Жамият | 16:45 / 20.08.2022
16523
12 дақиқада ўқилади

"База ва кадрлар потенциалини йўқотиб бўлдик" – ўзбек жамоатчилик фаоллари профессионал ижтимоий ҳимоя тизими йўқлигидан норози

Аёлми, эркакми оғир вазиятга тушиб қолса, ўзига ўт қўйиш керакми? Боласини ёки қариган ота-онасини боқолмаса, ўлдириши керакми? Пулсиз, уй-жойсиз қолса, кўчада тунаши, тиланчилик қилиши керакми? Ўзбекистонда ҳалигача ижтимоий ёрдам хизматининг йўқлиги шундай фожиаларга йўл очяпти. Kun.uz жамоатчилик фаолларининг профессионал ижтимоий ёрдамни яратиш ҳақидаги таклифларини жамлади.

Фото: KUN.UZ

Ўтган 1 ой ичида Бухорода 9 ойлик чақалоқнинг буғдойзорга ташлаб кетилгани, Туркияга кетган аёлнинг 3 ёшли қизини уриб ўлдириб қўйган холаси, Тошкентда 70 ёшли аёл 96 ёшли онасини пичоқлаб ўлдиргани, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчи аёли ўзига бензиб сепиб ёқиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бундай фожиалар 1-2 йилда етилиб қолмайди, улар йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларнинг исёнидир. Иложсиз ҳолда қолаётган кишилар жамиятдан ёрдам ололмаслигини сезиб, юқоридаги каби хатоларга йўл қўйяпти. Ўзбек жамоат фаолларининг фикрича, бундай нохуш ҳолатлар ижтимоий ҳимоя тизими йўлга қўйилмаган давлатларда юз беради.

“Ижтимоий ҳимоянинг институционал асосларини ислоҳ қилиш масаласи чўзилиб келмоқда”

Блогер, жамоат фаоли Азиза Умарова Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қиладиган алоҳида бир ташкилот бўлиши, унинг таркибида болаларни ҳимоя қиладиган ва ижтимоий хизмат ходимлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи департаментлар тузиш таклифини берди.

– Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, онаси Туркияга ишлагани кетган аёлнинг уч ёшли қизчасини холаси калтаклаб, уриб ўлдирибди. Маълум бўлишича, холаси ўзини қарамоғида бўлган жиянчасини доимий равишда калтаклаб келган.

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қиладиган алоҳида бир ташкилот бўлиши шарт.

Бу ташкилот таркибида болаларни ҳимоя қиладиган департамент бўлиши керак.

Худди шу ташкилот таркибида ижтимоий хизмат ходимлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи департамент бўлиши шарт.

Худди шу ташкилот таркибида ижтимоий хизматларни ривожлантириш департаменти бўлиши шарт.

Мамлакатимиздаги бир қанча олий таълим муассасаларида ижтимоий иш йўналишида бакалавриат ва магистратурада кадрлар тайёрланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон миллий университетида бутун бошли “Ижтимоий иш” кафедраси фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур йўналиш ва мутахассислик учун ўқув режаси БМТ UNICEF ташкилотининг Болалар фонди тавсиясига кўра Columbia университети томонидан тақдим этилган.

Лекин мазкур йўналиш ва мутахассисликни битирган биронта талаба ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаган. Бундан ҳам катта бемаънилик бўлиши мумкинми?!

Яна қанча кутишимиз керак?

Барака топкурлар, келинглар, туман/шаҳарлар даражасида ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи мутахассис лавозимини жорий этинглар. Мазкур йўналиш бўйича университетни битирган, олий маълумотли мутахассислар жуда кўп, уларни ишга қабул қилинглар. Кимларнидир малакасини    ошириш ёки қайта тайёрлашга эҳтиёж йўқ, тайёр мутахассислар бор ва етарли, вақт йўқотиш керак эмас.

Эҳтимол бу иш учун Маҳалла тизимидан ҳам кимларнидир бириктириш мумкин бўлар, лекин бу акс натижа бермасмикин деган хавотир ҳам йўқ эмас...

Давлат ташкилотларининг мутасадди раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли раҳбарлар, Сизлар буни тушунишингиз керак. Биз бу борада Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги тугатилган 2016 йилдан буён оқсаб келмоқдамиз. Барча моддий-техник базани ва кадрлар потенциалини йўқотиб бўлдик. Яна озроқ вақт ўтса, умуман ҳеч нарса қолмайди.

Ижтимоий ҳимоянинг институционал асосларини ислоҳ қилиш масаласи муҳокама қилиниши узоқ йиллардан буён чўзилиб келмоқда, бу вақтда эса аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоя бўйича малакали мутахассислар хизматидан мосуво қилинган, реабилитация қилиш, психолог ёрдами кўрсатиш каби хизматлар тақдим этилмаяпти, қаровчисиз қолган болаларни доимий жойлаштиргунга қадар вақтинча парвариш қилиб турадиган (фостер) оилалар фаолияти йўлга қўйилмаган.

Ҳимоясиз қолган болалар зўравонлик ва жароҳатлар гирдобида нобуд бўлмоқда

Тушунинглар ахир, ижтимоий ҳимоя бу фақат ижтимоий тўловлар дегани эмас, ундан ташқари бу яна ижтимоий суғурта ва ижтимоий хизматларни ҳам тақдим этиш демакдир. Айнан мана шу ижтимоий хизматлар мамлакатимизда умуман тақдим этилмайди! Мутлақо йўқ! Мана шу фожиани ўз раҳбариятингизга тушунтиринг, илтимос!

Ахир сизлар ҳам шу замин фарзандисизлар, шу юртда яшайсизлар. Фарзандларингиз ҳам шу юртда яшайди. Жамият жарликка юзтубан қуламоқда. Велосипедни қайта кашф этиш ва маҳалла тизими орқали ижтимоий ҳимоя қилишни йўлга қўйиш бўйича турли тажрибалар ўтказиб кўришга вақт сарфламаслик керак. Вақт ўтяпти, гўдак болалар нобуд бўляпти. Бу ишларнинг олдини олиш керак.

Дунёдаги кўплаб мамлакатларда бўлгани каби бизда ҳам ижтимоий ҳимояни амалга оширувчи, ижтимоий хизматларни тақдим этувчи нормал ишлайдиган тизимни яратиш керак. Бу тизим Ижтимоий ҳимоя вазирлиги деб номланадими, давлат қўмитаси ёки агентлиги деб номланадими, бу муҳим эмас. Муҳими, республика-вилоят-туман/шаҳар-маҳалла вертикали бўйича фаолият олиб борадиган мустақил ташкилот бўлса бўлди. Маҳаллий даражада ижтимоий хизматлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин. Мана шу ишни қилинглар, 2-3 йилдан кейин вазият ижобий тарафга буткул ўзгарганини кўрасизлар.

«Профессионал ижтимоий хизмат тизими керак»

Давлетов канали муаллифи Қобил Хидировнинг ёзишича, ижтимоий ёрдамни шакллантириш учун ғилдиракни қайтадан кашф қилиш керак эмас. Дунёда яхши тажриба тўплаган, халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон бўйича том-том тадқиқотлар, қўлланмалар чиқарган. Сиёсий иродани кўрсатишнинг вақти келган.

– Шу йилнинг 2 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 47 ёшли аёл ходими корхонага кириш жойида устидан бензин сепиб, ўзига ўт қўйгани ҳақида тарқалган хабарлар бир неча бор кўтарганимиз — ижтимоий хизмат тизимини мутлақо янгидан барпо этиш, институционаллаштиришнинг аллақачон вақти етганини яна бир бор исботламоқда. Кимки ҳаётда оғир вазиятга тушиб, унга на жамият, на давлат ёрдам қўлини чўзса — ўз жонига қасд қилса, ҳаммамизнинг фожиамиз. Ҳар бир суиқасднинг ўз сабаблари бор, кимдадир моддий масала, кимдадир руҳий, кимдадир эса умуман бошқа масала. Аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши одатда оиладаги муҳит билан узвий боғлиқ бўлади.

Рости, аёлларга, оилаларга ёрдам берсин деб қўмита тузганмиз, вазирлик очганмиз. Мингта лавозим жорий қилганмиз — ҳоким ўринбосаридан тортиб маҳалла маслаҳатчисигача. Бюджетдан ҳар йили миллиардлаб пул ажратилади. Лекин нафи бўляптими? Тадбирбозлик, қарсакбозликдан нарига ўтилаётгани йўқ. Қийин вазиятга тушиб қолган аёлга ким қандай ёрдам беришни билмайди, узоғи билан қуруқ маслаҳат берилади, “сабр қилинг, ўтиб кетади”, дейишдан нарига ўтилмайди. Ҳамма масъулиятни ўзидан соқит қилади, кечирасиз-у, ўзини осаман деган аёл, умид қилса, ўша ташкилотлар эшигида сарсон бўлади.

Бу мавзу неча йиллардан бери кўтарилади. Бизга профессионал ижтимоий хизмат тизими керак. Модомики аёл оғир аҳволга тушиб қолган бўлса, унга керак бўлса вақтинчалик бошпана берадиган, бутун тизимни оёққа турғизадиган, малакали психологик ёки ҳуқуқий ҳимояга оладиган тизим бўлиши керак. Бу тизим ҳар хил вазирлик ва идоралар таваккалига тақсимлаб ташланган ижтимоий хизматларни ўзида жамлаши лозим. Бу биргина суицид эмас, балки оилавий зўравонлик, болалар фаровонлиги, ногиронлиги бўлган шахслар — умуман, ижтимоий заиф қатламни кўчага ташлаб қўймайдиган ДАВЛАТ кафолат тизими бўлиши керак.

