Таълим | 17:59 / 16.09.2025
5652
3 дақиқада ўқилади

Ёш муҳандислар танлови ғолибларига автомобиллар топширилди

Тошкентда ёш муҳандисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган «Энг яхши ғоя», «Энг яхши лойиҳа» ва «Энг яхши ихтиро» республика кўрик-танлови ғолиблари, шунингдек, «Эл-юрт умиди» стипендияси совриндорлари учун тақдирлаш маросими ўтказилди.

Муҳандислик танлови 2025 йил май-июл ойларида уч босқичда ташкил этилди ва унда 40 ёшгача бўлган 1262 нафар даъвогар иштирок этди. Лойиҳалар инновационлик, самарадорлик, амалий қўлланиш имконияти ва барқарор ривожланиш мезонлари асосида баҳоланди.

Танлов ҳар бир йўналишда уч тоифада — «Талаба», «Ўқитувчи» ва «Амалиётчи муҳандис» кесимида ўтказилди. Натижада жами 28 нафар ғолиб аниқланди. Улар орасида тўққизта йўналиш ва тоифа бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳамда «Барқарор ривожланиш учун энг яхши ихтиро» махсус номинацияси ғолиби бор.

Тадбирда тўққиз нафар биринчи ўрин ғолибига BYD электромобили топширилди. Шунингдек, иккинчи ўрин соҳибларига ва «Барқарор ривожланиш учун энг яхши ихтиро» номинацияси ғолиби бўлган ёш муҳандисга ривожланган давлатларга барча харажатлари қопланадиган стажировка йўлланмаси берилди. Учинчи ўрин ғолиблари 37,5 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди.

Таъкидланишича, «Эл-юрт умиди» стипендия дастури нафақат истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, балки узоқ муддатли давлат стратегиясининг бир қисмидир. Асосий мақсад — «Ўзбекистон — 2030» стратегияси вазифаларини ҳаётга татбиқ эта оладиган ислоҳотчилар ва етакчилар авлодини тайёрлашдан иборат.

Форум доирасида илк бор «EYUF Awards 2025» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. 7 та номинация бўйича энг яхши стипендиат тақдирланди. Булар «Йилнинг намунали стипендиати», «Йилнинг энг яхши академик ютуқлари», «Йилнинг энг ёш етакчи стипендиати», «Йилнинг намунали лойиҳаси», «Йилнинг энг яхши илмий лойиҳаси», «Ўз касбининг устаси», «Жамиятга қўшган улкан ҳиссаси учун».

Академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзбекистонлик ёшларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшган ҳамкорларга — вазирликларга, давлат идораларига ва хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарига ташаккурномалар топширилди.

2025 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси учун биринчи очиқ танлов янгиланган талаблар асосида ўтказилди. Якунда 173 нафар номзод «Ўзбекистон Республикаси президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси совриндори» деб эътироф этилди. Улар орасида 25 фоизи аёллар.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид