Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент туманида яширин дори омбори аниқланди
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ноқонуний айланмага киритилган дори воситалари сақланган яширин омбор фош этилди. Омбордан катта миқдорда кафолатланмаган ва хориждан айланма йўллар орқали олиб кирилган дори воситалари аниқланди.
Фото: Давлат хавфсизлик хизмати
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1991 йилда туғилган шахс ўз яшаш хонадонида хориждан ноқонуний олиб келинган дори воситаларини сақлаб, уларни пойтахтдаги дорихоналарга сотиш билан шуғулланиб келгани маълум бўлди.
Омбор кўздан кечирилганда жами 119 турдаги, 3356 қутида бўлган 76 318 дона Frotu, Budenofalk, Gaviscon, Baraclude ва бошқа номдаги дори воситалари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Уларнинг дастлабки умумий қиймати тахминан 1 миллиард сўмни ташкил этади.
Ҳозирда дори воситаларидан намуналар олиниб, экспертиза ўтказиш учун Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига юборилди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.