Жаҳон | 11:20 / 08.01.2025
4580
6 дақиқада ўқилади

Тинч аҳолига қўлланган кимёвий газ – Сурияда Асад режими томонидан содир этилган қатлиом тафсилотлари

2013 йилда Дамашқ яқинидаги қишлоқда Сурия армияси томонидан кимёвий қурол қўлланади. Оқибатда қарийб 2 минг киши ҳалок бўлади. Уларнинг катта қисми болалар бўлган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бундан бироз аввал президент Башар Асад Москвага қочди ва Сурияда ҳокимият исёнчи кучлар қўлига ўтди. Шу тариқа Сурияни 24 йил бошқарган Башар тахтдан мосуво бўлди ва Асадлар сулоласининг ҳукмронлиги тугади.

Асад Сурия ҳукмронлигига 2000 йилда келганди. Унгача бу давлатни 30 йил унинг Отаси Ҳафиз Асад бошқарган. Бу оила мансуб бўлган Алавийлар жамоаси Сурияда озчиликни ташкил этади.

Шу сабабли Сурия халқи аввалига Ҳафиз Асаднинг, кейин Башар Асаднинг бошқарувига қарши бўлган. Лекин уларнинг иккаласи ҳам мамлакатни жуда қаттиққўллик билан бошқарган.

Асадлар ўз ҳукмронлиги даврида мухолифатни, ўзларига қарши чиққанларни ва ўзгача фикрлайдиганларни аёвсиз жазолашади. Ота ва ўғилнинг Сурияни узоқ йиллар давомида бошқариши ҳам ана шу қаттиққўллик туфайли эди.

2010 йилда Тунисда тарихда “араб баҳори” деб номланган намойишлар бошланади. Кейинчалик унинг тўлқинлари бошқа араб давлатларига ёйилади.

Натижада Миср раҳбари Ҳусни Муборак ҳокимиятдан кетади. Ливия раҳбари Муаммар Қаззофий ўлдирилади. 2001 йилда намойишлар тўлқини Сурияга ҳам кириб келади.

Фото: alamy.com

Шундан сўнг Башар Асад ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун намойишчиларга қаттиқ чоралар қўллайди. Уларга қарши жанговар ўқлар, кимёвий қуроллар қўллана бошланади.

2013 йилда Дамашқ яқинида одамларга кимёвий қурол қўлланиши ҳам Асад тузуми томонидан содир этилган машъум воқеалардан бири эди.

Ҳодиса тафсилотлари

2013 йил 6 феврал куни исёнчилар Сурия пойтахти Дамашққа ҳужум бошлайди. Бироқ пойтахтни эгаллашнинг имкони бўлмайди. Шунда исёнчиларнинг бир қисми Дамашқ яқинидаги Гута водийсига жойлашади.

Орадан бир ойдан ошиқроқ вақт ўтгач Ҳалаб шаҳрида кимёвий қурол ишлатилади. Асад ҳукумати исёнчиларни, исёнчилар эса Сурия армиясини бу ишни содир этганликда айблаб чиқади.

Ўшанда август ойигача БМТга Сурияда 10 мартадан кўп кимёвий қурол ишлатилгани ҳақидаги маълумотлар келиб тушади.

Ташкилот кимёвий қурол ишлатилганини қоралайди ва ҳодиса юзасидан текширув ўтказиш учун Сурияга махсус комиссия юборади. Комиссия аъзолари Сурияга 2013 йил 18 август куни етиб келади.

Орадан уч кун ўтиб, 20 август куни тунда Дамашқ атрофидаги Гута водийсида исёнчилар эгаллаб турган саккизта жойда одамлар ёппасига заҳарланади.

Кимёвий қуролдаги газдан заҳарланган суриялик болалар

Жабрланувчилар зудлик билан шифохоналарга етказилганига қарамасдан кўп одам қурбон бўлади. Эрталаб Араб давлатларида бир қанча ОАВ заҳарланиб вафот этганлар сони 500 нафардан ошгани ҳақида хабар беради. Қурбонлар сони соат сайин ошиб бораверади.

