Ўзбекистон | 15:51 / 27.04.2024
14649
3 дақиқада ўқилади

Нурободда 40 йил кутилиб таъмирланган асфалт бир йилга бардош берди 

Бундан атиги бир йил аввал Нуробод туманининг олис тўрт маҳалласи аҳли байрам қилганди. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ўша ҳудудга боргач, қирқ йил давомида таъмирланмаган йўлга асфалт тўшалган эди. Бироқ, нурободликларнинг қувончи узоққа чўзилмади: иш сифатсиз қилингани сабаб унга сарфланган 33 млрд сўм маблағ ҳавога учди гўё.

“Ўтган йили Нурободнинг олис Ҳазармали, Уйшин, Олға, Меҳр, Ўртабуз қишлоқларини боғлаб турувчи 30 километрдан ошиқроқ йўл таъмирланди. Бу йўллардан қатновчи аҳолининг узоқ йиллар тортган азобини фақат шу ерликлар билади. Бу йўллардан юрган ҳеч бир каттакон қайтиб кирмаслиги аниқ эди.

2023 йилда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ташаббуси билан ушбу йўлга асфалт тўшалди. Афсуски, 2024 йил март ойида сел келиши оқибатида Уйшин, Олға ва Ўртабуз қишлоқларидаги сув ўтказгич қувур ва кўприкларни сув оқизиб, асфалт йўлни иккига ажратиб қўйди. Қисқа вақт ичида кўприк масаласида мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Туман ва вилоят ҳокимлигига ҳам чиқдик. Бироқ ҳаммадан бир хил –  республикадан тасдиқланиб келса, фавқулодда вазиятлардан пул ажратилса, кейин таъмирлаб берамиз, мазмунида умидсиз жавоб оляпмиз”, – демоқда мурожаатчилар.

Маълум бўлишича, ушбу йўл асосан лалми ва паст қирликлардан иборат.

“Йўл қурилишида икки ёндаги тупроқ ўртага кўтарилиб, асфалт ётқизилганди. Ёмғир ёғса ҳар тарафдан сув келиб, сойликларга қуйилади. Бизнингча, сой йўли инобатга олинмаган, қолаверса, қувир ва кўприклар сифатсиз ётқизилган”, – деб қўшимча қилишди мурожаат эгалари.

Нуробод туман ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, “Нуробод-Ўртабўз-Меҳр-Олға” ва “Тошқудуқ - Олға - Ҳазармали” автомобил йўллари Самарқанд вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси балансида бўлиб, мазкур ташкилот таркибидаги Нуробод туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ва Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси томонидан қурилган. 34 километр йўл қурилишига республика бюджетидан 33 млрд сўм ажратилган.

Мурожаатчиларга кўра, ҳудуднинг 16 мингдан ортиқ аҳолиси яна аввалги қийинчиликларни бошдан кечиряпти. Туман марказига қатнайдиган асосий йўлнинг бир нечта жойини сел олиб кетганлиги сабабли жиддий ноқулайликлар юзага келмоқда. Аҳолининг туман ва вилоят масъулларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолгач, ҳудудга яна қачондир бирор каттакон бориши ва кўприк-қувурлар созлаб берилишига умид боғлашмоқда.

Мавзуга оид