Ўзбекистон | 19:17 / 22.10.2022
36128
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги чорраҳада ҳайдовчиларга камера ноҳақ жарима ёзди: ЙҲХБ жарима суд орқали бекор қилинишини айтмоқда

Тошкентдаги чорраҳалардан бирида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари туфайли у жойни йўл белгисига кўра айланиб ўтаётган машиналарга жарима белгиланган. ЙҲХБ эса ҳайдовчиларга жарима фақат суд орқали бекор қилиниши мумкинлигини айтмоқда.

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Зиё ва Шифонур кўчалари кесишмасида камера ўрнатилган. Ушбу камера афтидан сфетофорнинг қизил чироғига ўтувчи, йўл чизиқларини қоидаларни бузиб босган ҳайдовчиларни фиксация қилади.

Бизга ҳайдовчи С.Жуманов ушбу чорраҳада 21 сентябр куни содир этилган қоидабузарлик учун белгиланган жарима қўллаш тўғрисидаги қарорни юборди.

Lacetti автомашинасига ҳаракатланиш чоғида йўл чизиқлари талабига риоя этмагани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 1-қисмига кўра, 150 минг сўм жарима белгиланган.

Фотодан кўриниб турибдики, йўлда қандайдир қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Тўсиқ ва четлаб ўтиш белгилари қўйилган. С.Жуманов бошқарувида бўлган Lacetti автомашинасидан ташқари барча четлаб ўтиш асносида қатнов қисмини бўлиб турувчи қўшсидирға йўл чизиғини босишга мажбур бўлмоқда.

Ўз-ўзидан, бу чорраҳада шу таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар камера наздида «қоидани бузган» барча автомобилларнинг ҳайдовчиларига жарима жўнатилган.

«Ушбу жаримани олиб ташлашни сўраб Юнусобод («Гвардейский») ЙҲХБга борсак «Чилонзорга жўнатишди, улар биз ечолмаймиз, суд бўлади, ўша ерда ҳал бўлади», деб овора қилишмоқда. Арзимаган 150 минг сўм учун неча кун қанча вақт кетяпти. Биз қоидаларни бузсак, жаримани тўлаймиз. ЙҲХБ нотўғри жарима белгилаганига жавоб бериши керак эмасми?» — дейди ҳайдовчи.

Бу вазиятда кишини ҳайратлантирувчи, ўрни келса ғазаблантирувчи ҳолат — фақат ҳайдовчиларни жаримага тортиш мумкин бўлган, камера ўрнатилган жойдагина йўлга чизиқ тортиб қўйилгани. Демак, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлганлар учун жамики йўллар аниқ-тиниқ чизиқлар билан чизилиши эмас, фақат ҳайдовчиларни жаримага тортиш мумкин бўлган жойлардагина шунақа чизиқлар бўлиши етарли.

Қолаверса, чорраҳадаги йўллардаги ажратувчи чизиқлар ҳам қоидага хилоф чизилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 апрелдаги «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 2-иловасида йўл чизиқлари кўрсатиб ўтилган. Чунончи, икки полосали йўлда қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт оқимларини ажратиш учун 1.1 ётиқ йўл белгисидан фойдаланиш кераклиги кўрсатиб ўтилган.

Аммо юқорида фотодан кўриниб турибдики, икки полосали йўлда 1.3 ётиқ қўшсидирға чизиғидан фойдаланилган. Бундай қўшсидирға чизиқ тўрт ва ундан ортиқ ҳаракатланиш бўлаги бўлган йўлларда қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситалари оқимини ажратишда фойдаланилади.

Албатта, бу нарсалар масъулларимиз учун ўта аҳамиятсиз нарсалар. «Журналистнинг келиб келиб ёпишиб олган нарсасига қараю», дейилади, чизиқни ўзлар ишлаб чиққан қоидага хилоф равишда чизганларга бирор чора ҳам кўришмайди.

Яққол кўриниб турган ушбу ҳолат учун суд жаримани бекор қилиши тайин. Аммо МЖтКнинг 316-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан 10 кун ичида шикоят берилиши мумкин. Қарор (маъмурий баённома) чиқарилганига 10 кундан ошиб кетгани важи билан шикоят суд томонидан рад этилиши ҳам мумкин.

МЖтКнинг таъкидланган моддасида 10 кунлик муддат узрли сабаблар билан ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкинлиги айтилади.

ЙҲХБ давлат рақами камерага нотўғри тушиб қолган ёки мана шу каби йўллардаги мажбурий қоидабузарликлар учун белгиланган жарималарни далолатномами, комиссия хулосаси биланми ўзлари базадан ўчириш тизимини ташкил қилишса бўлмайдими? Ҳайдовчиларни судма-суд сарсон қилиш ўрнига, ўзлари шу куни қайд этилган қоидабузарликларнинг барчасини судга топшириб, бекор қилишлари керак эмасми?

Кўчаларда ва чорраҳаларда сувоқова, телефон станцияси ва коммуникациялар билан ишловчи бошқа ташкилотлар авариявий таъмирлаш ва бошқа созлаш ишларини олиб боришади. Шундай ишлар олиб борилишидан аввал нега ДЙҲХХга хат билан алоқага чиқиб, таъмирлаш ишлари олиб борилаётган даврда камераларни ўчириб туриш ёки ДЙҲХХ шу хатга асосан камера ўчирилмаса ҳам иложсиз қоидабузарликларни қайд этмай туриш билан боғлиқ жараён йўлга қўйилмаган?

Агар йўлларда мана шундай ҳолатни вужудга келтирса, ДЙҲХХни огоҳлантирмасдан таъмирлаш ишларини олиб боргани учун барча жарималар таъмирлаш ишларини олиб борган корхона зиммасига юкланиши керак.

Аслида мана шундай йўл тутилиши энг адолатли бўлар эди.

Ўзбекистонда инсон манфаати ҳамма нарсадан устун эканлиги бош шиор қилиб белгиланган. Бундай ҳолат лоқайдлик, инсон манфаатларига беэътиборлик билан тушунтирилмайдими?

ИИВ ЖХД ЙҲХБ ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, мана шундай вазиятлар юзага келса қандай йўл тутилиши лозимлиги, ўзларининг қоидаларида ҳайдовчиларни жаримадан озод қилиш учун қандай чоралар кетма-кетлиги белгилангани ҳақида маълумот бериб ўтишини истар эдик.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид