1 февралдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, жарималар ҳамда стипендиялар миқдори оширилади
Президент қарорига кўра, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 747 минг 300 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) — 245 минг сўм этиб белгиланди.
БҲМ миқдори 245 минг сўм этиб белгиланиши ортидан БҲМга боғланган маъмурий ва бошқа жарималар миқдорлари ҳам ошади.
Вилоятлар марказларида туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатиш бошланади
“Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига мувофиқ, туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида, 2021 йил 1 февралдан барча вилоятлар марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса — бутун республика ҳудудида кўрсатилади.
Маълумот учун, туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари:
- боланинг ота-онаси ёки васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки уларнинг яқин қариндошларига ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахсларга туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома бериш;
- туғилганликни қайд этиш;
- поликлиникага ҳисобга қўйиш;
- бир марталик нафақа пулини олиш;
- болани отаси ёки онаси ёҳуд васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси доимий рўйхатда турган манзили бўйича рўйхатга қўйиш;
- болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматларини қамраб олади.
Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан экспортчи ташкилотларга экспортолди молиялаштириш ажратилади
“2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан экспортчи ташкилотларга экспортолди молиялаштириш ажратилишини таъминлайди.
Бир қатор нефт маҳсулотларига солиқ ставкалари оширилади
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонунига асосан қуйидаги бир қатор нефт маҳсулотларига солиқ ставкалари оширилади:
- Аи-80 тоннасига ;
- Аи-90 ва ундан юқори;
- авиакеросин (синтетикдан ташқари);
- дизель ёқилғиси (синтетикдан ташқари);
- ЭКО дизель ёқилғиси (синтетикдан ташқари);
- дизель ёки карбюратор (инжектор) двигателлари учун мотор мойи.
Бундан ташқари, Қонун билан тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг ҳам солиқ ставкалари оширилади.
Судьяликка номзодлар имтиҳони Интернет тармоғида онлайн ёритиш тартиби амалга киради
Президент фармонига мувофиқ, суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:
- илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;
- судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
- судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, 1 февралдан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари ва хом ипакнинг олиб чиқилишини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.
Мавзуга оид
13:59 / 29.10.2024
Камбағалликни қисқартиришда янги дастур, заргарлик буюмлари импортида енгиллик ва чиқинди қарздорлиги учун “жазо” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
14:36 / 28.09.2024
Оширилаётган иш ҳақи, давлат харидларидаги шаффофлик ва овчилар учун янги тартиб – 1 октябрдан нималар ўзгаради?
14:09 / 26.08.2024
Пенсиялар ошади, ўқувчиларга бепул автобус ва солиқчиларга янги ваколат – 1 сентябрдан нималар ўзгаради?
18:12 / 29.07.2024