Ўзбекистон | 20:27 / 28.01.2022
15605
3 дақиқада ўқилади

Чиқинди учун тўловни электр энергияси тўловига боғлаб қўйиш таклиф этилмоқда

Ўзбекистонда аҳолининг чиқиндини олиб кетиш хизматларидан қарздорлиги 417 миллиард сўмга етган, бу эса соҳа ривожига тўсиқ бўляпти, дейди Экоқўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Kun.uz билан суҳбатда.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси чиқинди соҳаси вакиллари билан йиғилиш ўтказди. Унда турли вилоятлардан келган хусусий сектор вакиллари, яъни айнан шу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар – кластерлар эгалари ўз муаммоларини очиқ айтиш, тўғридан тўғри Экология қўмитаси раҳбарлари билан фикр алмашиш имконига эга бўлди.

Экоқўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Kun.uz билан суҳбатда тадбиркорларни қийнаётган энг муҳим масалалардан бирига тўхталди.

“Чиқинди соҳасини хусусийлаштириш давом этяпти. Ҳозир бу йўналишда ҳар бир вилоятда кластерлар ташкил қилинган. Тадбиркорлар бу хизматларни давлат зиммасидан оляпти, давлат–хусусий сектор шерикчилиги вужудга келяпти. Энди улар чиқиндини аҳоли яшаш пунктларидан олиб чиқиб кетади, ташийди, саралайди ва полигонларга олиб боради. Давлат эса уларга субсидия, имтиёзли кредит ва бошқа кўринишларда ёрдам беради.

Чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизмати учун аҳоли тўлов тўлайди, бундан хабардорсиз. Ана шу тўловлар бўйича аҳолининг тадбиркорлардан қарздорлиги республика бўйича 417 миллиард сўмга етди ва бу миқдор ошиб боряпти. Бу эса соҳадаги тадбиркорларнинг сифатли хизмат кўрсатмаслигига олиб келяпти. Улар бу тўловларни аҳолидан йиға олмагандан кейин, табиийки, ўз кластерини ҳамда соҳани ривожлантира олмайди; давлатдан, банкдан олган кредитларини сўндира олмайди ва оқибатда банкротлик ёқасига келиб қолади. “Тоза ҳудуд” ДУК, кластерлар, “Махсустранс” корхоналаридаги катта муаммо шу.

Биз ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўргандик. Айрим давлатлар ушбу тўловни электр энергияси тўловига боғлаб қўйган, айрим давлатларда аҳолидан йиллик мажбурий тўлов ундирилади. Биз ҳам чиқинди олиб чиқиш учун тўловларни электр энергияси тўловига, аниқроғи, унинг биллинг тизимига боғлаб қўймоқчимиз. Бу ҳозирча лойиҳа кўринишида. Аҳолида янглиш фикр уйғонмаслиги, яъни светнинг нархи ошибди, демаслиги учун фақат биллинг тизимидан фойдаланамиз.

Бу қандай бўлади? Сиз электр учун тўлов қилаётганингизда сизга чиқинди учун тўловни амалга оширмаганингиз ҳақида билдиришнома келади. Биринчи ва иккинчи ҳолатда чиқинди учун пул тўламасангиз, чироғингиз ўчмайди, аммо учинчи билдиришномадан кейин сиздан электр энергия учун тўлов қабул қилинмайди ва табиийки, светингиз ёқилмайди.

Ҳозирда бу борада Энергетика вазирлиги билан музокара олиб боряпмиз. Соҳага шу томондан кўмак бермасак, аҳоли тўлов маданиятини шакллантириб, мажбуриятларини бажаришини таъминламасак, чиқинди соҳаси фалажланиб қолади, оқибатда ҳудудларимиз чиқиндига тўлади”, – дея тушунтириш берди Исломбек Боқижонов.

Мавзуга оид