Жаҳон | 12:44 / 08.04.2024
5609
3 дақиқада ўқилади

Яман қирғоқлари яқинида яна иккита кема ҳужумга учради

Британия хизматларининг хабар беришича, сўнгги 24 соат ичида Яман қирғоқлари яқинида кемаларга учта ҳужум қайд этилган.

Фото: Indian Navy on X/AP/dpa/picture alliance

7 апрел, якшанба куни Яман қирғоқлари яқинида иккита кемага ҳужум уюштирилди, деб хабар берди Британиянинг Ambrey денгиз хавфсизлиги компанияси. Унга кўра, Яманнинг Ал-Мукалла шаҳридан тахминан 102 денгиз миляси жануби-ғарбда битта кема ҳужумга учраган.

Компания яқин атрофдаги кемалар экипажларини эҳтиёт бўлиш ва ҳар қандай шубҳали ҳаракат ҳақида хабар бериш ҳақида огоҳлантирди. Ambrey ҳужумни ким амалга оширганини аниқлаштирмади. Аввалроқ у Яманнинг Аден портидан жануби-ғарбда, Адан кўрфазидаги кема яқинига снаряд тушгани ҳақида хабар берган эди. 

UKMTO: Экипаж хавфсиз ҳолатда

Британия ҲДК қошидаги Денгиз савдо ташувларини мувофиқлаштириш маркази (United Kingdom Maritime Trade Operations, UKMTO) маълумотларига кўра, ҳодиса Аден портидан 59 денгиз миляси жануби-ғарбда содир бўлган, «ракета кемага яқин жойда сувга тушган». 

«Кемага шикаст етганлиги ҳақида хабарлар йўқ ва экипаж хавфсиз ҳолатда», - дейилади UKMTO баёнотида. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда, исёнчи «Ансор Аллоҳ» ҳаракатидан яманлик ҳусийчилар Қизил денгизда Британия кемаси ва бир қатор Америка фрегатларига, шунингдек, Араб денгизи ва Ҳинд океанида Исроил портларига йўл олган иккита Исроил кемасига зарба берганини маълум қилди. Ҳарбий амалиётлар охирги 72 соат ичида амалга оширилди, деди ҳаракатнинг ҳарбий вакили Яҳё Сария сўзларини келтирган Reuters. У ҳужумлар ҳақида бошқа маълумот бермади. 

Охирги 24 соат ичида учта ҳодиса

UKMTO ва Ambrey хабарларига кўра, якшанба кунги ҳужумлар Яманнинг Ходейда порт шаҳри жануби-ғарбидаги кема яқинида иккита ракета аниқланганидан бир неча соат ўтиб содир бўлган. UKMTO маълумотларига кўра, битта ракета АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари томонидан тутиб олинган, иккинчиси эса кема яқинидаги сувга қулаган. 

Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилари 2023 йилнинг ноябр ойидан бери Қизил денгиздаги ғарб савдо кемаларига дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилиб келмоқда. Гуруҳ ўз ҳаракатларини Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларига норозилик деб атади ва Исроил билан боғлиқ барча кемаларга ҳужум қилишга ваъда берди. Айни пайтда, нафақат ҳарбий кемалар, балки турли давлатларнинг савдо кемалари ҳам ҳусийчилар нишонига айланмоқда. 

Мавзуга оид