Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент туманида боғча мудираси 13 млн сўмни ўзлаштиришда айбланганди. Олий суд уни оқлади
Боғча мудираси таъминотчи фирма раҳбари билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги сохта ҳужжатлар орқали 13 млн сўмни ўзлаштирганликда айбланган. Айбсизлигига ишонган мудира буни исботлаш учун қарийб 1,5 йил вақт сарфлади.
Тошкент туманидаги 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Саодат Усмонова Олий судда оқланди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
Маълум бўлишича, Саодат Усмонова ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги жиноятларида айбланган. Суд ҳукмига кўра, Саодат Усмонова “Poytaxt G’oya Taom” МЧЖ раҳбари билан 2024 йилнинг 15 февралидан 30 апрел кунига қадар озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш-қабул қилиш далолатномасига сохта маълумотлар киритиш йўли билан 13 млн 153 минг сўм пул маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Шунингдек, у 2023 йил давомида бир нечта боғча ходимлари иш ҳақига ортиқча тўловни амалга ошириб, 20,7 млн сўм пул маблағларининг растрата йўли билан талон-торож қилинишига йўл қўйган.
ЖИБ Тошкент туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан Саодат Усмонова Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б,в,г” бандлари ҳамда 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилган. Унга 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Апелляция суди ажрими билан дастлабки суд ҳукмининг Саодат Усмоновага оид қисмини ўзгартирилган. Яъни мудирага тайинланган жазо 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 30 баравари (10,2 млн сўм) жарима жазосига туширилган.
Саодат Усмонова суд қарорлари устидан тафтиш шикояти киритган. Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 15 августдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ҳамда апелляция суди ажрими ўзгартирилган. Яъни мудира ходимларга 20,7 млн сўм пул маблағларини ортиқча тўлагани ҳолати бўйича оқланган. Ишнинг шу қисми тугатилган. Тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Боғча мудираси Олий судга шикоят киритган. Унинг шикояти асосида иш Олий судда кўриб чиқилган. Ниҳоят Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 7 апрелдаги ҳукми билан қуйи инстанцияларнинг суд қарорлари бекор қилинган. Содир этилган жиноятларда Саодат Усмонованинг дахли бўлмагани сабабли жиноят ишининг унга оид қисми тугатилган ва у айбсиз деб топилиб, оқланган.