Тошкентда Адиблар хиёбони очилди
Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонига ташриф буюрди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, бу борадаги режа 2017 йил 3 февраль куни мазкур боғга ташриф чоғида белгиланган. Ўша йили 18 апрелда давлат раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилган.
«Ўтган вақт мобайнида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди.
Илгари бу ерда саноқли адибларимизнинг ҳайкаллари бор эди. Гўёки, Алишер Навоийдан сўнг истеъдодли шоирлар етишиб чиқмагандай таассурот пайдо бўларди.
Шу боис Адиблар хиёбонини ғоявий-бадиий жиҳатдан янада бойитиш мақсадида Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг сингари атоқли намояндалар хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари ҳам яратилди.
Ҳазрат Навоий бобомизнинг муҳташам ҳайкали атрофида 20дан зиёд атоқли шоир ва адибларнинг ҳайкаллари яхлит меъморий ва бадиий композицияда, мантиқий ечим асосида жойлаштирилди. Шу ерда Ёзувчилар уюшмаси учун бино барпо этилгани ҳам ҳамоҳанглик касб этди.
Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюриб, Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйди. Хиёбонда амалга оширилган ишлар ва яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар билан учрашувда миллий адабиётимизни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, галдаги муҳим вазифалар ҳақида сўз борди.
– Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Юртимизда ижодкорларнинг асарлари доимий равишда чоп этиляпти. Энди уларни дунёга олиб чиқиш кераклиги таъкидланди.
Масалан, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари ижодкорларнинг асарлари хорижий тилларда нашр этилмоқда. Лекин бу ишлар таржимонларнинг ўз ташаббуси ва қизиқиши билан бўляпти.
Бу борада Ёзувчилар уюшмаси ташаббускор бўлиши, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан биргаликда ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини турли тилларга таржима қилиб, нашр этиши зарурлиги қайд этилди.
Адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантириш, ҳар бир адиб ҳайкалини муайян олий ўқув юртига бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича тавсиялар берилди. Хиёбон билангина чекланиб қолмасдан, адиблар ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида китоблар ва фильмлар яратиш, янги асарлар ёзиш муҳимлиги таъкидланди.
- Мана, «замонамиз қаҳрамонлари», деб кўп гапирамиз. Бугун бу қаҳрамонлар коронавирусга қарши курашаётган фидойи шифокорларимиз, мард ҳарбийларимиз, саховатли тадбиркорларимиз, ватанпарвар ёшларимиз. Уларнинг жасорати ҳақида ўқишни ҳаммамиз хоҳлаймиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги ёшлар интернетдан, электрон адабиётлардан кўпроқ фойдаланиши, лекин миллий адабиётимиз хазинасини интернетда тарғиб этиш яхши йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис президентимиз «Адиблар хиёбони» деб номланган интернет портали ташкил этиш таклифини билдирди.
Унда мумтоз ва замонавий асарларнинг электрон нусхалари, ёзувчи ва адабиётшуносларнинг маҳорат сабоқлари жамланади. Портал ўзбек, инглиз ва рус тилларида фаолият кўрсатса, ундан хорижлик мухлис ва мутахассислар ҳам фойдаланиши имконияти яратилади.
Шу ерда олий таълим муассасаларининг адиблар ижодини ўрганиш бўйича тақдимотлари ўтказилди. Давлатимиз раҳбари хиёбон ёнида ташкил этилган кутубхонани ҳам кўздан кечирди», – дейилади президент матбуот хизмати пресс-релизида.
Мавзуга оид
23:47 / 26.11.2024
Тошкентда юк машинаси билан тўқнашган Isuzu ҳайдовчиси ҳалок бўлди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
21:02 / 26.11.2024
Тошкент шаҳридаги айрим автобуслар ҳаракати йўналиши вақтинча ўзгартирилади
22:20 / 25.11.2024