Чиноздаги нефт базасида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар тарқалди. «Ўзбекнефтгаз» ёнғин қамишзорда рўй берганини маълум қилди
Бугун, 10 март куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Пахта Нефтбазаси”да ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Kun.uz мухбири вазиятга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Ташкилот матбуот хизматининг маълум қилишича, ёнғин “Пахта Нефтбазаси” ҳудудидан анча узоқда, қамишзорда содир бўлган. Видеолавҳада тасвирланган ёнғиннинг базага ҳеч қандай алоқаси йўқ.
“Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган ёнғин ҳақидаги видеолавҳа кеча, 9 март куни "Пахта Нефтбазаси" ҳудудидан анча узоқликдаги қамишзорда рўй берган. Ёнғин натижасида осмонга қора тутун кўтарилган, бунинг бизга алоқаси йўқ. Аслида, воқеа кеча содир бўлган”, деди “Пахта Нефтбазаси” раҳбари Элдор Бердиқулов.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 26 ноябр куни Чиноз туманидаги «Пахта Нефтбазаси»да 5 минг тонна сиғимли ёқилғи цистернасида ёнғин чиққан, оловни ўчириш учун 14та ўт ўчириш ва қутқарув бригадаси жалб этилганди.