Ўзбекистон | 11:29 / 20.02.2026
12397
3 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида ҳарорат бироз пасаяди

Баҳор ўрталарига хос бўлган бир неча кунлик жуда илиқ об-ҳаводан сўнг, Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳарорат бироз тушади. Шанба куни ёмғир ёғиши кутилмоқда, якшанба куни эса ҳаво очиқ бўлади.

Фото: Kun.uz

Шанба куни Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.

Жума кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кун ўртасига келиб ҳаво +20…+25 даражагача исийди. Бундай ҳарорат қиш фаслининг охириги ойига қараганда баҳор фаслининг ўрталарига хос экани қайд этилган.

Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати республика шимолида +8…+13 даража атрофида бўлади.

21 феврал куни кечаси ва эрталаб республиканинг аксарият ҳудудларида (Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан ташқари) ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида эрталаб ва куннинг биринчи ярмида ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 21 феврал куни ёғингарчилик (ёмғир, қор), баъзи жойларда кучли бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда баъзида 20–25 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Шанба кундузги ҳаво ҳарорати меъёрий қийматларгача пасаяди ва +9…+14 даража атрофида бўлади. Якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди ва ҳарорат +15…+18 даражагача кўтарилади.

Дам олиш кунлари кечаси ва эрталаб республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Тошкент шаҳрида жума кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +22…+24 даража илиқ бўлади. 21 февралда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси ва кундузи +11…+13 даража бўлади.

Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечаси +3…+5, кундузи +14…+16 даража бўлади. Шамол ўзгарувчан йўналишда 3–8 метр/сония тезликда эсади, 20 февралда кечқурун ва 21 февралда 10–12 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид