Ўзбекистон | 10:29 / 20.09.2018
6076
4 дақиқада ўқилади

Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича «Тараққиёт» республика танлови ўтказилади

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида ҳар 3 йилда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ўказилади.

Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йиллик иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.

“Тараққиёт” республика танловида талабгорлар 16 та номинация бўйича ўз соҳасидан келиб чиқиб иштирок этиши мумкин. Хусусан:

1. Давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги энг яхши бошқарувчи. 
2. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
3. Молия-кредит соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
4. Саноат соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
5. Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
6. Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
7. Архитектура ва қурилиш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
8. Коммунал хўжалик соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
9. Солиқ ва божхона соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
10. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
11. Таълим, фан ва инновация соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
12. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
13. Маданият, санъат ва спорт соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
14. Ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
15. Макроиқтисодиёт ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
16. Транспорт ва логистика соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.

Давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг танловда иштирок этиш даврида эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.

Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийди.

Танлов ғолиблари «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларни ўтагандан кейин тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.
Танловда иштирок этиш учун талабгорлар 2018 йилнинг 1 октябридан 30 октябрига қадар онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Батафсил маълумот taraqqiyot-tanlov.uz порталида жойлашган.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид