Жамият | 20:21 / 23.05.2024
7516
8 дақиқада ўқилади

Судялар моддаларни қўллашда “айланиб ўтяпти” — экспертлар оиладаги зўравонликка қарши қонун қандай ишлаётгани ҳақида

Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган қонун қабул қилинганига бир йил тўлди. Қонун устида ишлаган экспертлар билан суҳбатда судларда бу қонуннинг қандай талқин қилинаётгани, қонун ўрнида ўтаётган “раҳбарларнинг гапи” ҳақида сўз боради.

Қозоғистонда хотини Салтанат Нукеновани қийнаб ўлдирган собиқ амалдор Бишембаевнинг суд жараёнларида берган кўрсатмалари дунё ҳамжамиятини ҳайратга солди. Яъни ўта шафқатсизлик билан ўлдиришга бериладиган 20 йил ёки умрбод қамоқни эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш тўғрисидаги моддага алмаштиришга уриниш. Шу кунларда Наманганда 68 ёшли шахснинг 7 яшар қизчага қилган зўравонлиги учун аввалига жиноий иш қўзғатилди, кейин эса қайта малакаланиб у қамоққа олинди. Ҳар иккала ишда ҳам “моддалар ўйини”ни кўриш мумкин.

Салтанат ўлими фонида Қозоғистонда ҳам оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортувчи қонун қабул қилинди. Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, оиладаги зўравонликка қарши жиноий жавобгарлик кучайтиришни белгилаб берган қонун қабул қилинганига 1 йил бўляпти. Kun.uz мазкур қонуннинг қандай ишлаётганини таҳлил қилиш мақсадида жамоатчилик фаоллари ва қонун устида иш олиб борган экспертларни суҳбатга тортди. 

Камола Алиева, ҳуқуқшунос:

“Оилавий зўравонликнинг жиноят сифатида эътироф этилиб, маъмурий ва жиноий кодексга киритилиши мамлакатимиз учун жуда катта ютуқ бўлган. Бунга бир йилдан ошди ва шу даврда ҳимоя ордерлари билан бирга суд қарорлари ҳам қабул қилинмоқда.

Баҳо бериш учун бир йил эртадир балки. Лекин олиб борилаётган тадқиқотлар юзасидан гапирадиган бўлсак,Тошкент давлат юридик университетининг 2 нафар тадқиқотчилари томонидан мана шу суд қарорлари кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди. Таҳлилга кўра, оилавий зўравонликда айбланаётган зўравонни жазолаш билан бир вақтнинг ўзида шу аёлларнинг ўзини ҳам жазолаётгани маълум бўлган. Бунақа парадоксал ҳолат ҳеч қайси ҳуқуқ тизимида йўқ эканини айтишган.

Қонунни қўллашда судялар аёлга нисбатан шахс сифатида эмас, бўйсунувчи хотин сифатида қарашаётганига гувоҳ бўламиз. Қонуннинг тўғри ишлашини таъминлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини буни тўғри татбиқ этишга ўргатиш керак. Ундан кейин вазиятга баҳо бериш мумкин, аммо айни пайтда қонун икки тарафга ишлаяпти.

Суд қарорларида ҳам бу ҳолатни кўришимиз мумкин. Судялар томонидан ишларда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 59/2 моддасини қўллашда яраштирув бўлмаганлиги сабабли бошқа тарафдан айланиб ўтиб, 21-модда билан, яъни ижтимоий хавфлилиги юқори бўлмаган жиноят эканлигига урғу бериб, оилавий масала сифатида қараб ишларни ёпиб юбораётганлигиниям кўришимиз мумкин.

Қонуннинг қабул қилинганлиги яхши, биз бу картинани кўришимиз керак эди. Чунки қаерда, қай тарафдан келиб ишлашимиз ва бу муаммога қандай ёндашишимизга “шпаркалка” вазифасини ўтайди.

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, 2024 йилнинг

1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 344 нафарига жарима жазоси, 1 999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Дилфуза Қуролова, ҳуқуқшунос:

“Қонун қабул қилинганида статистика кўп бўлишини айтган эдим. Ўйлашимча, йил охирида бундан ҳам кўп бўлади. Кейинги йил ҳам кўп бўлади. Чунки бундан аввал бу статистика 0 бўлган. Бундай малакаланувчи оилавий зўравонлик деган жиноят тури бизнинг қонунчиликда бўлмаган.