Йўқса, ҳар гал юқоридаги каби фожиа юз берганида коптокни у идорадан бу идорага тепиш билан шуғулланаверамиз. Жабрдийдалар эса жабрланишда давом этаверади. Энг муҳими, бунинг учун ғилдиракни қайтадан кашф қилиш керак эмас. Дунёда яхши тажриба тўплаган, халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон бўйича том-том тадқиқотлар, қўлланмалар чиқарган. Сиёсий иродани кўрсатишнинг вақти келди, назаримизда.

«Одамлар муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак»

Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Саотова инсон бекорга жамият бўлиб яшамаслиги, шунинг учун ҳам ижтимоий ёрдам керак деган фикрни илгари сурмоқда.

– Тунов куни ёши 90 дан ошган онасига жарроҳликдан кейин қараб, парваришлаган, аммо унинг инжиқликларига дош беролмай, кўксига пичоқ санчиб ўлдирган 70 яшар аёл ҳақида хабар чиққанди Бугун Жиззахда 3 яшар қизчани онаси хорижга ишга кетгани, қараб турадиган холаси мунтазам уриб юрган ва охири ўлдиргани тўғрисида хабар тарқалди. Одамлар муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак. Инсон бекорга жамият бўлиб яшамайди, ижтимоий хизмат тизими зарурати ва эҳтиёжи ҳамма давлатда бор, ушбу йўналишдаги муаммоларимизни тўғри ечиш керак. Азиза Умаровани бу масалада қўллаб-қувватлайман.

“ННТларининг давлат назоратида экани, ижтимоий ҳимоя тизимининг ривожланишига йўл бермайди”

Журналист, Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко аҳолига бир марталик тарқатиладиган ёрдамлар иш бермаслигини, иш берган тақдирда ҳам уларни тарқатишни маҳаллаларга топшириш ишончсиз эканини айтмоқда.

– Ижтимоий ёрдам қийин вазиятга тушиб қолганларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир давлатга керак. Афсуски, Ўзбекистонда ҳалигача ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи ягона орган, масалан, вазирлик ёки ижтимоий ҳимоя агентлиги йўқ. Шунинг учун ҳам ижтимоий ёрдам тизимини амалга оширишда марказлаштирилган ёндашув мавжуд эмас. Машҳур “темир”, “аёллар”, “ёшлар” дафтарлари кўпчиликнинг киноясига сабаб бўлмоқда, чунки бу дафтарларни сақлайдиган маҳалла муассасасига ишонч анча паст. Бунни COVID-19 вақтида ҳомийлар тарқатган маҳсулотларни маҳалла идораларида ўғрилаб кетилганидан ҳам билиш мумкин.

Ўзбекистонда ижтимоий ёрдам деб, озиқ-овқат бериш, уйини таъмирлаб бериш каби вақтинчалик моддий ёрдам берилади.

Менимча, ижтимоий ёрдам тизимини ривожлантириш билан бирга, давлат гендер стереотипларига қарши курашиши ҳам керак. Агар қиз болалигидан асосий вазифаси турмушга чиқиш эканлигини ўрганган бўлса, кўпинча муваффақиятсиз никоҳда квартира ёки уй ва давлатдан имтиёзлар талаб қилади. Чунки болалигидан унга кимдир ғамхўрлик қилади, деган ғоя: аввал ота-онаси, кейин эри. У ерда ҳам, у ерда ҳам қўллаб-қувватлаш бўлмагач, давлат у ва фарзандлари ҳақида қайғуриши керак, деб ҳисоблайди. Афсуски, ҳеч қаерда 2-3 болали ёлғиз оналарга квартира бермайдилар (демографик инқирозга учраган мамлакатлар бундан мустасно).

 Аёллар ўқиши, ишлаши керак. Уларда ҳам тўлақонли шахсият шаклланиши керак. Аммо сериалларда итоаткор келинлар кўрсатилганда, ток-шоуларда итоатсиз хотинларни калтаклаш ўргатилганда, гендер стереотиплари акс этган видеолар тарқатилганда шахсият шаклланиши қийин. Гендер стереотипларига қарши кураш суст олиб борилмоқда ва бу аҳолининг иқтисодий фаровонлигига таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, волонтёрлик институтларини ривожлантириш керак. Улар ёшларга таълим олиш, карьера қилишда ҳам ёрдам беради. Номоддий ижтимоий ёрдам турли кўнгилли ташкилотлар ташаббуси билан ҳам шакллантирилади. Бутун дунёда ижтимоий вазифаларнинг бир қисми нодавлат ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Чунки улар молиялаштириш манбаларини топади, бенефициарларни танлайди, назорат қилади, ёрдам беради, турли дастурлар яратади, кўнгиллиларни жалб қилади. Лекин ННТларини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказишда муаммо бор. Улар ҳамон давлат назоратида бўлгани учун Ўзбекистонда бу модел яхши ишламаяпти. 

Мавзуга оид