Ўзбекистон | 17:03 / 22.04.2025
47647
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тўй қилиш тартиби янгиланади

Август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши кутиляпти. Худди шундай қўшма қарор билан тасдиқланган низом 2020 йил 1 январдан буён юридик жиҳатдан амал қилиб келмоқда. Унда нималар ёзилган?

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти 21 апрел куни коррупцияга қарши курашиш бўйича янги фармон имзолади.

Фармоннинг иловасига кўра, 2025 йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тўй-ҳашам, маърака ва маросимлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари кучайтирилади.

Амалдаги қоидалар қанақа?

Ўзбекистонда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида низом бор.

Бу низом парламент палаталари кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қарори билан тасдиқланиб, 2020 йил 1 январдан кучга кирган ва ҳозир ҳам қонуний кучга эга.

2020 йил март ойида бу қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилди. МЖтКга қўшилган 1921-моддага кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартиби риоя этмаган фуқароларга 10 БҲМ (ҳозирда 3 млн 750 минг сўм), тўйхона ва кафе-ресторанларнинг мансабдор шахсларига 30 БҲМ (такрорий содир этилса, 50 БҲМ) миқдорида жарима белгиланган.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низомга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно), соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, бу тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида эса 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни («етти», «пайшанбалик», «йигирма», «қирқ», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

  • тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин маҳаллани фуқаролар йиғинини хабардор қилиши;
  • никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
  • тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;
  • шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;
  • маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотининг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, лицензияли хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар тўйхона, кафе, ресторан маъмуриятига ва ушбу хизматдан фойдаланувчиларга бу каби хизматларни кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этиши зарур.

Мавзуга оид