Ўзбекистон | 16:55 / 16.08.2023
12876
5 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистонга 10 млрд кубгача Россия газини транзит қилиши мумкин

Қозоғистон ҳукумати 1,5 млрд кубдан 10 млрд кубгача ҳажмдаги Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни муҳокама қиляпти. Бу ҳажм янада оширилиши мумкин. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги шартномага кўра, Ўзбекистон 2 йил давомида йилига 2 млрд 800 млн куб метр газ импорт қилади.

Фото: РИА Новости

Қозоғистон Россиядан Ўзбекистонга 1,5 млрд кубдан 10 млрд куб метргача табиий газ етказиб беришни муҳокама қиляпти. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев сўзларига таяниб “ТАСС” хабар берди.

Нашрга кўра, Қозоғистон расмийси ҳажм янада оширилиши мумкинлигини айтган.

“Ҳозир биз 1,5 дан 10 млрд куб метргача транзит ҳажмни муҳокама қиляпмиз. Ўзбекистон энергетика тизими ва Россиянинг газни керакли ҳажмда экспорт қилиш учун тайёрлигига қараб [таъминот ҳажмини] янада ошириш мумкин бўлади”, деган Саткалиев.

Унинг таъкидлашича, Россиядан Ўзбекистонга газ транзити Қозоғистон учун иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлади.

“Қозоғистон бу транзитдан қўшимча даромад олади. Биз газ қувурлари тизимини модернизация қилиш имкониятига эга бўламиз. Ички бозорга газ етказиб бериш “Қозоқгаз” учун фойдасиз, шунинг учун бундан қўшимча даромад бўлиб, транзит “Қозоқгаз”га босимни камайтиради ва таъмирлаш, инвестиция дастурларини амалга ошириш учун нисбатан барқарор даромад манбайи бўлади”, - дейди у.

Россия билан газ бўйича йўл харитаси

2022 йилнинг охирида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзига хос уч томонлама иттифоқини ташкил этиш, шу жумладан, газ соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлаш ғояси кун тартибига чиқди. Бу борадаги таклифни РФ президентни Владимир Путин илгари сурган.

Лекин Ўзбекистон, Россиядан газ харид қилинадиган бўлса, бу иттифоқ тарзидаги келишув асосида эмас, олди-сотди шартномаси шаклида бўлишини билдирган.

2023 йил январ ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган эди. Келишувда жорий йил март ойидан бошлаб “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали реверсив тартибда Россиядан Ўзбекистонга бозор нархида газ етказиб беришни бошлаш учун зарур техник чоралар кўзда тутилган эди. Россия компанияси шунга ўхшаш шартномани деярли бир вақтда Қозоғистон билан ҳам имзолаган.

ОАВга сиздирилган хабарларга кўра, Россия томони газ иттифоқи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ узатиш тармоқлари эгалигини қўлга олмоқчи бўлган, лекин ҳар икки мамлакат буни рад этган.

Май ойи охирида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин уч мамлакат газ иттифоқи лойиҳасининг параметрларини ишлаб чиқаётганини айтганди.

30 май куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” раиси Алексей Миллер учрашувида РФдан Ўзбекистонга газ етказиш масаласи кўриб чиқилди.

16 июн куни Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.

19 июнда Ўзбекистон энергетика вазирлиги Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома тафсилотларини маълум қилди. Газ олди-сотдиси бўйича шартнома “UzGastrade” АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланган. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади. Газ импорти 2023 йилнинг 1 октябридан бошланади.

Аммо шартноманинг нарх қисми очиқланмади. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Россияга газ учун қанча тўлашини очиқлай олмаслиги, лекин нархни белгилашда миллий манфаатлардан келиб чиқилганини маълум қилди.

Июл ойида Қозоғистоннинг “Қозоқгаз” компанияси 2023 йил октябрь ойидан бошлаб “Марказий Осиё – Марказ” қувури орқали Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилди.

Аммо орадан кўп ўтмай Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия ва Ўзбекистон билан “учтомонлама газ иттифоқини” тузиш бўйича расмий таклиф олмагани, ҳамкорлик икки томонлама форматда олиб борилаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид