Қиш арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга газ ва электр энергияси тўловлари учун йилда бир марта компенсация тўланади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда.

Агентликка кўра, бир марталик компенсациялар 1,4 млн муҳтож оилани қамраб олади. Давлат бунинг учун 370 млрд сўм ажратган.

Маблағлар 27 ноябрдан кейин тўлаб берилади. Октябр ойи охиригача “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Маҳалла уюшмаси ва ҳокимликлар эҳтиёжмандлар рўйхатини шакллантиради.

Компенсация оладиганлар рўйхатига қуйидагилар киритилади:

  • асосий рўйхат бўйича – “Ижтимоий ҳимоя” реестри орқали болалар нафақаси ва/ёки моддий ёрдам оладиган оилалар (1,2 млн оила);
  • қўшимча рўйхат бўйича – бошқа эҳтиёжмандлар (180 минг оила).

Қайд этилишича, бу тўлов газ ва электр энергиясига тарифлар ошиши оқибатини юмшатишда ёрдам беради.

Таъкидланишича, компенсация йилда бир марта тўланади. Миқдори – 270 минг сўм.

Эҳтиёжманд аҳоли бу компенсациядан ташқари электр энергияси ва газ тўловлари бўйича бошқа шаклдаги ёрдамни ҳам олиши мумкин. Бу ҳақда қуйироқда маълумот берилади.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги 270 минг сўмлик компенсация масаласига оид айрим саволларга жавобларни келтириб ўтган.

Агар ногиронлиги бор бола учун нафақа олаётган бўлсам, асосий рўйхатга кираманми?

Йўқ. Асосий рўйхатга “Ижтимоий ҳимоя” реестри орқали бола нафақаси ва/ёки моддий ёрдам олувчи оилалар киради. Аммо сиз қўшимча рўйхатга киришингиз мумкин.

Агар асосий рўйхатга кирсам, компенсацияни қандай оламан?

Агар оила “Ижтимоий ҳимоя” реестри орқали болалар нафақаси ва/ёки моддий ёрдам оладиган бўлса, компенсация автоматик равишда ўша картага тушади. Ҳеч нарса қилиш талаб этилмайди.

Агар бир уйда “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”дан бир нечта оила яшайдиган бўлса, ҳар бир оила 270 минг сўм оладими?