Жамият | 14:30 / 12.10.2021
12266
5 дақиқада ўқилади

Фермер бой бўлиши мумкинми? Асакадаги “Обод турмуш орзуси” хўжалиги фаолиятига назар

5 гектар ери ва 4 нафар ишчиси билан фаолият бошлаган “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги 6 йил давомидаги самарали фаолияти сабаб кўп тармоқли ва экспортчи йирик хўжаликка айланди.

Kun.uz Ўзбекистонда муваффақиятли иш олиб бораётган корхона ва фермер хўжаликлари билан таништиришда давом этади.

Навбатдаги манзилимиз – Андижон вилояти Асака туманида мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги.

Мазкур хўжаликнинг “Andijan golden fruits” бренди остидаги маҳсулотлари Европанинг уч давлати ва қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Яратилган имкониятлардан фойдаланган фермер бой бўла олишини исботлаган тадбиркорлар ўз даромадидан дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси ва тиббиёт муассасалари бунёд этиб, кичик ишлаб чиқариш ва умумий овқатланиш соҳаларини ҳам йўлга қўйди.

5 гектар ер майдонида иш бошлаган хўжалик раҳбари Ҳусниддин Каримов Асака туманининг мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашгани туманда полиз ва мевани қайта ишлаш заводига зарурат туғилганини ҳис эта олди. У ўз лойиҳаси билан туман ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилди. Мутасаддилар кўмаги билан хўжалик ташландиқ ҳолатга келиб қолган саноат объекти биносида иш бошлади.

Тез фурсатда Туркия, Хитой ва Россиядан ускуналар олиб келиниб, мевани қайта ишлаш заводи бунёд этилди.

Айни пайтда хўжалик ўз тасарруфидаги 180 гектар майдонда етиштирилган деҳқончилик ҳосилидан ташқари, Асака ва қўшни туманларнинг 400 тага яқин фермер хўжаликлари маҳсулотларини ҳам қайта ишлаш қувватига эга. Корхонада доимий ишчилар 200 нафарга, мавсумий ишчилар сони эса 1500 нафарга етган.

Корхона бир йилда 15 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эришди. Экспорт салоҳияти – 2 миллион АҚШ доллари.

“Бир пайтлар маҳсулотларимизни чет элга экспорт қилиш орзу эди. Юртимизда фермерлар учун яратилган шароитлар биз учун янги-янги имкониятларни очиб берди. Айни пайтда бизнинг “Andijan golden fruits” бренди остидаги маҳсулотларимиз Бельгия, Польша, Македония каби Европа давлатларига яна Россия, Қозоғистон каби кўплаб қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Корхонамизда ўзимиз ва бошқа фермер хўжаликлари томонидан келтирилган маҳсулотлар сараланиб, ювилиб, қуритилиб қадоқланади.

Ишонсангиз, ҳозир далага экилаётган булғор қалампири ёки саримсоқ пиёзимизнинг қайси давлатга экспорт қилиниши аниқ. Биз чет элликлар билан шартнома тузиб, кейин иш бошлаймиз. Ва энди масъулият бизга тушади. Маҳсулотимизни улар талаб қилган стандарт катталикда ва сифатли қилиш етиштириб беришимиз керак,” – дейди хўжалик иш юритувчиси Илҳомжон Раҳматов.

Кластернинг мавжуд ер майдонларида экин тизимли равишда экилади. Биз борган пайкалда сабзи етилиб қолган экан.

“Сиз кўриб турган сабзини 20 гектар ғалладан бўшаган жойга иккинчи ҳосил сифатида экканмиз. Яқин 20 кунларда йиғиштириб оламиз. Ҳосил маҳаллий бозорларга ва четга экспорт қилинади. Бундан ташқари, 15 гектар майдонга тўқсонбости пиёз ва саримсоқпиёзларни ҳам экдик. Токзорлардаги узумларимиз ҳам яхши ҳосилга кирди. Узумларни узиб сақлаш жойларига олиб кириб ҳаракатидамиз”, – дейди хўжалик менежери Муҳиддин Ғофуров.

“Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги ўз даромадларини янги соҳаларни ривожлантиришга сарфлаётгани эътиборга молик. Хўжалик 2021 йил бошида донни қайта ишлаш заводини ишга туширди. 600 минг АҚШ доллари эвазига Туркиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган завод йилига 30 минг тонна донни қайта ишлаш қувватига эга.

Бундан ташқари, хўжалик шу йилда 200 нафар беморни даволаш учун шароит мавжуд бўлган даволаш ва диагностика марказини ҳам ишга туширди. Мазкур тиббиёт маркази Асака аҳолисига хизмат қилиб келмоқда.

Хўжалик тасарруфида умумий овқатланиш шохобчаси ва ширинлик ишлаб чиқариш цехи ҳам иш бошлаган.

“Биз етиштираётган маҳсулотни Европа давлатлари аҳолиси истеъмол қилаётганидан жуда хурсанд бўламиз. “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалигининг бир ярим минг нафардан иборат катта оиласи янги лойиҳалар, режалар устида изланмоқда.

Мақсадимиз – маҳсулотлар ҳажми ва сифатини ошириб, кўпроқ даромад топиб, ишчиларимиз фаровонлигини ошириш”, – дейди хўжалик иш юритувчиси Илҳомжон Раҳматов.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид