Ўзбекистон | 21:05 / 24.02.2021
31144
11 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» ва «Адолат» партияси депутатлари таклиф қилаётган янги қонун лойиҳаси журналист ва блогерларда хавотир уйғотмоқда

«Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари ишлаб чиққан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси жамоатчиликда хавотир уйғотмоқда. Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган бир қатор журналист ва блогерлар сиёсатчиларнинг ташаббусидан ташвишда эканини сўзлаб берди.

Лойиҳа нималарни кўзда тутади?

Қонун лойиҳасида ахборот соҳасидаги бир қатор ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилган.

Жумладан, Жиноят кодексининг 244-моддасида:

  • ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка даъват қилганлик;
  • оммавий тартибсизликка даъват қилганлик;
  • фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Бу жиноят учун жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга:

  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга оммавий даъват қилганлик;
  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернет, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилганлик учун –

– БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи норма (201-модда 1-қисм) киритилиши мумкин.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган ва ўз позициясини ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирган журналист ва блогерларнинг фикрларидан улар бу лойиҳани сўз ва фикр эркинлигига таҳдид сифатида кўраётганини сезиш мумкин.

Отабек Бакиров: «Танқидчиларга, «ёқимсизлар»га келганда бошқа ҳеч кимга ишламаётган қонун ва унинг нормалари албатта ишлатилади»

Отабек Бакиров

Telegramдаги «bankiroff» канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакировнинг бу қонун лойиҳасига муносабати салбий. У буни бир нечта омиллар мисолида тушунтирди.

«Биринчидан, бизда амалиётда қонунлар кўпроқ дўстларга эмас, нодўстларга қўлланилади. Бошқа қонунлар, ҳеч бир қонун ишламаслиги мумкин, лекин танқидчиларга, «ёқимсизлар»га келганда бошқа ҳеч кимга ишламаётган қонун ва унинг нормалари албатта ишлатилади.

Иккинчидан, мустақил суд мавжуд эмас. Яъни, масалан Ҳокимият вакиллари талабига бўйсунмаслик важи билан маҳкама очилганда айбланаётган шахс ўзининг айбсизлигини етарли далиллар бўлган тақдирда ҳам исботлаши жуда қийин. Суд ижро ҳокимиятининг бир иловасига айлантирилган шароитда бу жуда катта манипуляциялар яратади» – дейди у.

Блогернинг хулосасига кўра, Ўзбекистонда қонуннинг барчага баробарлиги, мустақил суд ва барча бўғинларда сайланадиган ва халққа ҳисобдор ҳокимият тизими яратилмагунча, Ҳокимият вакиллари талабига бўйсунмасликка даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши – яккаҳокимчиликка, ўзгача фикрга нисбатан зўравонликка ва биқиқликка томон ташланган катта қадам бўлади.

Навбаҳор Имомова: «Орқага қадамлар...»

Навбаҳор Имомова

«Америка овози» журналисти Навбаҳор Имомова Facebook'даги саҳифасида ушбу қонун лойиҳасига муносабат билдирди (муносабатни тўлиқ ҳолда журналистнинг фейсбукдаги саҳифасида ўқиш мумкин – таҳр). У лойиҳани «орқага ташланган қадамлар» сифатида баҳолайди.

«Орқага қадамлар... Шу мавзуда бугун кетма-кет учинчи постим. Олдингилари инглизча эди. Ўзбекистон қонунчилари ва мутасаддилари изоҳлар бериб, масалани тушунтиришлари мумкин, эшитамиз албатта, лекин ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам қараганда, хавотир уйғотадиган ҳолатни кузатяпмиз.

«Ахборот хавфсизлигини» таъминлаш учун халқаро медиа ва ижтимоий тармоқларга таҳдид деб қараш; одамлар қонуний ҳокимиятга қарши бош кўтариши мумкин деб, кескин чоралар кўриш – пилдираб орқага кетиш бўлади.

Ҳамманинг ўз эркинлик ва бурчлари бор. Қонун устуворлиги фуқаро ва давлат орасида ўзаро ишонч ва ҳурмат талаб қилади. Ўтган йиллар ичида агар шундай соғлом алоқа бир қарич бўлса-да ривожланган бўлса, шу кунларда парламент ва юқори идораларда кетаётган ҳаракатлар уни яксон қилади», – дейди Навбаҳор Имомова.

Дониёр Рўзметов: «Ўзгаришлардаги жумлалар ўта мужмал, тушунарсиз ва ўта кенг талқинларни келтириб чиқаради»

Дониёр Рўзметов

Сиёсий таҳлилчи, блогер Дониёр Рўзметовга кўра, киритилаётган ўзгаришлардаги жумлалар ўта мужмал, тушунарсиз ва ўта кенг талқинларни келтириб чиқаради. Бу эса қатор саволларни пайдо қилади.

«Ўзбекистонда амалга киритиш таклиф қилинаётган қонун лойиҳасидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

Биринчидан, оммавий тартибсизликка даъват қилиш ноқонуний, аммо уни жазолаш учун Ўзбекистон қонунчилигида юридик асослар аллақачон мавжуд. Ўзбекистон конституцияси ва қонунлари, Инсон ҳуқуқлари халқаро декларацияси Ўзбекистонда намойишлар ўтказишга рухсат беради ва рухсат берилмаган намойишларнинг ташаббускорлари ва ўтказувчилари жазоланади. Уни кўчада қиладими, ижтимоий тармоқлар орқали қиладими, аҳамияти йўқ.

Иккинчидан, киритилаётган ўзгаришлардаги жумлалар мужмал, тушунарсиз ва жуда кенг талқинларни келтириб чиқаради. Бу дегани исботлашнинг имкони бўлмаган ҳолатларда, масалан кимнингдир умумий гапларида «оммавий тартибсизликка чақирув кўрдик» деб сўз ва вазиятларни ўзларича талқин қилиб, айблаш ва жазолаш мумкин бўлади.

Учинчидан, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари – муқаддас тушунчалар. Уларни чеклаш, шахсий маълумотларини ва уларнинг фикр эркинликларини назорат қилишга интилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига ва Ўзбекистон республикаси конституциясига зид бўлади».

Беҳзод Мамадиев – АҚШ тажрибаси мисолида

Беҳзод Мамадиев

«Америка овози» медиа компаниясининг бошқа бир ўзбек журналисти Беҳзод Мамадиев янги қонун лойиҳаси юзасидан берилган саволга Америка Қўшма Штатларида амал қиладиган қонун мисолида жавоб берди.

«АҚШ тажрибасида бу каби масалаларнинг ҳаммаси сўз эркинлигига оид, Конституциянинг биринчи тузатиши асосида ишлайди.

Биринчи тузатишда эса «Давлат сўз эркинлиги, виждон эркинлиги ёки уюшиш ва намойиш қилиш ҳуқуқини чекловчи қонун қабул қилиши мумкин эмас», деб белгилаб қўйилган.

Бундан бошқа қонун мавжуд эмас: на журналистикага оид, на намойишлар ёки фикрни ифода қилиш ҳақидаги бошқа ҳаракатларга оид.

Давлат органлари ва фуқаролар орасида қандайдир келишмовчилик пайдо бўлса, буни суд ҳал қилади. Суд қўлида эса мана шу биринчи тузатишдан бошқа қонуний ҳужжатнинг ўзи йўқ ва албатта, шу ишга оид илгари кўрилган суд ишлари (прецедентлар) ҳам ҳисобга олинади.

Яъни сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, уюшиш ва намойиш қилиш ҳуқуқи масалаларида фуқароларга максимал эркинлик берилган; уларнинг бу ҳуқуқларини чеклаш имконияти давлат органларида жуда минимал даражага туширилган».

Анора Содиқова: «Бу янги чеклов ва жавобгарликка эҳтиёж йўқ»

Анора Содиқова

Журналист Анора Содиқованинг эслатишича, бизда ноқонуний намойиш уюштирганлик ва конституцион тузумга қарши чиққанлик учун ҳам (156-модда) жавобгарлик бор.

«Шундай экан, бу янги чеклов ва жавобгарликка эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман.

Агар ҳукумат хақиқатан халқни эшита олса, халқ муаммолари, хоҳишлари юқорига етиб борса, норозиларни ноқонуний чиқишларига эҳтиёж ҳам бўлмайди назаримда», таъкидлади у.

Фурқат Қурбонов: «Қонун лойиҳасининг ҳар бир банди ва моддалари конституцияга зид бўлмаган асосда ишлаб чиқилиб, бунда фуқаролар таклифлари инобатга олиниши керак»

Фурқат Қурбонов

Блогер Фурқат Қурбонов ҳам қонун лойиҳасидаги мужмаллик ва тушунарсиз бандлар келгусида исталган «қиёфа»га кириши мумкинлигидан хавотирини билдирди.

«Биринчидан, «қонун талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка» – буни аниқ белгилайдиган критерийлари борми?

Ватандошлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, конституцияга зид ишлардан норози бўлиб, масъул жойга биргаликда борса ёки бошқаларни бунга даъват қилса – уларга ҳам шу модда қўлланиладими?

Йўқ дейишга шошилмаслик керак. Сабаби, ҳокимият вакили уларга: «Бу ерни тарк этинг, даъво, аризаларингизни ёзма равишда беринг», деса-ю, лекин фуқаролар бунга бўйсунмаса, нима бўлади? Бу вазият шу модда қўлланилишига асос бўла оладими?

Иккинчидан, оммавий тартибсизлик. Бу матнда бир қарашда ҳаммаси равшандек. Лекин оммавий тартибсизлик деган тушунчанинг ўзини аниқлаштириб олиш керак. Қандай ҳолатлар оммавий тартибсизликка киради ва неча кишидан иборат жисмоний шахслар омма ҳисобланади?

Яқинда Тошкентда, солиқ идораси ёнида бир гуруҳ тадбиркорлар ҳисоблари музлатиб қўйилгани учун йиғилиб, ўз норозиликларини билдиришгани ҳам оммавий тартибсизликка кирадими?

Учинчидан, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш – бу ўз-ўзидан жиноят дегани. Сабаби, гап зўравонлик қилишга ундаш ҳақида кетмоқда. Лекин, тушунишимча, бу ерда гап нафақат оддий фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилишга, балки ҳокимият вакилларига ҳам қарши зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш назарда тутилган бўлиши мумкин. Бу ҳам жиноят. Сабаби зўравонлик қилишга на фуқаронинг, на ҳокимият вакилларининг қонуний ҳаққи йўқ».

Қонунни чиқараётганлар нима фикрда?

Алишер Қодиров

Kun.uz мухбири фикр, сўз ва намойиш ҳуқуқлари чекланиши мумкинлиги бўйича хавотирларни уйғотган мазкур қонун лойиҳаси юзасидан унинг ҳаммуаллиф ташаббускори – «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодировдан ҳам изоҳ олди.

«Хокимият – халқнинг кўп қисмининг ишончи орқали юзага келган ваколат. Ишонч ҳеч қачон 100 фоиз бўлмайди, албатта қарши томон бўлади.

Бугунги тезкор-технологик дунёда қарши озчиликни норози тўдага, тўдани эса кўпчиликнинг қарорини йўққа чиқариш учун қуролга айлантириш орқали мақсадларига эришишни ўрганиб олган кучлар пайдо бўлди.

Бу кучлар хуқуқ ва мажбуриятларга, инсон қадри ва жамиятлар қадриятларига тупуриб, олдига қўйилган вазифани бажариш учун ҳамма нарсага тайёр эканликларини кўп бора кўрсатишди ва кўрсатишмоқда. Афсуски, мамлакатимизда сиёсий тафаккур, ахборот яратиш ва уни истеъмол қилиш бўйича юқори даражадаги маданиятимиз билан мақтанолмаймиз. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар, уларни бошқарувчи гигант IT-компанияларнинг бу жараёнда ҳалол ва бетараф бўлолмаслиги кўриниб қолмоқда.

Шундай даврда ҳар қандай мамлакат, амалдаги хокимият давлат ва халқ хавфсизлигини таъминлаш учун жамиятнинг жипслиги билан бир қаторда аниқ ва таъсирчан қонунлар қабул қилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга», – деди сиёсатчи.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид