Жаҳон | 18:17 / 02.11.2024
19036
2 дақиқада ўқилади

«Қайтариб олинг фуқароликни» - Россияда ўзбекистонлик мигрант Миграция бўлимида ҳужжатларини отиб юборди

У ҳарбий қўмитада рўйхатдан ўтмагани учун Россия фуқаролигидан маҳрум қилинган. Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш орқали муаммони зудлик билан ҳал қилишни ҳам истамаган.

Фото: Видеодан кадр

Томск шаҳрида Россия фуқаролигини олган собиқ ўзбекистонлик йигит Миграция бўлимида паспортини отиб юборгани, фуқароликдан ҳам воз кечгани таъкидланмоқда. Бу ҳақда Shot телеграм канали хабар берди.

Қайд қилинишича, 30 ёшли Маҳмуджон Мабубзода 28 август куни Россия Федерациясига қасамёд қилиб, фуқароликни олган. Бироқ, икки ҳафта ичида Ҳарбий қўмитада рўйхатдан ўтиш мажбуриятини бажармаган. Бу хатти-ҳаракатини Ҳарбий қўмита биносидаги узун навбатлар билан изоҳлаган.

Шундан сўнг, уни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиб, Ўзбекистонга жўнатилиши ҳақида хабар берилгач, Мабубзода инспектор билан жанжаллашиб, ҳужжатларини отиб юборган. Унга Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш орқали муаммони зудлик билан ҳал қилиш таклиф этилган. Аммо Маҳмуджон рад жавобини бериб, аразлаб, чиқиб кетгани таъкидланмоқда. Кейинроқ у ҳужжатларини олиш учун қайтиб келган.

Shot томонидан тақдим этилган видеода йигит «Қайтариб олинг фуқароликни, керак эмас», дейди. Миграция бўлими инспектори уни фуқароликдан маҳрум этилиши, 5 йил давомида Россияга кириши тақиқланиши ҳақида огоҳлантиради. Йигит «Шунақа бўла қолсин, тупурдим ҳаммасига», деб жавоб қайтаради. Ҳарбий қўмита ходими унга муаммони Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш орқали ҳал қилишни таклиф этганида, йигит «Менга ҳеч нарса керак эмас», деган. «Сиз Россияда яшашни истаган эдингиз-ку?» деган саволига, «Энди ҳаммаси тамом», деб жавоб қайтарган.

Таъкидланишича, шу куни ҳарбий рўйхатга олинишдан бўйин товлагани учун фуқаролигини йўқотган яна икки нафар эркак: 31 ёшли Шужоат Саидшарипов ва 46 ёшли Назиржон Ҳожибоев ҳам жазоланган. Собиқ тожикистонликлар жазони хотиржам қабул қилган.

Мавзуга оид