2023 йилнинг апрелидан кучга кирди ва статистика 0дан юқорига қараб ўсишни бошлади. Одамлар бу қонун ҳақида билишлари, маълумотга эга бўлишлари учун бу рўйхат кўтарилиши керак. Оилавий зўравонлик ҳатто ҳуқуқбузарлик ҳисобланмагандан кейин одамларнинг хаёлига келмайди бу. Аста-секин бу статистика кўтарилгандан кейин уларда тушунча пайдо бўлади: урса жазоланиши ёки қамалиши мумкинлиги ҳақида. Аҳолига шундай фикр сингганидан кейин бу статистика пасаяди. 4-5 йилдан кейин бу статистика камайиши керак, деб ўйлайман”.

Мазкур Қонун билан 5 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган, оилавий зўравонлик, шилқимлик учун жавобгарлик белгиланган эди. Шу ўринда ҳуқуқшунос қонундаги янада такомиллаштирилиши керак бўлган ўринлар ҳақида тўхталиб ўтди.

“Агар оилавий зўравонлик содир этилганда яраштирув бўлиб, суд тугатилса, ҳеч кимга судлов берилмайди. Бу дегани кейинги сафар қайтиб зўравонлик содир этилганда яна биринчи марта юз бераётгандай қабул қилинади. Ҳали статистикани кузатишда давом этамиз. Мана шу зўравонлар неча марта ҳуқуқбузарлик қилган бўлса ҳам агар унга жарима ёки бошқа жазо берилмаган бўлса, у яна зўравонликни давом эттираверади. Қайси босқичда бўлмасин зўравонга ҳеч бўлмаганда “судланган” деган ном берилиши керак. Ёки қаердадир уни аввал ҳам шу ишни содир этганлигини қайд этиш керак. Қайта содир этаверса унга оғирлаштирувчи модда бўлиши керак. Чунки мана 1 йил ўтди ва шу вақт ичида биз шу муаммоларни кўриб чиқдик” дейди Қуролова.

Жамоатчилик фаоли Ақида Моҳирова айрим ҳолатларда статистикани сунъий камайтиришга уринишлар ҳалият борлигини айтди:

“Балки статистика бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Чунки бутун республикани билмаймиз, кўп аризалар профилактика инспекторларининг хонасида ҳал қилиниши мумкин. Энг кам мурожаат Тошкентда, асосан ҳудудларда кўпроқ учрайди. Зўравонликка учраган, ўзининг ва болаларининг ҳаёти хавф остида қолган аёллар участка нозирлари аризасини қабул қилмагандан кейин менга қўнғироқ қилишади.

Бизда шунақа тенденция борки, қонунни ўрнига юқори турувчи раҳбарларнинг гапи, яъни статистикани оширмаслик назарда тутилади. Бу нафақат зўравонлик, жиноятчиликда, суицидда ҳам кўзга ташланади. Қайси ҳудудда булар кўпайиб кетса, сариқ, кейин эса қизил ҳудудга айланаркан. Ва уларга хайфсан берилади, яна такрорланса улар ишидан айрилишади. Шунинг учун сунъий равишда статистикани тушириш ҳам учрайди.

Қачонки жамиятда маълум бир шахсларнинг, раҳбарларнинг гапи эмас - қонун ишласагина натижа бўлиши мумкин. Бу қонуннинг қабул қилингани жудаям яхши. Ўрта Осиёда Ўзбекистон биринчи бўлиб қабул қилди бу қонунни. Ўшанда Қирғизистон ва Қозоғистон фаоллари шундай қонун қабул қилинишини талаб қилиб намойишлар ўтказишганди. Бугунга келиб Бешимбаев ортидан қабул қилинди.

Мен бир амалиётчи сифатида айтаманки, кўпинча жамоатчилик фаолларига мурожаат қилишади ва улар бу масалани кўтаргандан кейингина эътибор қаратиляпти. Масалан, аризаларини қабул қилмаслик, ҳимоя ордерларини бермаслик каби. ОАВга чиққандан кейин 2 ҳафтада берилмаган ҳимоя ордери 2 соатда берилади”.

Зўравонликка учраган хотин-қизлар ИИБга “ўз ҳуқуқини билиб мурожаат қилиш”лари, 80 %и шилқимликка учраётган, ўзлари учун курашаётган аёллар ва бошқалар ҳақида суҳбатнинг тўлиқ шаклида танишиш мумкин.

Мавзуга оид