Заҳарланганларда нафас олиш қийинлашгани, судурги ва бошқа аломатлар бор эди. Улар кимёвий қуролдан заҳарлангани аниқланади.

Ўшанда кимёвий қурол ишлатилиши оқибатида қарийб 2 минг одам ҳалок бўлади. Кўплаб одамлар заҳарланиб, соғлигини йўқотади.

Турли маълумотларда ҳалок бўлганлар сони 1 500 дан 2 000 нафаргача бўлгани айтилади. “Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти маълумотига кўра, Гута водийсига ҳужум чоғида 3 600 киши жабрланган ва уларнинг ярмидан кўпи ҳалок бўлган.

Асад режимининг жиноятини тан олмаслиги

Кимёвий қурол ишлатилгани ва одамлар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалгандан сўнг Сурия ҳукумати ўзини оқлаш учун қуролни мамлакат армияси эмас, исёнчилар ишлатганини таъкидлаб чиқади.

Бироқ халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, исёнчиларда кимёвий қуроллар бўлмаган. Улар фақат Сурия армиясида бўлган.

Сурияда ишлатилган кимёвий қурол

Кейинроқ халқаро ташкилотлар ва бир қатор давлатларнинг разведка хизматлари кимёвий қуролни Сурия армияси қўллаганини айтиб чиқади.

Жумладан, Франция разведкасига кўра, 20 август куни тунда ҳукумат қўшинлари исёнчилар жойлашган ҳудудларга ҳужум уюштирганда кимёвий қурол қўллаган.

2013 йил 10 сентябр куни Human Rights Watch халқаро ташкилоти “Гутага ҳужум” деб номланган 22 саҳифали ҳисоботини эълон қилади.

Унга кўра, Дамашқ яқинида кимёвий қуролни Сурия армияси қўллаган. Ташкилот ҳисоботида Сурия кимёвий қурол ёрдамида оммавий қирғин уюштиргани учун жавоб бериши кераклиги таъкидланган.

2013 йил 12 сентябр куни Европарламент Сурияда кимёвий қурол қўллангани юзасидан махсус резолюция қабул қилади.

Ҳужжатда кимёвий ҳужумлар Сурия армияси томонидан қўллангани ва бу инсониятга қарши ҳарбий жиноят экани, Европа Иттифоқи бунга аниқ ва кучли жавоб қайтариши лозимлиги айтилганди.

Россия ҳукумати ва ОАВ Сурияда кимёвий қурол билан ҳужум уюштирилганидан бошлаб, бундай ҳужумларни исёнчилар амалга оширганини таъкидлаб келади. Ҳатто Россия бу ҳақда БМТга ҳисобот ҳам киритган.

Бунга жавобан Ғарб давлатлари исёнчиларда кимёвий қуроллар бўлмагани ва уларни Сурия армияси қўллаганини таъкидлайди.

Сурияда текширув олиб борган БМТ мутахассислари
indiatvnews.com

2013 йил октябр ойида Кимёвий қуролларни тақиқлаш халқаро ташкилоти Сурия армияси ихтиёрида бўлган кимёвий қуроллар захирасини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказади.

Ана шу иш ҳам Гутада кимёвий қуролларни Сурия армияси қўллаганига бир исбот сифатида кўрилади. Чунки Сурия армияси ихтиёрида кўп миқдорда кимёвий қуроллар захираси бор эди.

Бироқ Асад армияси ундан кейин ҳам исёнчи кучларга ва уларни қўллаётган тинч аҳолига нисбатан кимёвий қуролларни ишлатишда давом этаверди.

Жумладан, 2017 йил 4 апрел куни Идлиб провинциясидаги Хон-Шайхун шаҳрида кимёвий қуроллар ишлатилади ва оқибатда қарийб 100 киши ҳалок бўлади. 550 киши турли даражада заҳарланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид