Ўзбекистон | 23:13 / 17.07.2021
121730
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 14 тоифадаги фуқаролар коронавирусга қарши эмланиши шарт деб белгиланди

Ўзбекистонда 18 ёшдан катта бўлган бир қанча аҳоли қатламлари коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмланиши шарт этиб белгиланди.

17 июл куни Республика махсус комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Махсус комиссия қарорига кўра:

  • 2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза вакциналари;
  • 1 октябргача 2-доза вакциналари;
  • 1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.

Улар қуйидагилар:

— аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектларининг (давлат хизматлари марказлари, почта бўлинмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқаларнинг) ходимлари;

— барча турдаги савдо объектларининг (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак дўконларининг, дорихоналарнинг ва бошқаларнинг) ходимлари;

— спорт мактабларининг ҳамда спорт иншоотларининг ходимлари;

— маданий ҳамда кўнгилочар объектларнинг ва дам олиш масканларининг ходимлари;

— меҳмонхоналарнинг, уй меҳмонхоналарининг, хостелларнинг, отелларнинг, ётоқхоналарнинг ва кемпингларнинг ишчи-ходимлари;

— йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ходимлари;

— давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг ходимлари;

— ҳарбий хизматчилар;

— умумий овқатланиш корхоналарининг, хусусан, жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш шохобчаларининг, чойхоналар, тўйхоналар, кафелар ва ресторанларнинг ходимлари, шу жумладан, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;

— барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектларнинг ходимлари;

— коммунал хизмат соҳаси ходимлари;

— алоқа ва телекоммуникация объектларининг ходимлари;

— давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ходимлари;

— ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари.

Қайд этилишича, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқариш ваколатига эга.

Ушбу қонуннинг 30-моддасида санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар мажмуига профилактик эмлашлар ўтказиш ҳам киритилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 2015 йил 15 мартда тасдиқланган 0239-07-сонли “Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси” санитария қоидалари ва нормаларидаги эпидемиологик кўрсатма асосида эмлаш жадвалига коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тартиби юзасидан қўшимча киритилди.

Мажбурий эмлаш ҳақидаги қарор шу ҳужжатлар билан  асосланган.

Мавзуга оид