ДХХ Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган наркотик моддаларни мусодара қилди
ДХХ чегара қўшинлари хизматчилари Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб келинган гиёҳванд моддаларни мусодара қилди. Мазкур ҳолатларда қўлга олинган гумондорларга жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб келинган наркотик моддаларни тўхтатиб қолди. Бу ҳақда Telegramʼдаги Xavfsizlik каналида рейд тадбирлари акс этган видео эълон қилинди.
Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшовчи, 53, 50 ва 39 ёшли 3 нафар фуқаро Тожикистондан 10 кг 50 гр опий ва 10 кг 29 гр гашиш моддаларини контрабанда йўли билан олиб ўтган вақтида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинди.
ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда наркокурерлар томонидан Афғонистондан олиб келиниб, Музработ тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 кг 953 гр опий ва 4 кг 116 гр гашиш моддаларини қабул қилиб олган.
Бу вақтда Термиз шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотик моддаларни Термиз шаҳрида қабул қилиб олган вақтида 48 ёшли Қозоғистон фуқароси ушланди.
Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам наркокурерлар томонидан хуфия жойга қолдириб кетилган 922 гр опий ва 4 кг 203 гр гашиш моддаларини олиб, доимий яшаш манзилига кетмоқчи бўлган вақтида Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 47 ёшли фуқаро ушланди. Мазкур шахс ушбу моддаларни ҳар бир килограммини афғонистонлик наркосавдогарлардан 2300 доллардан сотиб олган.
Сариосиё туманида қайд этилган ҳолатда Денов туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган 56 ёшли шахс тўхтатиб текширилганда, унинг ёнида 4 кг 80 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Бу йўналишда ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам тезкор тадбирлар ўтказишди. Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 45 ёшли шахс бошқарувидаги Gentra русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 975 гр опий моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 789 гр опий ҳамда 5 кг 239 гр гашиш моддалари олинди. Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган ушбу гиёҳванд моддани Қўқон шаҳрида сотишни режалаштирган.
Бошқа ҳолатда эса муқаддам қирғизистонлик наркокурерлар томонидан Қувасой шаҳри ҳудудидаги яширин жойга қолдириб кетилган 4 кг 922 гр гашиш моддасини олиб, доимий яшаш манзилига кетаётган вақтида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 26 ёшли шахс ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Мавзуга оид
16:18 / 10.12.2024
Суриядаги урушда қатнашиб, вазиятни ёритаётган ўзбекистонлик шахс қидирувда экани маълум қилинди
18:57 / 07.12.2024
Доминикана расмийлари рекорд даражадаги 9,5 тонна кокаинни мусодара қилди
23:01 / 27.11.2024
Фарғонада 750 млн сўмлик iPhone телефонларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди
12:38 / 25.11.2024