Ўзбекистон | 21:15
3709
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларнинг бир гуруҳи Ватанга қайтарилди

44 нафар шахс чартер рейс орқали Ўзбекистонга қайтди.

Иллюстратив фото / AFP

21 январ куни АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган шахсларни депортация қилиш мақсадида ушбу давлатнинг ваколатли идоралари томонидан яна бир чартер рейси амалга оширилди. Ушбу рейсда Ўзбекистоннинг 44 нафар фуқароси Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, чартер рейси АҚШ тегишли ҳукумат идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унинг «амалга оширилиши орқали Ўзбекистон фуқароларининг юртимизга хавфсиз ва ўз вақтида қайтарилиши таъминланди».

«Мазкур тадбир Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим намунасидир. Юртимиз фуқароларининг ўзга давлатларда хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни Ватанига қайтариш борасидаги ҳамкорлик давом этмоқда», дейилади хабарда.

Ўтган йилнинг апрел ойида АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида Нью-Йорк – Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси амалга оширилган эди. Унда Ўзбекистоннинг қарийб юз нафар фуқароси Тошкентга қайтарилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид