Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампга таъзим қилаётган Нетаняҳу ўз мақсадларига эришдими?
Мисрда Трамп бошчилигида бир қатор давлат раҳбарлари Ғазода тинчлик ўрнатиш битимини имзолашди. Сўнгги икки йилда бўлгадаги уруш ҳарбий тўқнашувдан кўра кўпроқ сиёсий ва мафкуравий тус олди. Дастлаб Нетаняҳунинг мақсади Ҳамасни йўқ қилиш ва асирларни озод этиш бўлган бўлса, вақт ўтиши билан бу стратегия ўзгариб, Ғазони тўлиқ назорат остига олиш, аҳолини кўчириш ва ҳудудни ўзлаштиришга қаратилди. Натижада можаро этник тозалаш тусини олиб, минтақавий сиёсатни тубдан ўзгартирди. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида соҳанинг етакчи мутахассислари Ғазодаги уруш якунларини муҳокама қилишди.
Нетаняҳу Ғазо уруши олдидан эълон қилган мақсадларига қанчалик эришди?
Камолиддин Раббимов: Агар сўнгги икки йилдаги можаро ва унинг ижтимоий-сиёсий оқибатларини социологик нуқтайи назардан таҳлил қилсак, бу воқеа тўлақонли уруш сифатида тавсифланмайди. Тўлақонли уруш бу икки томоннинг ҳам кенг кўламли ва қарама-қарши ҳарбий ҳаракатлари, ҳам бир-бирига тенг даражада қарши туришидир. Ғазо мисолида эса вазият бошқа: бир томон Исроил, анча устунликка эга бўлиб, бошқа томонни қамал қилади ва куч билан сиқиб чиқаради. Бошланишда Исроилнинг асосий мақсади Ҳамасни заифлаштириш ва унинг ҳарбий салоҳиятини камайтириш эди. Дастлабки йил давомида нишон асосан Ҳамасга қаратилди. Кейинчалик эса стратегия ўзгариб, Ғазони назорат остига олиш, аҳолини кўчириш ва ҳудудни ўзлаштиришга қаратилган сиёсий интилишлар кўринишида намоён бўлди. Нетаняҳунинг баъзи баёнотлари ва оммавий чиқишлари Фаластин давлатига имкон бермаслик, Ғазони ҳамда Ғарбий Соҳилни қайта ташкил этиш ниятлари мавжудлигидан далолат берди. Натижада бу ҳаракатларни этник тозалаш характерига эга деб баҳолаш мумкин. Исроилнинг блокада, бомбардимон ва зўравонлик механизмлари аҳолини сиқиб чиқариш ва ҳудудий назоратни мустаҳкамлаш имконини берди. Ҳамас жисмоний жиҳатдан катта зарар кўрди ва бошқарув тизими заифлашди, аммо унинг мафкураси ва қарши кураш руҳияти бутунлай йўқ бўлмайди. Ҳатто етишмаса ҳам, янги қаршилик гуруҳлари пайдо бўлиш эҳтимоли юқори. Асирлар масаласи конфликт сиёсатида марказий аҳамиятга эга бўлиб, бу мавзу орқали ҳар икки томон ўз стратегик ва пропагандавий мақсадларини илгари суради. Бир томондан, Ҳамас асирларни шартлар қўйиш учун ишлатишга уринди, бошқа томондан, Исроил баъзи ҳолатларда асирларни озод қилишни сиёсий устунликни давом эттириш билан алмаштирди, натижада асирлар муаммоси сиёсий манипуляция ва муроса воситасига айланди. Хулоса қилиб айтганда Ғазодаги вазият тўлақонли уруш талқини билан мутаносиб эмас, бу асосан бир томоннинг устунлиги остида кечган геноцид, лекин кучли сиёсий ва ҳудудий оқибатларга эга бўлган зўравонлик амалиётидир. Ушбу жараён натижасида ҳудудий тузилма, аҳоли ҳаёти ва минтақавий сиёсат узоқ муддатли ўзгаришларга дучор бўлади. Хулоса қилиб айтганда Нетаняҳунинг асосий мақсади бу Ғазода этник тозалаш эди.
Шавкат Икромов: Ўтган икки йил давомида Бенямин Нетаняҳунинг Ғазо бўйича нутқлари ва сиёсий чиқишларини таҳлил қилганда қуйидаги асосий нуқталар ажралиб туради.
Нетаняҳу дастлаб бир неча ой давомида “асирларни озод қилиш”ни асосий мақсад деб такрорлади. Шу билан бирга, у Ҳамасни йўқ қилиш ва Ғазони “тозалаш”, яъни унинг қуролий ва сиёсий салоҳиятини йўқотиш ниятини билдирди. Вақт ўтиши билан риторика ва амалий стратегия ўзгариши кузатилди. Бошланишда нишон асосан Ҳамасга қаратилган бўлса, кейинчалик мақсадлар кенгайиб, Ғазони ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан назорат қилиш, аҳолининг ҳаракатланишини чеклаш ва ҳудудий структурани ўзгартиришга йўналтирилди. Бундай ҳаракатлар блокада, куч ишлатиш, инфраструктурани вайрон қилиш ва аҳолини сиқиб чиқариш шаклида намоён бўлди. Баъзи нутқларда аҳолини кўчириш ҳақидаги фикрлар этник тозалашга ишора қиларди. Лекин, Исроилнинг сиёсий ва ҳарбий элитаси Ғазо каби зич аҳоли яшайдиган минтақани тўлиқ назорат остига олишнинг амалий ва логистик чекловларини аввалдан яхши билган.
Исроил ҳарбий операциялари Ҳамаснинг инфратузилмасига ва ҳаракатланиш эркинлигига катта зарба берди. Бироқ ғоя ва мафкура жиҳатидан Ҳамасни бутунлай йўқ қилиш имкони йўқ. Ҳатто жисмоний жиҳатдан заифлашса ҳам, унга ўхшаш гуруҳлар пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд. Урушдан олдин Ҳамаснинг оммавий қўллаб-қувватланиш даражаси пастроқ (тахминан 27–30% атрофида) бўлган. Уруш бошида қўллов даражаси ортди, кўпчилик Исроилга норозилик кайфияти ва ғазабини ифодаловчи ягона куч сифатида мурожаат қилди. Кейинчалик 2025 га келиб қўллаб-қувватлаш даражаси яна пасайганлиги қайд этилди. Бу ўрганишлар айнан Ғазо ичкарисидаги тадқиқотларга асосланган. Ижтимоий, иқтисодий ва кундалик ҳаётнинг асоратлари
Ғазода узоқ муддатли блокада ва чекловлар натижасида таъминот, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари кескин зарар кўрди. Ҳудудда ҳаракатланиш чекланган, ресурслар етишмайди, электр таъминоти узилиб туради, бу ҳолат аҳолининг чидамлилигини пасайтириб, норозиликни кучайтирди.
Ушбу можаро давомида 68.000 га яқин инсоний йўқотишлар юз берди. Менимча, бу йўқотишлар учун нафақат Исроил, балки Ҳамас ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим. Шу билан бирга, сиёсий мақсадлар ва ҳарбий стратегиялар натижасида кенг кўламли инсоний фалокатлар юзага келди. Нетаняҳунинг стратегик мақсадлари баъзи жиҳатларда амалга ошди, Ҳамаснинг ҳарбий салоҳияти жуда заифлашди. Аммо Ҳамаснинг мафкураси бутунлай йўқ бўлиши эҳтимоли кам ва Ғазода янги норозилик ва қарама-қарши гуруҳлар пайдо бўлиш хавфи сақланиб қолади. Шунингдек, ҳудудий ва демографик ўзгаришлар минтақанинг келажагига узоқ муддатли таъсир кўрсатади.
