Ўзбекистон йўлларида деформацияга учраган асфалтдаги тўлқинсимон нотекисликлар (халқ тилида “гармошка”) кўп учрайди. Айрим жойларда бундай дўнгликларнинг баландлиги ҳайдовчини қўрқитиб юборади ва ЙТҲларга ҳам сабаб бўлади. Муаммо шаҳар йўлларида ҳам, шаҳарлараро магистралларда ҳам бирдек долзарб. Хўш, гап асфалтнинг сифатидами ёки юк машиналарида? Kun.uz ҳайдовчилар ва масъулларга микрофон тутди.
Бир неча йил олдин Қашқадарёнинг Муборак туманида асфалт йўлнинг тўлқинсимон нотекислиги (“гармошка”) бор жойда мудҳиш ЙТҲ рўй бериб, 8 киши ҳалок бўлган эди. Ва бу муаммо ҳозир ҳам актуаллигича турибди.
“Гармошка”лар нафақат шаҳарлараро йўлларда, балки шаҳарлар ичкарисида ҳам кўп учрайди. Тошкент ҳалқа йўлида Kun.uz билан суҳбатлашган ҳайдовчилардан бири бундай нотекисликлар авария хавфини оширишини айтади.
“Светофорга яқинлашаётганда машиналар жуда ноқулай тўхтайди. Ёнингиздаги машина бўлса, гармошка ҳисобига манёвр қилиш қийин. Ёки айримлар гармошкани кўриб, бирдан тормоз бериб қолади, авариявий ҳолатлар юзага келади”, – дейди суҳбатдош.
Тошкент автовокзалидан вилоятларга қатнайдиган таксичилар билан ҳам суҳбатда бўлдик.
“Гармошкалар Сирдарёда кўпроқ. Олдимизда қиш, қишда унақа нарсалар жуда кўп бўлади. Гармошкадан қочаман деб кимнидир қисиб юборади ё туртиб олади, ағдарилиб кетади, баллонлари дам қўйиб юборади... Ўзим неча марта гувоҳи бўлганман. Мен ҳам ўтган йили баллонимни йиртиб олдим”, – дейди ҳайдовчилардан бири.
“Жиззахдан қатнаймиз. Трассага чиққандан кейин Тошкентга келгунча жуда кўп. Сирдарёда, Бахтда бор, ямалар кўп. Баллонга зарар етади, диска қийшаяди. Ҳозирги баллонлар камирсиз, битта ямага тушсак бўлди, дам қўйяпти-да. Мисол учун, Бахтдан бурилгандан кейин гармошка жуда кўп. Гагариндан Дўстликка боргунча ҳам йўллар ўта ёмон, гармошка. Авария кўп бўлади, тойиб кетамиз. Олдинги йили шахсан ўзим шу бетонкада гармошканинг касрига қолдим”, – дейди бошқа бир ҳайдовчи.
“Самарқанд, Иштихоннинг йўли жуда ҳам расво бўлиб кетган. Гармошкаси жуда ҳам кўп. Кейин Жиззахга киришдан то чиқишгача машиналарни сакратиб юборяпти. Гармошка келган пайтда бирдан тормоз бериб қўйсак, орқадан етиб оляпти. Одамларимиз қўрқиб, дод деб юборяпти. Асосан, ҳомиладорлар қийналяпти. Мен ҳам оилам билан Тошкентдан Самарқандга бориб келишда 5-6 та гармошкага тушдим. Аёлим ҳомиладор эди, боргандан врачга кўрсатдик. “Угрожающий” деб бир ҳафталик “лечения” ёзиб берди”, – дейди яна бир суҳбатдош.















