мажбур бўлади”.

Ундан олдинроқ, август ойида АҚШ ҳам Ливан ҳукуматидан йил охиригача “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантиришни талаб қилганди. Ливан қуролли кучлари эса йил охиригача фақат Литани дарёсининг жанубида “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантира олишини, мамлакат бўйлаб буни амалга ошириш учун 15 ой кераклигини билдирган.

Исроил эса бундан норози. Исроиллик расмийлар “Ҳизбуллоҳ” ўзини жуда тез қайта тиклаб олаётганини айтмоқда. Уларга кўра, октябр ойи охирида “Ҳизбуллоҳ” Суриядан Ливанга юзлаб ракеталарни яширинча олиб киришга муваффақ бўлган.

Сўнгги ҳафталарда Исроил мудофаа кучлари Бикаа водийси ва Ливаннинг жанубида ташкилотга тегишли ракета ишлаб чиқариш ва сақлаш иншоотларини аниқлаб, йўқ қилганини эълон қилган эди.

Шунга қарамай, гуруҳ ракета захираларига, Эрон билан барқарор таъминот алоқаларига, ерости инфратузилмасига ва тажрибали қўмондонлик тизимига эга экани айтилади. Мутахассислар фикрича, бу омиллар гуруҳни қисқа фурсатда бутунлай йўқ қилишни деярли имконсиз қилади.

Йил охири яқинлашгани сайин, Исроил ва Ливан чегарасида вазиятнинг янада кескинлашиш эҳтимоли ҳам кучайиб бормоқда.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид