Жаҳон | 21:35 / 17.01.2026
8091
2 дақиқада ўқилади

АҚШда рекорд даражада кўп мигрант ушланди

Ушлаб турилганларнинг 67 минг нафари иммиграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилиниши мумкин бўлган катта ёшли ёлғиз инсонлардир. Қолган олти минг нафар мигрант эса вояга етмаган фарзандлари бор оилалар.

Фото: Reuters

АҚШ иммиграция ва божхона хизмати (ICE) томонидан 73 минг нафар ушлаб турилибди, бу рекорд ҳисобланади, деб хабар берди CBS телеканали.

Ўтган йил ноябрида телеканал ICE 66 минг нафар мигрантни ушлаб тургани ҳақида хабар қилганди.

"15 январ ҳолатига кўра, ICE бутун мамлакат бўйича депортация қилиниши мумкин бўлган 73 минг нафар мигрантни ушлаб турибди, бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади", - дейилади телеканал хабарида.

Қайд этилишича, идоранинг 23 йиллик фаолияти давомида тутиб турилган мигрантлар сони илк бор 70 минг нафардан ошган.

Хабарга кўра, ушлаб турилганларнинг 67 минг нафари иммиграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилиниши мумкин бўлган катта ёшли ёлғиз инсонлардир. Қолган олти минг нафар мигрант эса вояга етмаган фарзандлари бор оилалар. Телеканалнинг билдиришича, ушланганларнинг 34 мингга яқини жиноятда айбланган ёки илгари судланган.

АҚШ ички хавфсизлик вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йили 2,5 миллион нафардан ортиқ мигрант мамлакатдан депортация қилинган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид