Жаҳон | 12:37 / 27.07.2024
3810
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳусийчиларнинг учувчисиз учоқлари ва денгиз дронлари йўқ қилинганини билдирди

АҚШ ҳарбийлари Ямандаги ҳусийчи исёнчиларга тегишли олтита ҳаво ва учта денгиз дронини йўқ қилганини билдирди. Ямандагилар, ўз навбатида, Қўшма Штатлар ва Британияни ҳусийчилар назоратидаги Ҳудейда шаҳрига ҳужум қилишда айблади.

Фото: Osamah Yahya/ZUMA Press Wire via picture alliance

АҚШ ҳарбийлари Яманнинг ўзи назорат қилган қисмида яманлик исёнчи ҳусийчиларнинг олтита учувчисиз учиш аппарати ва учта бошқарувчисиз қайиғи йўқ қилинганини билдирди. Бу ҳақдаги хабар 27 июл, шанба куни АҚШ Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) X ижтимоий тармоғидаги (собиқ Twitter) аккаунтида пайдо бўлди.

«Ушбу қуроллар (ҳусийчиларнинг ҳаво ва денгиз дронлари) минтақадаги АҚШ, коалиция кучлари ва тижорий кемаларга тўғридан тўғри таҳдид солиши аниқланган. Бу ҳаракатлар навигация эркинлигини ҳимоя қилиш ва халқаро сувлар хавфсизлигини оширишга мўлжалланган», дея қайд этилган CENTCOM хабарида.

Ҳусийчилар Ҳудейдага зарба ҳақида маълум қилди 

Айни пайтда, Яманнинг «Ал-Масираҳ» ҳусийчилар телеканали АҚШ ва Британияни Яман ғарбида исёнчилар назоратидаги Ҳудейда порт шаҳри аэропортига ҳужум қилганликда айблади. Телеканал эҳтимолий ҳужум тафсилотларини ошкор қилмади. Вашингтон ва Лондон бу маълумотга изоҳ бермади. 

20 июл куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Ҳудейдага ҳаво зарбалари берилган. Мамлакат расмийлари буни «сўнгги ойларда Исроилга қарши амалга оширилган юзлаб ҳужумларга» жавоб деб атади. Исроил маълумотларига кўра, зарбалар порт ҳудудидаги ҳусийчиларнинг ҳарбий объектларига қаратилган. Ҳусийчилар тузуми вакилларининг даъво қилишича, нефт омборлари ва электр станцияси ЦАҲАЛ ҳужумлари натижасида зарар кўрган, бир неча тинч аҳоли ҳалок бўлган ва яраланган. 

Бир кун аввал, 19 июл куни Тел-Авив марказидаги АҚШ элчихонаси яқинида дрон қулаган эди. Бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди. Ҳужум учун жавобгарликни Яман ҳусийчилари ўз зиммасига олди. Улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини четлаб ўтишга қодир бўлган янги дрондан фойдаланганликларини айтишди.

Ҳусийчилар фуқаролик кемаларига ҳужум қилмоқда 

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш фонида Эрон томонидан қўллаб-қувватланган яманлик ҳусийчилар 2023 йил октябр ойи бошидан буён Қизил денгиздаги тижорат ва ҳарбий кемаларга, жумладан денгиз ва қуруқликдаги учувчисиз учоқлар ёрдамида ҳужум қилмоқда. 

Шундай қилиб, 16 июл куни АҚШ Қизил денгизда иккита савдо кемасига ҳужум қилинганини тасдиқлади. Улардан бири Bentley I танкери Россиядан Хитойга ўсимлик мойини олиб кетаётган эди. Аввалроқ Британия ҳарбий-денгиз кучлари Ҳудейда яқинида иккита кема ҳужумга учрагани ва улардан бирининг экипажи кемага зарар етказилгани ҳақида маълум қилганини хабар берган эди. 

Март ойида ҳусийчиларнинг Аден кўрфазида True Confidence кемасига ракета ҳужуми натижасида уч денгизчи ҳалок бўлди, феврал ойида ҳужумга учраган Rubymar юк кемаси чўкиб кетди. Ўтган январ ойида яманлик исёнчилар Galaxy Leader ролкерини эгаллаб олган эди. 

Ҳусийчиларнинг ҳужумлари халқаро юк ташишда муаммоларга сабаб бўлмоқда ва минтақада кескинликни оширмоқда. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари минтақадаги ҳарбий иштирокини ошириб, ҳусийчилар нишонларига ҳужум қилди. 

Мавзуга оид