Ўзбекистон | 18:44 / 13.04.2022
19038
6 дақиқада ўқилади

«Орқага иккита катта қадам» — қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига мажбурий жойлаштириш тартиби бекор қилинди

Янги тартибга биноан, эндиликда ҳеч қайси ҳужжатни қабул қилишдан олдин жамоатчилик муҳокамасига чиқариш мажбурий эмас. 4 йил олдин ўрнатилган тартиб бундан қарийб бир ой олдин бекор қилинган, Адлия вазирлиги бу ҳақда ўз ресурсларида хабар бермай келган.

Фото: Адлия вазирлиги

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари кутилмаганда янгиланиши ортидан, жамоатчиликда саволлар уйғонди, чунки мазкур ўзгаришлар тасдиқланишидан олдин белгиланган тартибда муҳокамага чиқарилмаган эди.

Маълум бўлишича, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун regulation.gov.uz порталига мажбурий жойлаштириш тартиби 2022 йил 17 мартдан бошлаб бекор қилинган.

Шу куни қабул қилинган президент фармонига асосан, 2018 йил 3 апрелдаги қарорга ўзгартириш киритилиб, ундаги «барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари» сўзлари «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида» сўзлари билан алмаштирилган.

Шу билан бирга, қандай турдаги ҳужжатлар «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга» бўлиши, бундай критерийни ким белгилаши очиқ қолдирилган.

Адлия вазирлиги 2020 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамага қўйилмаса, автоматик рад этиладиган тартиб ўрнатилишига оид талабни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга ҳам киритишни таклиф қилганди. Лекин якунда бундай тартиб ўша йили янгиланган бу қонунга киритилмаган.

Бироқ 2022 йил 17 мартга қадар амалда бўлган президент фармонига зид равишда кўплаб ҳужжатлар, ҳатто қонунлар ҳам жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинмасдан қабул қилинган ҳолатлар маълум.

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур янгиликни «иккита катта қадам орқага юриш» дея баҳолаган.

«Лойиҳаларни муҳокамага қўймасдан ими-жимида тасдиқлаб олиш имкониятидан ўзбек чиновниклари «Йўл ҳаракати қоидалари»ни умумхалқ муҳокамасига қўймасдан тасдиқлаб олишда фойдаланишди. Уларнинг назарида йўл қоидалари муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга эмас. Бу фақат бошланиши бўлади. Нега ИИВ фойдаланган усулдан бошқалар – Транспорт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ҳокимликлар фойдаланиши мумкин эмас? Албатта фойдаланишади», – дейди у.

Бакировнинг фикрича, муҳокамага қўйилмасдан қабул қилинган қарорлардан яна бирида жамоатчилик йиллар давомида талаб қилиб келган масалалар бир четда қолиб, ЙПХ ходимларининг ваколатларини асоссиз кенгайтиришга йўл очувчи талаблар акс этган.

«Хусусан, энди ЙПХ ходимидан дислокация кўчирмасини ўша жойнинг ўзида ололмайсиз. Шунингдек, ЙПХ ходими транспортни ҳужжатларни текшириш учун тўхтатганда, фақат ҳужжатларни текшириш жараёнида аниқланган қоидалар бузилиши бўйича эмас, текшириш жараёнида аниқланган барча ҳуқуқбузарликлар бўйича чора кўради.

Бу ҳаммаси эмас. ЙПХ ходимининг ўзи мастлик ҳолатига алкотестер ёрдамида ҳодиса жойида аниқлик киритиши мумкин. Бунинг учун body camera ишлаётган бўлса кифоя, гувоҳлар ҳам шартмас», – дейди жамоатчилик фаоли.

Kurbanoff.net Тelegram-канали муаллифи эса жамоатчилик таъсир кўрсатиш учун битта муҳим воситани йўқотганини таъкидлади.

«Бундан келиб чиқадики, биз турли хил қарорлар, фармонлар, фармойишлар ва бошқаларни қабул қилишга таъсир кўрсатиш учун битта муҳим воситани йўқотдик. Агар улар муҳим аҳамиятга эга бўлмаса. Илгари ҳеч бўлмаганда бизнинг фикримиз эшитилиши учун нозик имконият бор эди. Энди яна битта воситага камайди. Фол очаман, кейинчи қадам – ушбу портални навбатдаги янгилаш билан ёпиш бўлади», – дея муносабат билдирган блогер.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири адлия вазири Русланбек Давлетовдан НҲҲлар лойиҳалари президент фармонига зид равишда муҳокамага чиқарилмасдан қабул қилиниши ҳолатлари бўйича изоҳ сўраган эди.

Вазир ҳолатни ижрочилар эндигина ишлаб чиққан лойиҳалар сифатсиз экани, шу сабабли жамоатчиликда катта резонансларга сабаб бўлаётгани билан изоҳлаганди.

«Айтишимиз керакки, 2021 йилда жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилган лойиҳалар сони камайди. 2020 йилда 1378 та лойиҳа муҳокама учун қўйилган бўлса, ўтган йилда 840 ларга тушиб қолди. Бунинг сабаблари ҳам бор, чунки вазирликлар ўзлари ишлаб чиққан ҳужжатни муҳокамага қўйиб, дарров резонанслар бўлиб кетаётганди, биласизлар. У лойиҳалар сифатсиз ҳужжат, ижрочилар эндигина ишлаб чиққан. Бирорта вазирлик кўрмаган, шунга у ерда ҳар хил резонанс бўлаверганидан кейин «тўхтанглар, аввал бир вазирликлар билан ишланглар»… [дейилди].

Бундан ташқари, битта вазирлик бошқа бошқа вазирликнинг соҳасига оид ҳар хил таклифлар берадиган бўлиб кетди. Шунинг учун бунинг олдини олиш ва жамоатчилик муҳокамасида ҳам сал тартиб бўлсин, деб шу иш қилинди. Бу тўғри деб ўйлаймиз. Чунки биринчи бўлиб [лойиҳани] шу соҳага тааллуқли вазирликлар кўриб қўйиши керак. Фалон миллиард сўм ажратамиз, деб қўйиб, уни Молия вазирлигига кўрсатмагунча қандай қилиб уни чиқарасиз. Бюджетни режалаштириш керак-ку.

Президент қарорида ҳамма ҳужжатлар муҳокамадан ўтиши керак, дейилган. Лекин қонунда унақа ёзилмади. Ҳужжатлар соҳасига қараб [муҳокамадан ўтиши] керак-керакмаслари ҳам. Аниқ жамоатчилик манфаатлари билан боғлиқ масалалар бугунги кунда муҳокамага чиқариляпти», – деган эди адлия вазири.

Мавзуга оид