Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин билан суҳбатлашган Трамп, ҳусийларда яна йўқотиш ва Россияда янги миграцион концепция – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп ва Путин Будапештда учрашмоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин пайшанба кунги телефон суҳбатида Украинадаги уруш бўйича навбатдаги саммит ўтказишга келишиб олди.
Трампнинг айтишича, у ва Путин икки соатдан ортиқ давом этган «самарали» телефон суҳбатидан сўнг келаси икки ҳафта ичида Будапештда учрашишлари мумкин. Кремл ҳам учрашув режалаштирилаётганини тасдиқлади, бироқ аниқ сана келтирилмаган.
Кремл вакили Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, суҳбат чоғида Путин Трампга узоқ масофали ракеталарни Украинага бериш тинчлик жараёнига зарар етказиши ва АҚШ-Россия муносабатларини ёмонлаштиришини айтган.
Трамп кейинчалик Оқ уйда журналистларга «Бутун умрим давомида мен битимлар қилганман. Бу сафар ҳам биз буни тез орада ҳал қиламиз, деган умиддаман», деди. Трамп–Путин учрашувидан олдин АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги жамоалар келаси ҳафта музокара ўтказиши кутилмоқда.
Бу орада Украина президенти Владимир Зеленский жума куни Оқ уйга йўл олаётгани, у ерда АҚШдан янги ҳарбий ёрдам, жумладан, узоқ масофали Tomahawk ракеталарини сўрашни режалаштиргани билдирилди.
Сўнгги кунларда Оқ уй Зеленскийга янги ёрдам беришга мойиллик билдираётгандек эди. Бироқ Трампнинг Путин билан телефон суҳбати ортидан билдирилган юмшоқ оҳанг бу ёрдамнинг яқин орада берилиш эҳтимолини сўроқ остига қўйди. Европада АҚШнинг Москвага ён босиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни яна кучайтирди.
Трамп президентликка келганидан бери Россияга қарши чоралар ҳақида тез-тез огоҳлантирган, аммо Путиннинг ҳар бир суҳбати ортидан уларни кечиктирган. Хусусан, август ойида Аляскада бўлиб ўтган саммитда Трамп сулҳга эришмоқчи бўлганди, аммо натижа бўлмади. Ўшанда айрим таҳлилчилар Путин АҚШнинг имтиёзларини «чўнтагига солиб», урушни тўхтатиш нияти йўқлигини айтган, дея ҳазиллашган.
Ғазога халқаро кучларни юбориш масаласи ўрганилмоқда
Франция ва Буюк Британия АҚШ билан ҳамкорликда яқин кунларда БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазо учун халқаро куч тузиш асосларини белгиловчи резолюцияни якунлаш устида ишлаяпти.
Бу ҳақда маълум қилган Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Паскал Конфаврёнинг айтишича, бундай куч халқаро ҳуқуқ асосида мустаҳкам пойдеворга эга бўлиши учун БМТ мандати зарур. Бу мамлакатларнинг потенциал ҳисса қўшишини осонлаштиради.
«Франция ўз ҳамкорлари билан яқин ҳамкорликда бундай халқаро миссияни яратиш устида ишламоқда ва бу жараён БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини қабул қилиш орқали расмийлаштирилиши керак. Бу резолюцияни таклиф қилиш масаласида, хусусан, америкаликлар ва британияликлар билан музокаралар давом этмоқда», деди у.
Reutersʼнинг ёзишича, АҚШ ушбу кучга ҳисса қўшиш масаласида Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Қатар ва Озарбайжон билан музокара олиб бормоқда.
Италия ҳам очиқчасига иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Аввалроқ Индонезия президенти Прабово Субианто Ғазода тинчликни таъминлаш учун 20 минг ёки ундан ортиқ аскарни жойлаштиришга тайёрлигини айтганди.
Дипломатларнинг айтишича, бу «барқарорлаштириш кучи» БМТнинг расмий тинчликпарвар миссияси бўлмайди ва дунё ҳамжамияти томонидан молиялаштирилмайди. Бунинг ўрнига, ўша резолюция миссия ва унга ҳисса қўшаётган давлатларга «мандатни бажариш учун зарур барча чораларни кўриш» ваколатини беради. Бу ибора, одатда, қуролли куч ишлатиш ҳуқуқини англатади.
Ҳаж визаси шартлари кучайтирилди
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги «Ҳаж–2026» мавсумида ўзгариш жорий қилди. Энди зиёратчида «Nusuk» платформасидан олинган соғломлик тўғрисида тиббий гувоҳнома бўлган тақдирда унга Ҳаж визаси берилади.
Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳаж сафари билан шуғулланувчи вазирлик ва идораларга ҳар бир зиёратчини синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ва ҳаж сафарига бориш лаёқатига мос келмайдиган касаллик бор-йўқлигини аниқлаш мажбуриятини юклаган.
Тиббий кўрикдан ўтмасдан ва тегишли гувоҳнома олмасдан ҳаж визасини расмийлаштириш имкони йўқ. Баёнотда, қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчилар Ҳаж сафарига юборилмаслиги маълум қилинди:
- Диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;
- Минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;
- Даврий ёки доимий равишда кислороддан фойдаланишни талаб қилувчи сурункали касалликлари;
- Жигар циррозининг оғир босқичи;
- Оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;
- Қарилик деменцияси касалликлари;
- Ҳомиладорликнинг охирги уч ойи ва фаол юқумли касалликлар
- Кимётерапиядан ўтаётган фаол онкологик касалликлар.
Саудия Ҳаж ва Умра вазирлиги мазкур талаблар бузилган ёки ёлғон маълумот берилган тақдирда чора кўрилишини билдирган.
Ҳусийларнинг юқори ҳарбий амалдори ўлдирилди
Яман ҳусийлари пайшанба куни ўзларининг юқори мартабали ҳарбий расмийси «Исроил-Америка» ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди, бироқ воқеа қачон содир бўлгани очиқланмади.
Ҳусийлар ҳарбий штаб бошлиғи генерал майор Муҳаммад ал-Ғомари «баъзи ҳамроҳларининг» ҳамда 13 ёшли ўғли Ҳусайннинг ўлими ҳақида баёнот берди.
Бироқ баёнотда ҳужумни айнан ким қилганини — сўнгги ойларда бомбардимон кампаниясини кучайтирган Исроилми ёки май ойида шунга ўхшаш кампанияни олиб борган АҚШми, аниқлаштирилмаган. Шунга қарамай, ҳусийлар расмийлари одатда Исроил ҳужумларини АҚШ билан боғлашади, чунки АҚШ Исроилга ҳарбий ёрдам беради.
Пайшанба куни Исроил ҳам ўз баёнотида ҳужумни даъвогар оҳангда эътироф этди: «Бизга зарар етказмоқчи бўлган раҳбарлари қаторидаги яна бир штаб бошлиғи йўқ қилинди. Бизнинг қўлимиз уларнинг барчасига етади», дейилади бош вазир Бинямин Нетаняҳу офиси баёнотида.
Пайшанба кунги телемурожаатида ҳусийлар етакчиси Абдул-Малик ал-Ҳуси гуруҳнинг жанговар ҳаракатларни тўхтатишга тайёрлигини билдирган, бироқ огоҳлантирган: «Агар исроилликлар Ғазо секторидаги ўз тажовузларини ёки бошқа ҳар қандай агрессив ҳаракатни қайта бошласалар, биз ҳам ҳарбий амалиётларни қайта бошлаймиз».
Россияда янги миграция сиёсати концепцияси
Россия президенти Владимир Путин Россия Федерацияси давлат миграция сиёсатининг 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги концепциясини тасдиқлади.
Янги таҳрирдаги ҳужжатда мигрантларнинг маданий ва ижтимоий интеграциясига, миллий хавфсизликни мустаҳкамлашга ва «Россия жамиятига хос қадриятларни» сақлаб қолишга эътибор кучайтирилмоқда.
Концепциянинг асосий мақсади — Россияга кўчиб келган мигрантларни нафақат мослаштириш, балки «Россиянинг анъанавий қадриятларини ҳурмат қилади, мамлакат ҳаётининг фаол иштирокчисига айланади ва доимий яшашга интилади».
Мигрантларнинг оила аъзолари учун чекловлар - агар улар мослашиш дастурларига киритилмаган бўлса, на ишлаётган, на ўқиётган мигрантлар оила аъзоларининг Россияда қолиши чекланади.
Этник анклавлар ва маргиналлашувга қарши кураш. Ҳукумат бир хил этник келиб чиқишга эга бўлган мигрантларнинг ижтимоий изоляция ва зиддиятларни кучайтириши мумкин бўлган ҳудудий концентрациясига тўсқинлик қилмоқчи.
Мавзуга оид
14:37 / 19.12.2025
Вақтинча тўхтатилган грин-карта, Украинага $100 миллиардлик қарз ва Австралияда қурол бўйича янги тартиб – кун дайжести
14:06 / 18.12.2025
Европалик сиёсатчиларни ҳақорат қилган Путин, Исроил-Миср газ келишуви ва АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджети – кун дайжести
14:48 / 17.12.2025
Венесуэла танкерларига жорий қилинган блокада, Покистон олдидаги «синов» ва АҚШга фуқаролари кириши тақиқланган 35 давлат – кун дайжести
13:53 / 16.12.2025