Ҳамид Содиқ: Уруш назарияси бўйича машҳур олим Карл фон Клаузевиц таъкидлаганидек, уруш бошидаги мақсад билан охиридаги натижа бир-бирига мос келмаса, бу раҳбар учун ҳалокатли ҳолатдир. Айнан шундай вазиятни бугун Нетаняҳу бошидан кечирди. Урушнинг бошида у асирларни озод қилиш ва Ҳамасни йўқ қилишни асосий мақсад деб эълон қилган эди. Бироқ вақт ўтиши билан бу мақсадлар ўзгарди, натижада урушнинг сиёсий ва ҳарбий йўналиши издан чиқди. Шу боис Нетаняҳуга бу урушда устунлик берган ҳолда баҳо бериш қийин. Ҳамасни “бошсизлантириш” масаласига келсак, бу ҳаракатнинг ўзига хослиги шундаки, у раҳбарсиз ҳам фаолият юрита олишини кўрсатди. Ички тизими шундай шаклланганки, етакчилар ўлдирилса ёки йўқотилса ҳам, янги раҳбарлар ўз-ўзидан пайдо бўлади. Бу тизим оддий давлатлар бюрократиясига ўхшамайди. Айнан шу сабабли замонавий давлатлар бундай ҳаракатларга қарши курашда заифлик намоён этмоқда. Масалан, АҚШ Ветнамда, ёки Саудлар Ҳусийларга қарши ёки НАТО кучлари «Толибон» билан курашда ҳам худди шундай муаммога дуч келган эди. Душман кимлигини аниқ билмайди, у ер остида яшайди, доимо қайта шаклланади. Ғазо ҳудудининг ўзи жуда мураккаб сиёсий тузилишга эга. Атиги 40 га 12 километр бўлган бу жойда 3 миллион атрофида аҳоли яшайди, бу Қатарнинг аҳолисидан ҳам кўп. Ҳудуд кичик бўлса-да, ичида турли гуруҳлар мавжуд, Ҳамасдан ташқари жиноий тўдалар, Фатҳ ҳаракатининг кичик қуролли қанотлари, ҳатто Исроил билан яширин ҳамкорлик қилувчи маҳаллий кучлар ҳам бор. Демак, Ғазо фақат Ҳамасдан иборат эмас. Бу ерда сиёсий рақобат ва ички зиддият мавжуд. Агар бир гуруҳни 100 фоиз аҳоли қўлласа, бу хавфли ҳолат ва бу диктатуранинг белгиси. Демак, Ҳамасни 50 фоиз бўлса ҳам ғазоликлар қўллаб-қувватлаётгани бу унинг заифлиги эмас, балки сиёсий ҳаёт мавжудлигидан далолат. Чунки бу рақам демократик нуқтайи назардан соғлом рақобатни билдиради. Ҳамас Ғазода тўлиқ назорат ўрнатган бўлса-да, бу назорат зўравонлик ёки қўрқув орқали эмас, балки муайян даражада сайлов ва баланс орқали шаклланган. Хулоса қилиб айтганда, Ғазо ҳудуди оддий ҳарбий можароларни эмас, балки мураккаб сиёсий ва мафкуравий курашни акс эттиради. Нетаняҳу Ҳамасни йўқ қилишга уриниб, уни заифлаштирди, аммо бутунлай тугата олмади. Ҳамас раҳбарсиз ҳам яшай оладиган тизимга эга, бу эса уни йўқотишни имконсиз қилади. Шу сабабдан Ғазо уруши на анъанавий ҳарбий ғалаба, на аниқ сиёсий ечим келтирди. У фақат янги ва янада мураккаб босқични бошлаб берди.
Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:41
Исроил сулҳга қарамай Ғазодаги бошпанага ҳужум уюштирди: камида 6 киши ҳалок бўлди
14:46 / 17.12.2025
🔴 LIVE: “Россиянинг бешта талаби бор” – Рябков | "Геосиёсат"
17:55 / 16.12.2025
Украинада сулҳ ва сайлов эҳтимоли ортмоқда — сиёсатшунослар
14:44 / 16.12.2025