Ўзбекистон | 11:05 / 27.07.2021
754
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 100 нафар талабанинг 640 млн сўмлик бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2021 йил 19 июлдаги махсус қарори қабул қилинди. У асосида ОТМда шартнома асосида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилиши белгиланди.

Қарорга мувофиқ, шаҳар ва туманлардан олий ўқув юртларида шартнома асосида таҳсил олаётган 100 нафар талабанинг 2021/2022 ўқув йили учун бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Тўловлар ота-онасидан ёки уларнинг биридан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ва боқувчисидан айрилган ёлғиз бошли хотин-қизларга ажратилган.

Бунинг учун зарур бўлган 640 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шартнома тўловларининг тўлиқ тўлаб берилишини таъминлаш ҳамда ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш бўйича тегишли вазирлик ва олий ўқув юртларига вазифалар берилди, дейилади Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Жўқорғи Кенгес 253 нафар талабанинг бир йиллик 1 млрд 546,2 млн сўм шартнома пулини тўлаб берганди.

Мавзуга оид