Жамият | 20:52 / 01.07.2024
24276
4 дақиқада ўқилади

Африкадаги катта “мерос”га ишонган аёл 90 минг долларга чув тушди

Тошкент шаҳрида яшовчи аёл халқаро фирибгарларнинг катта компания эгасидан қолган 3 млрд долларлик меросни унга ўтказиб бериш ҳақидаги ёлғонига ишониб, 90 минг доллар пулидан айрилди. У мазкур пулни тўлаш учун ўзи яшаб турган уйини ҳам сотиб юборган. ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходими Умиджон Ҳамроқуловга кўра, дунё тажрибасида бундай турдаги жиноятларнинг 70 фоизи очилмай қолади.   

Сунъий интеллект чизган сурат

Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро халқаро фирибгарларга алданиб, катта миқдордаги маблағидан айрилди. Бу ҳақда Kun.uz’га ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходими Умиджон Ҳамроқулов маълум қилди.

Ҳолат бундан икки ой олдин содир бўлган. Нигериялик фирибгарлар ижтимоий тармоқ орқали аёлга мурожаат қилиб, катта компания эгаси вафот этгани, у ўша миллиардернинг узоқ қариндоши бўлиши эътимоли борлигини билдиришган. “Қон анализингизни бизга жўнатасиз ва биз буни текшириб кўрамиз. Агар қариндошлик эҳтимоли тўғри бўлса, компания раҳбаридан қолган 3 млрд долларлик мерос сизга ўтади”, дея “қармоқ” ташлаган фирибгарлар.

Аёл эса бу ёлғонга ишонган ҳамда қон анализини жўнатган. Буни текшириш учун эса фирибгарларга минг доллар пул кўчириб берган. Бироз вақтдан сўнг у ҳақиқатан ҳам ўша миллиардернинг қариндоши бўлиб чиққани, минглаб одамларнинг қон анализлари текширилиб кўрилганида айнан уники мос келгани ҳақида “хушхабар” олган.

Шу тариқа “мерос”ни расмийлаштириш ишлари бошланган. Фирибгарлар аёлни аввалига катта миқдордаги пулни ўтказишимиз учун банкдан ҳисобрақам очишингиз ва унда 20 минг доллар пул бўлиши керак, дея алдашган.

Сўнгра босқичма-босқич “чув тушириш” жараёни бошланган: аёл фирибгарларнинг айрим ҳужжатларни расмийлаштириш, адвокатлик хизмати ва бошқа турли баҳоналарига ишониб, бир неча босқичда уларга 90 минг доллар ўтказиб берган. Фуқаронинг бунча миқдордаги пули бўлмаган. Шу сабабли, у ўз яшаб турган уйини сотиб юборган ҳамда бор пулини шу “мерос иши”га “тиккан”.

Мерос суммаси 3 млрд доллар, деб айтилган. Шу сабабли, фуқаро 90 минг доллар чиқим бўлса ҳам катта миқдордаги пулга эга бўламан, деб ўйлаган. Бу иш бўйича анчадан бери тергов ҳаракатларини олиб боряпмиз. Мазкур пуллар биринчи босқичда Туркия давлатига ўтказилгани аниқланди. Туркияга сўров жўнатиб, аниқлаб кўрсак, пуллар у ердан Европа давлатларига ўтиб кетган экан. Шу тариқа ҳозирда ушбу пул 5-6 та давлатда айланиб юрибди. Бунақа сценарийларнинг охирида пуллар оддий одамларнинг номларига очилган банк ҳисобрақамларига, яъни эгаллаб олинган шахсий маълумотлар асосида очилган онлайн ҳисобларга тушган бўлади. Бундан эса уларнинг ўзларининг ҳам хабари бўлмайди”, дейди ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходими Умиджон Ҳамроқулов Kun.uz мухбири билан суҳбатда 

Умиджон Ҳамроқуловнинг қўшимча қилишича, бу каби жиноятлар уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилади. Уларни очиш жуда ҳам қийин ҳисобланади. Дунё тажрибасида айни шу турдаги жиноятларнинг 60-70 фоизи очилмай қолади.

Олдинроқ Навоий шаҳрида ишловчи шифокор аёл чет эл фирибгарларининг 4 млн доллар нақд пул жўнатиши, унинг 40 фоизини ўзига олиб қолиб, қолганини эҳтиёжмандларга тарқатиши кераклиги ҳақидаги ёлғонига ишониб, 7,5 минг долларидан айрилганди.

Мавзуга оид