Ўзбекистон | 08:46 / 10.08.2019
13569
7 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар мурожаатлари бўйича ягона портал фаолиятига оид ҳукумат қарори қабул қилинади

Фото: Вазирлар Маҳкамаси

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив портал фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали тизим жорий этилишини назарда тутувчи “business.gov.uz” ягона интерактив портал Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, 2019 йил 1 июндан синов тарзида ва жорий йилнинг 15 июнь кунидан бошлаб тўлиқ ишга туширилган;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси қошида ташкил этилган “Call-марказ” га +998 71 211-00-00 қўнғироқ рақами ва ягона 1100 қисқа рақам ажратилган;

“Call-марказ” Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси қошидаги “Chamber Business Solutions” унитар корхонаси томонидан юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив порталнинг ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда ёхуд видео тасвир кўринишида ариза, таклиф ва шикоят шаклида берилиши мумкин.

Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

Ягона портал “Call-марказ”ининг “+998 71 211-00-00” қўнғироқ рақами ёки “1100” ягона қисқа рақамига келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ягона портал:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Интернет тармоғидаги расмий давлат ахборот ресурси;

давлат ва хўжалик органлари билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторлар ўртасидаги электрон-ахборот алоқаси инфратузилмасининг тизим ташкил этувчи элементи ҳисобланади.

Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади.

Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.

Мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.

Қонунга мувофиқ, хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига, ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.

Мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт.

Мурожаатларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг, агар бу тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъектининг илтимосига кўра унинг фаолиятига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

Тадбиркорлик субъектини, унинг вакилини ва оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этганлиги, шунингдек мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.

Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Тадбиркорлик субъектлари мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни “Call-маркази” орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли.

Тадбиркорлик субъектининг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган манзили (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилган бўлиши керак.

Тадбиркорлик субъектининг мурожаатида фаолиятида дуч келаётган муаммо ва таклифлар моҳияти аниқ ҳамда тушунарли баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факс рақамлари кўрсатилиши мумкин.

Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳолатлар бундан мустасно.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга илова қилиниши керак.

Мурожаатларни бериш муддатлари, одатда белгиланмайди.

Тадбиркорлик субъектлари ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат давлат органининг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза давлат органлари, ташкилотлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид