Жаҳон | 19:48 / 29.05.2026
18579
6 дақиқада ўқилади

Россияда муфтийлар ҳибсга олинмоқда

Уларга порахўрликдан тортиб терроризмгача бўлган айбловлар қўйилмоқда. Экспертлар ҳисоблашича, бу Россия мусулмонлари диний идораси раиси Равил Гайнутдинга қарши кампания ҳисобланади.

Фото: Вячеслав Прокофьев / ТАСС / Profimedia

Май ойида Россиянинг турли регионларида муфтийлар ҳамда бошқа мусулмон диний арбоблар ва жамоатчилик фаоллари ушланаётгани ва ҳибсга олинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Уларнинг айримлари террорчилик моддаси бўйича – «Мусулмон биродарлар» ташкилоти билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда. Исломшунос сиёсатшунослар, мустақил журналистлар ва ҳатто Z-блогерлар ҳам бу таъқиблар тўлқинининг мақсади сифатида хавфсизлик кучларининг Россия Мусулмонлар идораси ва шахсан унинг раҳбари муфтий Равил Гайнутдин билан курашини кўрсатмоқда. «Медуза» бу ҳақда нималар маълум эканини кўриб чиқди.

Россияда машҳур муфтийлар ва мусулмон диний арбоблар қўлга олинмоқда

Мамлакатнинг турли ҳудудларида муфтийлар, мусулмон диний ва жамоат арбобларининг ушланиши ва ҳибсга олиниши ҳақидаги хабарлар май ойи ўрталарида пайдо бўла бошлади. Бир қарашда бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта асосий ишни ажратиб кўрсатиш мумкин.

  • Саранскда Мордовия муфтийси Раил Асаинов пора беришда гумонланиб қўлга олинди. Кучишлатар тузилмалар версиясига кўра, у талабалар сессияни топширишлари учун Мордовия давлат университетидаги дастурлардан бирининг раҳбарига пора беришга уринган. Асаиновни тез орада қўйиб юборишди. У билан бирга Мордовия мусулмонлар жамоасининг яна беш нафар фаоли ҳибсга олингани хабар қилинган. Уларнинг тақдири номаълум.
  • Москвада Жанубий Бутоводаги масжид имоми, Карелия собиқ муфтийси Висам Али Бардвил 15 кунга ҳибс қилинди. У Шереметеводаги аэропортда полицияга бўйсунмасликда айбланган.
  • «Коммерсант» маълумотига кўра, май ойининг биринчи ярмидаёқ «Мусулмон биродарлар» террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этишда айбланиб, «Шимоли-ғарбий мусулмонлар жамоаси»нинг собиқ раҳбари Муҳаммад Хенни, унинг қариндоши Регина Хенни, Саратов области муфтийси ўринбосари Нидал ал-Хих (фаластинлик), ингуш илоҳиётшуноси Аҳмад Тангиев ҳамда яна тўрт кишини ҳибсга олганди. Турли хабарларга кўра, бу иш бўйича фигурантлар Петербург, Саратов ва Шимолий Осетияда ҳибсга олинган.

Қўлга олинганлар ва ҳибсга олинганлар диндорлар орасида машҳур бўлган, дейди сиёсатшунос ва исломшунос Ринат Мухаметов. Масалан, москвалик имом Али Бардвил ёшлар орасида кўзга кўринган воиз ҳисобланган, чунки у дунёвий тилда ваъз қилишга ҳаракат қилган. Диншунос Аҳмад Тангиев ўз она юрти Ингушетияда нуфузли имом ҳисобланган ва аксилтеррор маърифий тадбирларида иштирок этган. Исломшунос Муҳаммад Хенни «жамоатчиликка мойил тарғиботчи» деб аталган.

Раил Асаинов
Фото: Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси муфтийлар кенгаши

Муфтийлар иши сиёсий экани айтилмоқда

Экспертлар, мустақил нашрлар ва ҳатто ҳукуматга мойил телеграм-каналлар ҳибсга олинганлар Россия мусулмонлари диний идораси ва шахсан идора раҳбари, муфтий Равил Гайнутдин билан алоқадорлигини таъкидламоқда. «Озодлик радиоси» билан суҳбатда бўлган сиёсатшунос-исломшунос Руслан Айсин ҳамда Ринат Мухаметов гап Гайнутдин тузилмаларига тизимли зарба берадиган сиёсий таъқиблар ҳақида кетаётганига амин. Экспертлар бу кампания учун кучишлатар тузилмалар, жумладан, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) масъул деб ҳисоблайди.

Сиёсатшуносларнинг фикрича, Россия ҳукуматига содиқлигини намойиш қилишига қарамай, диний идора ва Гайнутдиннинг бошқа тузилмалари сўнгги вақтларгача Кремл сиёсатидан қисман автономияни сақлаб қолган. Мухаметовнинг таъкидлашича, диний идора раҳбарига алоқадор тузилмалар Россия давлат тизимига муваффақиятли сингиб кетган, бу эса ҳукуматга Туркия ҳамда араб давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берган. Шу билан бирга, Гайнутдин йиллар давомида Россияга ишлаш учун келган хорижликларни қўллаб-қувватлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳаракатларини танқид қилган.

Бир томондан, диний идора раҳбари дуоларида Владимир Путиннинг номини зикр қилган, ҳарбий сафарбарликни қўллаб-қувватлаган ва Украина билан уруш иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилиш бўйича шартномалар тузган. Бошқа томондан, у Кремлни муфтиятларни бирлаштиришга тўсқинлик қилгани учун танқид қилди, масжидларни бузишга қарши чиқди ва масжидлар орқали хорижликларни Россия жамиятига интеграция қилишни таклиф қилди. Гайнутдин «Крокус Сити Ҳолл»даги теракт ва Россия хавфсизлик кучлари томонидан уларга нисбатан босим кучайганидан кейин ҳам меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилишда давом этди. Шунингдек, яқинда Путинга мурожаат қилиб, мусулмонларга масжидлардан ташқарида диний маросимларни ўтказишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқулламасликни сўради.

Экспертлар ҳибсга олинганларнинг «Мусулмон биродарлар» билан алоқалари ҳақидаги версияга шубҳа билан қарашмоқда. «Узоқ йиллар давомида Россияда тақиқланган ташкилотнинг йиғилишларида қатнашиш учун жуда телба одам бўлиш керак. Фигурантларнинг аксарияти – фаластинликлар. Уларни бунга жалб этиш осонроқ. Иккинчидан, хавфсизлик кучлари Яқин Шарқдаги қарама-қаршиликдан кўприк ўтказишга ҳаракат қилмоқда: Ҳамас – „Мусулмон биродарлар“нинг бир тармоғи, демак, биз уларни шу билан қўлга оламиз», – дейди Руслан Айсин. Мухаметовнинг фикрича, тақиқланган ташкилот билан алоқалар имомларни, жумладан, араб миллатига мансубларни халқаро қўллаб-қувватловдан узиб қўйишга уринишлар билан изоҳланади.

Диний идора, Россия муфтийлари кенгаши (уни ҳам Гайнутдин бошқаради) ва ҳудудий диний бошқармаларнинг ўзи ҳамкасб муфтийлар ва тарафдорларининг таъқибга учраши юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Сиёсатшунослар фикрича, ҳибсга олишлар бутун Волгабўйига таъсир қилади, ҳудудий муфтийликлар эса Кремлга содиқлигини кўпроқ кўрсатиши керак бўлади. «Озодлик радиоси» ҳисоблашича, Россия мусулмонлари диний идораси билан рақобатлашаётган бошқа йирик исломий ташкилотлар (масалан, Талгат Тажуддин бошчилигидаги Мусулмонлар марказий диний бошқармаси) ушбу вазиятдан фойдаланиб қолиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш