19 декабр, жума куни Туффаҳ маҳалласида Исроил ҳужуми оқибатида камида олти нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳатланди. Al-Jazeera'нинг маҳаллий манбаларга таяниб ёзишича, Исроил танкларидан отилган снарядлар мактабдан бошпанага айлантирилган бинонинг иккинчи қаватига теккан. Ўша пайтда у ерда кўчирилган фаластинлик оилалар тўй маросимида қатнашиш учун йиғилган бўлган.

Reuters нашрининг Фаластин фавқулодда хизматларига таяниб ёзишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти болалар бўлган. Шунингдек, бир қанча жароҳатланганлар даволаниш учун шифохоналарга етказилган.

Исроил Мудофаа Кучлари «сулҳ чизиғидан ташқарида жойлашган тузилмаларда «шубҳали шахслар» аниқлангани ва уларга қарата ўқ узилганини» маълум қилди.

Сулҳ даврида ҳам ҳужумлар тўхтамаяпти

АҚШ расмийлари сулҳ амалда эканини таъкидлашда давом этаётганига қарамай, Исроилнинг Ғазодаги фаластинликларга қарши ҳужумлари 10 октябр куни сулҳ кучга кирганидан буён деярли тўхтамаган.

Фото: AP

Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, октябр ойида сулҳ бошланганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 400 нафарга етган.

Al-Jazeera мухбирларига кўра, жума кунидан аввалроқ Исроил кучлари Хон Юнус шаҳрининг шарқий ҳудудларида ҳаво ҳужумлари, артиллерия ўқлари ва оғир пулемётлардан ўт очишни амалга оширган.

Шунингдек, Хон Юнус шарқидаги Бани Суҳайла ҳудуди «сариқ чизиқ» ичида ўққа тутилди. Исроил сулҳ шартларига кўра, бу ҳудуддан чиқиб кетиши лозим эди.

Хон Юнуснинг шарқида Исроил артиллерия зарбалари оқибатида камида уч нафар фаластинлик, жумладан, бир аёл ҳалок бўлган. IDF ҳарбий самолётлари Ғазонинг марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрига ҳам бомба ташлаган.

Исроил, шунингдек, икки йиллик вайронкор уруш натижасида очликка дучор бўлган Ғазога жуда зарур бўлган ҳуманитар ёрдамнинг эркин кириб келишини ҳам тўсиб келмоқда.